Айни дам «Барселона»нинг бошдан кечираётган инқирозли даври клуб мухлисларини ажаблантиришда давом этади. Мавсум бошида жамоа етакчиларидан бири Жерар Пике қуйидаги сўзларни айтиб ўтган: «Буларнинг барчаси ўткинчи даврлар. Барса - бу Барса. Ҳали биз қайтамиз!»
Албатта, футболчининг гапларида жон бор, лекин негадир ҳали ҳам ёқимсиз натижалар давом этмоқда. Асосий гап шунда. Клубнинг жорий мавсум Чемпионлар лигасидаги биринчи учрашувидан сўнг томошабинларнинг мураббийга бўлган танқидлари кескин кўпайиб кетди. Учрашув давомида муттасил ҳайқириқ ва оҳанглар орқали аччиқ кулги янграганини барча ҳис қилган бўлса ажаб эмас. Бу ерда мухлисларнинг ҳатти-ҳаракатларининг майдонда бўлаётган воқеаларга умуман алоқаси йўқ эди. Томошабинлар шунчаки ўзлари учун бошқа ўйин топишга ҳаракат қилишарди. Улар ўзларининг 90 дақиқа вақтларини трибунада ўтказишни хоҳлашмади, бу уларнинг кўзларидан ҳам билиниб турарди.
Баҳсда «Барселона» 0:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Ушбу натижа клуб тарихидаги Чемпионлар Лигаси доирасидаги илк мағлубият эди. Каталонияликлар бунга қадар ўз майдонида 38 баҳсдан бери мағлубиятга учрамай келаётган эди. Шунингдек, жамоа рақиб дарвозасига бирорта ҳам аниқ зарба бера олмади. Бу натижа ҳам клуб антирекорди ҳисобланади.
Лекин бу тасодифий хатолар эмас, балки анча олдин бошланган жараённинг натижасидир. Трибунада ҳеч ким таблодаги ҳисобдан ҳайрон қолмади. Дарҳақиқат, рақиб чиндан ҳам кучли - «Бавария» эди. Охирги марта, 13 ой олдин, немислар «Барса» дарвозасига саккизта гол уришгани барчанинг ёдида. Қизиқ томони, жамоа ўша ўйинда қатнашган барча ҳужумчиларини йўқотди: аввал Суарес, кейин Месси, кейин эса Гризманн. Ансу Фати эса жароҳати туфайли майдонга туша олмади, худди Дембеле каби. Энди эса Агуэро ва Брайтуэйт барчанинг диққат марказида.
Яна ўша Пикега тўхталамиз. У ўйиндан кейин норозилигини ҳеч кимдан яшириб ўтирмади. «Бу ўйинда 18 ва 17 ёшли болалар иштирок этишгандек гўё. Ростини айтсам, биз фаворитга ўхшамаймиз ва бу айни ҳақиқат».
Жамоа бош мураббийи Рональд Куман журналистлар билан гаплашганда, улар ундан сардорининг сўзлари ҳақида фикрини сўрашди. Куман буни тан олди. Мутахассис топ клублар орасидаги фарқ ҳақиқатан ҳам катта эканлигига урғу берди. Шундан сўнг Каталония газетасида «Аччиқ ҳақиқат» сарлавҳаси остида мақолалар чиқа бошлади.
Энг ачинарлиси шундаки, «Барса» футболчилари буни хотиржам ҳолда, жимгина бошини қуйи солиб қарши олди. Жамоанинг ҳозирги ўйинларида ҳам қандайдир ички исён етишмаяпти. 20 дақиқа давомида «кўк-анорранглилар» рақибларига яхшигина қаршилик кўрсатди. Ҳеч бўлмаганда, ноаниқ зарбаларга қарамай тўпга назорат кўрсаткичлари пасайиб кетмади. Ажабланарлиси, «Барса» энди аввалгидек кутилмаган тарзда «чуқурлар»га тушиб қолмаяпти. Жамоани енгиш учун энди «Энфильд»даги минглаб мухлисларнинг мадади ҳам керак эмас. Ўйинлар бошланишидан олдин ҳам футболчиларнинг камчилигини аниқлаш қийин бўлмаяпти.
АS журналисти Санти Хименес нашрда «Барса» учрашувларни мағлуб ҳолда бошламоқда дея чиройли мақола келтиради. Ўша куни немисларга вазиятни ўзларига оғдириш учун биргина зарба етарли бўлди. Томас Мюллер ҳисоб очиши билан кўпчилик «Барселона»нинг мағлубиятини олдиндан тахмин қилганди. Жамоанинг «Бавария» билан олдинги баҳсдан фарқи бу сафар фақатгина 8 та гол урилмаганида бўлди холос. Бироқ вазият ўша-ўша.
«Барса»нинг собиқ бош мураббийи Эрнесто Вальверде ўзининг машҳур иборасини журналистлар олдида тез-тез ишлатар эди - «Биз бор масаллиқдан фойдаланяпмиз». Дарҳақиқат, даҳшатли трио бор пайтлар бу гаплар айтилдими, демак, ҳозир Куманнинг вазиятини бемалол ҳазм қилса бўлади. У кескин келган авлодлар алмашинувини билдирмасдан тугаллаши зарур.
Клубнинг қарзлари деярли бир ярим миллиард еврони ташкил этишини барча яхши билади. Ўтган ёз бу борада фавқулодда чоралар ҳам кўрилди, ҳатто, «катта тўғон» дея айтилган Мессидан ҳам воз кечилди. Куманнинг айтишича, жорий мавсум ўтиш даври сифатида қабул қилиниши керак. Лекин «Барса» қаерга қараб кетяпти? Ва бу муддат қанча давом этади?
Оптимистлар ва реалистлар кутишга тайёр. Куман 4 ҳафтадан кейин вазият умуман бошқача бўлади деб ваъда берганидан хабарингиз бор. Пике «Барса»нинг ҳали ҳам курашишига ишонмоқда. Зарур бўлганда, жамоада кўплаб ёш футболчилар ҳам пайдо бўлади ва кимдир бундан хурсанд ҳам бўлиши мумкин. Кимдир ҳатто Куманнинг тактик режаларидан мамнун. Аммо бу вазиятни осонлаштирмайди. Жамоа президенти Лапорта барча мухлисларни сабрли бўлишга чақирди. Бироқ ҳолат ҳадеганда ўзгарадигандек эмас. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.