«Рома» ҳужумчиси Элдор Шомуродов Конференциялар лигаси гуруҳ босқичи доирасида бўладиган «Заря»га қарши ўйин арафасида украиналик журналистларга интервью берди.
– Ўтган учрашув сиз учун муваффақиятли бўлмади. "Заря"га қарши ўйинда янги куч билан майдонга тушиш ва ўз даражангизни намойиш этиш иштиёқи борми?
– Сўнгги учрашув оғир кечди, биз уни таҳлил қилдик, ўз хатоларимизни ўргандик ва уларни тўғирлашга ҳаракат қилдик. Майдонда амалга оширишимиз керак бўлган вазифаларимиз бор. Бор эътиборимиз эртанги баҳсга қаратилган.
– Ўзбек футболи ўз ўйинчилари билан танилган: илгари Максим Шацких Украина чемпонатида яхши иштирок этган бўлса, кеча ватандошингиз Жасурбек Яхшибоев «Шериф» жамоаси сафида "Реал" дарвозасига гол урди. Энди эса барча сизни бошланғич таркибда майдонга тушишингизни кутмоқда. Сўнгги пайтларда «футбол» ва «сенсация» иборалари синонимга айланиб қолмоқда. Шу боис, рақиб "Рома"ни мағлуб этиши мумкинми?
– Бизни қизиқарли ўйин кутиб турибди. Ҳар бир жамоада ғалаба бўлган иштиёқ юқори. Биз эса ижобий натижага эришиш учун бор кучимизни берамиз.
– Рим дербисидан қандай ҳиссиётлар қолди? Конференциялар лигаси мусобақасига, хусусан, «Заря»га қарши ўйинга қай даражада мослаша олдингиз?
– Дерби — ҳамиша эътиборга молик воқеа. Футболда ҳамма нарса рўй бериши мумкин. Бизни энди бошқа ўйин кутмоқда. Шу боис, аввалги баҳсни унутдик.
– Аввал ҳам Украинада бўлганмисиз? Сизни ушбу юрт билан нима боғлаб туради?
– Ҳеч қачон Украинада бўлмагандим, аммо бу ерга келганимдан хурсандман. Украина терма жамоаси кучли футболчилардан тузилган. Чемпионатда ҳам маҳоратли футболчилар кўп.
– Сиз ўзбек футболи юлдузисиз, аммо Жасурбек Яхшибоев "Реал"га гол уриб, сиздан бироз ўтиб кетди. Бу борада қандай фикрдасиз?
– Бундай кучли жамоага гол ургани мени яхши маънода ҳайрон қолдирди. Бундан албатта хурсанд бўлдим. Аммо мен ўзимни юлдуз деб ҳисобламайман. Ўзбекистонда мендан яхшироқ ўйин кўрсатадиган футболчилар кўп.
– "Женоа"дан сўнг «Рома»га мослашиш жараёни қандай кечди?
– Бунгача Италияда ўйнаётганим фойда берди. Шу боис, янги жамоага мослашишим нисбатан енгил кечди.