12 сентябрь санаси 560 кундан кейин бағрини яна мухлисларга очган «Сантьяго Бернабеу» чинакам футбол байрами ўчоғига айланди. Мухлислар айниқса, ўша оқшом ҳам гол уриб, ҳам ажойиб ўйин кўрсатган Винисиус Жуниор (Винисиус Жозе Пайшан де Оливейра)дан бениҳоя хурсанд бўлишди. Айни пайт профессионал фаолиятидаги энг яхши шахсий ва жамоавий лаҳзалардан баҳра олаётган бразилиялик ҳужумчи эса ўйиндан кейин AS нашрига интервью бериб, бир гапни алоҳида таъкидлаганди: «Равон йўлга тушиб, голлар ура бошлашимни билардим». Винисиус шундан кейин маълум вақт сукут сақлади ва ўтган сешанба куни ЧЛ доирасида «Шахтёр»га қарши кечган учрашувда қандайдир 6 дақиқа оралиғида «дубль» расмийлаштирди. Демак, «Реал»нинг бразилиялик ҳужумчиси аввалги ой голлар урадиган вақти яқинлашаётгани ҳақида бежиз гапирмаган экан.
- «Сельта»га қарши баҳсдаги ҳаракатингиз кўпчилик эътиборини тортди. Зеро, «Бернабеу»да, мухлислар қаршисида охирги марта 2020 йилнинг 1 март куни «Барселона» билан бўлган ўйинда гол қувончини туйган эдинсиз. Жонажон аренага қайтиш эса сиз учун худди фильмдагидек бўлди...
- Ҳа, ҳаммаси ғайриоддий. Мухлисларимиз ўйин давомида бизни қўллаб-қувватлашдан чарчамасликларини билардик. Айниқса, биринчи бўлим 1:2 ҳисобида якунлангач, мухлислар далдалари муҳимлигини тушундик. Қисқаси, уларнинг ёрдамлари ҳал қилувчи амаҳиятга эга. Футболчи майдонда мухлислар меҳрини ҳис қилса, ҳаммаси анча осонлашади.
- Пандемия туфайли орада анча вақт «Альфредо ди Стефано» аренасида, боз устига, бўш трибуналар остида ўйнашингларга тўғри келди. Вальдебебасдаги ўша сукунат қанчалик қўрқув уйғотди?
- Тан олиш керак, Вальдебебасда дарҳақиқат, роса қийналдик. Хусусан, Бразилияда ҳамиша эҳтирос ва футбол бирга, мен шунақа манзарага ўрганиб қолганман. Трибуналар шовқини - ўзига хос куч манбаи. Ишонаманки, энди совринлар йўлида тетикроқ кураш олиб борамиз.
- 2018 йили «Бернабеу» сизни ўта илиқ кутиб олганди. Лекин бу ерда Зидан ва ҳаттоки, Криштиану Роналду каби афсоналарга ҳам ҳуштак чалишган...
- Менга нисбатан яхши муносабат шаклланганидан хурсандман, албатта. Ўйлайманки, бу ўйин услубим билан боғлиқ. Чунки одатда ҳеч қачон орқага чекинмайман. Бордию, бирор ҳаракатим иш бермаса, яна уриниб кўравераман. Тушунарлики, мухлисларнинг илиқ муносабатлари узоқ йиллар давом этишидан ҳам умидворман.
- 18 ёшдаёқ Сантьяго Солари қўл остида вертикал футбол билан «Бернабеу»ни бир неча марта оёққа турғизгансиз. Ҳозирги ўйинингиз эса горизонтал кўринишда, тўпни кўпроқ назорат қилишга қаратилган. Бу услуб Бразилия кўча ва соҳил футболи маданиятидан ўтганми?
- Бу ерда ўзимни худди Бразилия кўчаларида тўп тепаётгандек ҳис қиляпман. Ахир биз - бразилияликлар аввало, завқланиш учун ўйнаймиз.
- «Сельта» дарвозасига гол ургач, уни нишонлаш учун мухлислар томон сакрадингиз. Айни шу ҳаракатингиз кўп танқид қилинди...
- Тўхтанг, шунчаки, эҳтиросларга берилдим. Ахир узоқ вақт мухлислар олдида ўйнолмадик. Аслида бу бутун «Бернабеу» билан қучоқлашиш эди. Ўша мухлислардан ҳеч бирини шахсан танимайман - бу биз билан бирга бўладиган барча фанатларга аталган оғуш.
- Ҳозир осонгина голлар уряпсиз, илгари кўпинча қийинчиликка дуч келардингиз. Ўзгаришнинг сири борми?
- Барчаси машаққатли меҳнат, Вальдебебасдаги кўп соатлик машғулотлар самарасидир. «Реал» сафига қўшилганимдан буён мен учун кетма-кет голлар урадиган вақт келишини айтиб келаман. Жорий мавсум бошидан ўзимни ҳар томонлама яхши ҳис қиляпман. Чунки бош мураббий ишончини яққол сезяпман.
- Анчелотти сизга шундай ишонч бағишлаш учун айнан нима қилди?
- Унинг айтишича, дарвоза томон зарба беришдан олдин тўпга бир ёки икки марта тегиниш етарли. Бу айнан мен учун муддао. Қанча кўп имконият яратсак, шунча кўп гол урамиз. Умуман, дон Карло Вальдебебасда мен билан кўп ишлади ва ривожланишимга ёрдам бермоқда.
- Статистикага қарасак, деярли ҳар иккинчи зарбангиз гол билан тугамоқда...
- Ишонч - ҳужумчи учун асосий омил.
- Ишончни мустаҳкамлаш учун спорт психологлари ёки алоҳида мутахассисларга ҳам мурожаат қилдингизми?
- Йўқ, чунки ҳеч қачон ишонч масаласида муаммога дуч келган эмасман. Дейлик, «Фламенго»да жуда кўп гол урардим. Хуллас, «Мадрид»да ҳам эртами-кеч голлар келишини билардим. Бу томондан мутлақо хотиржамман ва ҳозир фақат қандай гол уриш ёки ассистентлик қилиш ҳақида ўйлаяпман.
- Мадриддаги ҳаётингиз қандай?
- Бу ерда оиламиз жам: укаларим билан бирга яшайман. Шаҳарни ва мадридликларни яхши кўраман. Ўзимни уйдагидек эркин сезаман. Қолаверса, шахсий физиотерапевтим мен билан бирга, кечқурун жисмоний ҳолатни яхшилаш учун уйда ҳам ишлаймиз. Оддий айтганда, ўзимга жиддий эътибор қаратяпман.
- Ёзда етарли амалиёт ҳосил қилиш ва тажриба орттириш учун сизга Примеронинг бошқа бирор яхши жамоасига ижара келишуви асосида боришни тавсия этишганди. Лекин бундай вариантдан сўзсиз воз кечдингиз.
- Ҳамиша клуб президенти ва доимо қўллаб-қувватлайдиган мухлислар ҳурмати фақат «Реал»да муваффақият қозонишни хоҳлайман. Оилам узоқ йиллар Мадридда қолишини ҳам. Бошқаси қизиқ эмас. «Реал»да бир неча мавсум ўйнаб, кўплаб ютуқларга эришган футболчилар етарли. Мақсадим - шундай афсоналар қаторидан жой олиш.
- «Қироллик клуби»да Роберто Карлосдек афсонавий ватандошингиз бор. Яна Каземиронинг кийиниш хонасида сизга зарур маслаҳатлар бериб туриши ҳам маълум. Бир томонда Милитао ва Родриго каби ёшлар ҳам қўллаб-қувватлашади. Жамоада бразилияликларнинг борлиги нечоғли муҳим?
- Ҳа, ёшлик шижоати ва фахрийлар тажрибасининг уйғунлиги катта ёрдам беради. Ана, Камавинга сафимизга яқинда қўшилди, жуда ёш ва савияли ўйинчи, яна Феде Вальверде, Родриго, Мигель Гутьеррес ҳам бор... Ёшлар гуруҳи - «Мадрид» келажагини кафолатлайди.
- Аммо ўзингиз 21 ёшда аллақачон фахрийлар гуруҳига қўшилдингиз. Ҳар ҳолда, «Реал»да 4-мавсумни ўтказяпсиз, жамоа либосидаги ўйинларингиз сони эса 120тадан ошди. Чиндан ҳам, жамоанинг янги ёш футболчиларига намуна бўла оласиз...
- «Реал» либосини 18 ёшли ўсмирлик чоғи кийдим. Ўшандаёқ барчасини теран ўйлаган ва охир-оқибат, Марсело, Серхио Рамос ва Карим Бензема каби бу жамоада узоқ йиллар ўйнашимга ишонгандим. Шубҳам йўқ, жамоанинг ҳозирги куни ва келажаги порлоқ. Фақат биз - ёшлар фахрийлардан сабоқ олишда давом этсак, бас. Муваффақиятли иш формуласи шу.
- Анчелоттининг салоҳиятингизга шубҳа қилмаслиги исботи шуки, у сизни одатда севимли позициянгизда ўйнатмоқда...
- Жаноб биз аслида янада кўпроғига қодирлигимизни яхши билади ва кучли томонларимиздан максимал даражада фойдаланишни хоҳлайди. Дейлик, «Сельта»га қарши баҳсда Эден ва Карим билан кўп нарсаларни бирлаштирдик ва бу ҳолат ишимизни анча енгиллаштирди.
- Умуман, «Сельта» дарвозасига ўта совуққонлик билан гол урдингиз. «Леванте»га қарши ўйинда ҳам ҳам худди шундай бўлганди...
- Такрор айтаман, агар ўзингизга тўлиқ ишонсангиз, ҳаммаси одатдагидан осонроқ кечади. Ўша вазиятга олдиндан тайёргарлик кўргандик. Каримга танаффус пайти ҳам баралла гапиргандим: «Тўпни қабул қилганинг билан йўлимга ташлаб бер, қолганини кўраверасан». Қисқаси, мутлақо хотиржам эдим, дарвозабон олдига ёлғиз чиқиб бордим, кейин бироз тин олдим ва тўпни қарама-қарши бурчакка йўналтирдим.
- Келинг, Бензема ҳақида ҳам гаплашайлик. Энди сизларда тўлиқ уйғунлик бор: бирга тушган фотосуратларни ижтимоий тармоқларга жойлаштиряпсизлар. Аммо ўтган йили Бензема ва Менди ўртасидаги суҳбатни ёзиб олишда жиддий муаммоларга дуч келгандингиз...
- Карим билан ўйнаш - роҳат. Умуман, болалигимдан унинг ашаддий мухлисиман. Шундай экан, Бензема ёнида ўйнаш - катта бахт. У тарихдаги энг яхши футболчилардан бири ва ҳар доим атрофидаги йигитларга ёрдам беради. Албатта, ҳозирда бирга ўйнаётганимиздан бағоят хурсандман. Карим билан майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам яхши чиқишаман. Дейлик, муваффақиятга эришишим номаълум бўлган пайтлар ҳам мендан ёрдамини аягани йўқ. Умуман, майдонда жуда кўп гаплашамиз.
- Ҳамюртингиз Марсело ҳам «Реал» сафига айнан 18 ёшида қўшилганди...
- Яхши ҳолатдаманми ёки йўқ, у ҳар доим қандай маслаҳат беришни билади. Ахир тажрибаси жуда катта. Марсело шунингдек, у каби бу ерда кўп йиллар давомида ўйнашим кераклигини алоҳида таъкидлайди. Умид қиламанки, худди шундай бўлади.
- Испания фуқаролигини олиш жараёни қандай кечмоқда?
- Менимча, масала ҳал бўлишига оз қолди - ҳозир кутяпмиз. Қалбан бразилияликман, лекин Испанияда кўп йиллар яшаш орзусидаман. Умуман, ҳозирданоқ ўзимни испандек ҳис қила бошладим қайсидир маънода.
- Бразилия миллий жамоаси таркибида рақобат кучли эканлигига қарамай, Тите ишончига ҳам кириб, асосий таркибдан жой ола бошладингиз.
- Агар «Реал»дек клубда мунтазам ўйнаб, имкониятингизни тўлиқ кўрсата олсангиз, унда терма жамоа таркибига киришингиз анча осон. Мен билан худди шундай бўлди.
- Пичичи соврини учун курашда Бенземага қарши чиқишга журъатингиз етадими?
- Умид қиламанки, бундан кейин янада кўпроқ гол ураман, лекин шунинг баробарида Каримнинг статистикаси янада яхши бўлишига ҳам ёрдам бераман.
- Кўп сонли мухлисларингизга тилакларингиз...
- Менга берган муҳаббатлари учун улардан чексиз миннатдорман. Мухлислар ҳар доим биз билан биргалар. Улар билишсинки, энг яхши онлар ҳали олдинда.
МУҲАММАДХОН тайёрлади