"Манчестер Сити" клуби ҳужумчиси Карлос Тевес беш ойдан кейин илк марта "Сити" либосида майдонга тушиши мумкин. 28 февраль куни "шаҳарликлар"нинг ўринбосарлар таркиби "Престон"га қарши учрашувда майдонга чиқади. Ушбу учрашувда Тевеснинг майдонга тушиши кутилмоқда.
Тевес ўтган ҳафтада жамоа ва мухлислардан Европа Чемпионлар Лигасида "Бавария" билан бўлиб ўтган ҳолат учун узр сўраб расмий баёнот бериб ўтганди. Учрашувдан кейин жамоа раҳбарияти футболчини узоқ вақт ўйинлардан дисквалификация қилганди.
Жамоа бош мураббийи Роберто Манчини аргентиналик футболчини кечирган ва: " Ҳозир бемалол айтишим мумкин. Унинг узрномасини қабул қилдим. Аниқроғи унга "Манчестер Сити"да яна бир бор ўзини кўрсатиш имкониятини бераман. Ўйлашимча, Тевес икки-уч ҳафта машғулотларда иштирок этиши керак. Ўшанда унинг қандай ҳолатда экани аниқ бўлади. Икки-уч ҳафта ўйлашимча, етарли муддат", дея таъкидлаб ўтганди.