Кеча ЕЧЛ гуруҳ баҳсларининг қолган ўйинлари ҳам ўтказилди. Унда бир қатор кутилмаган натижалар қайд этилди. Шулардан бири бу кимсан, «Барса»нинг «Бенфика» майдонига сафари ва мағлубияти эди. Куман шогирдларининг Португалиядан йирик, 3-0 ҳисоби билан қайтиши, уларни гуруҳда энг сўнгги, тўртинчи ўринга тушириб қўйди. Молиявий муаммолар гирдобидаги клуб ёзда Лионель Месси ҳамда Антуан Гриманни йўқотгач, янги мавсумни гўёки, қўрқинчли тушдек бошлади. «Кўк-анорранглилар» кеча «Эстадио Да Луз» ўйингоҳида қийналишди. Бунга бир сабаб эса 32 дақиқада клуб афсонаси Жерар Пикенинг алмаштирилиши эди. Шундан кейин унинг жамоадошлари ҳимоядаги муаммо билан қарийб яна бир соатни ўтказишга мажбур бўлдилар.
Саросимада қолган Куманнинг қарори худди тактика ишлатгандек туюлди. Негаки, у 34 ёшли ҳимоячини унинг ярим ёшига тенг бўлган ҳужумкор футболчи билан алмаштирган эди. Ўзи умуман каталонияликлар ушбу ўйинни қийин бошлашди. Рақиб ҳужумчиси Дарвин Нуньес атиги 3 дақиқадаёқ ҳисобни очган эди. Бундан кўп ўтмай, Пике сариқ карточка олади. 30 дақиқада эса бош ҳакам Даниьел Орсато ҳимоячига иккинчи сариқни ҳам кўрсатишига бир баҳя қолди. Шундан кейин Куман Пике билан таваккал қилмаслик керак деган қарорга келиб, уни тезда алмаштирди ва унинг ўрнига 17 ёшли ярим ҳимоячи Гавини ташлади. Шундан кейин «Барселона» тўртталик ҳимоя қўрғони билан баҳсни давом эттирди.
Роналд Куманнинг баҳс давомида қилган ўзгаришлари ва тактикаси ўйинда ўзгариш ясамади. Аксинча, «Бенфика» 69 дақиқада ҳисобни иккитага оширди. Рафа Силванинг голидан кўп ўтмай, Нуньес пенальтидан учинчи голни ҳам киритди ва ўйинга мантиқий якун ясади. Испанияликларни ўйинидаги муваффақиятсизликларни Люк де Ёнгнинг яққол вазиятдан фойдалана олмагани ҳамда «Сити»дан ташриф буюрган Эрик Гарсиянинг ўйин охирида қизил карточка олганлигида кўришимиз мумкин эди. Шу тариқа янги мавсумда Куман истеъфога чиқадиган мураббийлар рўйхатида биринчи қаторларни банд эта бошлади. Унинг «Барса»си ЕЧЛда ҳали очко тўплай олмади, ички чемпионатда эса 6 та турдан кейин 12 очко билан 6 ўринда бормоқда.
Куман жамоаси Месси эрасидан кейин пастга қараб «шўнғиган» бўлса ҳам ўзининг позициясида қатъий турибди. Бу ҳақда нидерландиялик мутахассис шундай дейди: «Олдинги ва ҳозирги «Барселона»ни таққослаш адолатдан бўлмайди. Мен клуб футболчиларидан фақат қўллаб-қувватлашни ҳис қиламан. Клуб томонидан эса билмадим...»
Шунингдек, нидерланд футболчиси де Ёнг бунга қўшимча қилди: «Менимча, мураббийни ўзгартириш ечим бўла олмайди. Буни бошқа йўлини ўйлаш лозим».
Ўйин давомида жароҳати бўлмаса ҳам алмаштирилган Пикега келадиган бўлсак, ўн йилдан ортиқ вақт давомида у «Ноу Камп»да зафарли онларни бошдан кечирди. Ҳозир эса унинг ўйини пасая бошлади. ЕЧЛнинг тўрт карра соҳиби бўлган ҳимоячи яқин беш йил мобайнида жаҳон, Европа ва ҳатто, Ла лиганинг мавсум рамзий терма жамоасига киритилмаяпти. Бу кўп нарсани англатади. Балки «Барселона» клубини тубдан ислоҳ қилиш пайти келгандир? Балки, буни ҳозирдан бошлаш керакдир? Яна ким билади дейсиз...
Хулоса қилиб айтганда, клуб инқирозга юз тутган. Бу нафақат молияда, балки футболчилар руҳияти ва ички муносабатларда ҳам сезилаяпти. Агар шу кетишда давом этса, бу клубни мавсум ярмида Европа лигасида кўриб қолишимиз ҳам ҳеч гап эмас.
инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси