Яқинда португалиялик мураббий Жозе Моуриньо фаолиятидаги 1000-ўйинини ўтказди. Эҳтимол, ушбу мутахассиснинг юлдузли онлари ортда қолгандир, аммо замонамизнинг энг яхши мураббийлари билан солиштирганда, у қанчалик муваффақиятли шахс ҳисобланади? Ҳозир мазкур саволга жавоб қидиришнинг айни фурсати.
Энг осон услуб - мураббийларни қўлга киритган соврини, ғалабалари фоизи ёки тўплаган очколарига қараб баҳолаш. Лекин ҳар бир совриннинг ўз қиймати бор - ҳаттоки, муайян лигада ҳам. «А» серия-2007|2008даги ғалаба «А» серия-2021|2022даги ғалабадан фарқланади. Ютуқлар ва тўпланган очколар фоизи ҳам бирламчи кўрсаткич эмас. Ҳар бир ўйиндаги ҳар бир очконинг аҳамияти турлича бўлади. Шундай экан, келинглар, вазифани бироз мураккаблаштирамиз. Идеал услуб йўқ, аммо шунга яқинроғи бор - ФИФА рейтингида ишлатиладиган Эло методикаси.
Қисқача тушунтириш. Эло рейтинги - рақиб кучи ва ўйиндаги голлар фарқидан келиб чиқиб белгиланадиган баллар тизими. Рейтингнинг плюс томони: рақиб кучи инобатга олинади. Минус томони: фақат натижа баҳоланади, ютуқнинг қандай қўлга киритилгани эмас. Клублар рейтинги билан Моуриньо фаолияти ўртасида қандай боғлиқлик бор? Ҳаммаси оддий. Жамоаларнинг Жозе келишидан аввалги рейтингини оламиз ва «Беназир» ишлаган пайтдаги ўзгаришларга назар соламиз.
** Натижалардан кўриниб турибдики, Жозенинг чўққиси - Мадриддаги фаолияти. «Реал»даги иккинчи мавсумида Ла Лигада Пеп бошчилигидаги «Барса»ни ортда қолдирди, Испания кубогини қўлга киритди, уч марта ЧЛ ярим финалига чиқди. Ҳа, Испанияда «Челси»даги каби маҳаллий совринлар, «Интер»даги каби Чемпионлар Лигаси бош совринига эга бўлолмади. Аммо ҳеч қаерда ички чемпионатда бундай жиддий рақобатга дуч келмаганди.
** Моурнинг кейинги фаолияти пасайишлардан иборат бўлди. «Реал»дан сўнг кучсизланган «Челси»ни (2007 йили нисбатан кучлироқ жамоани ташлаб кетганди) қабул қилди, ҳатто АПЛда ғолиб чиқди. Аммо турли можароларга ўралашиб қолиши оқибатида декабрда жойини бўшатди. Жозега теккан «МЮ» ҳам кучсиз эди, шундай экан, у ердаги фаолиятни муваффақиятсизликка йўймаймиз. «Қизил иблислар» билан Европа Лигасида зафар қучди, жамоани юқори позицияларда қолдирди.
** Почеттинодан кейинги «Тоттенхэм» Моур «МЮ»сидан кучлироқ эди, лекин у ерда барқарор натижаларга эришишнинг имкони бўлмади.
** Муҳим жиҳат: Жозе ҳеч қачон ишлари юришиб турганда кетмаган ва натижаларнинг пасайишини кутган, иккита ҳолат истисно - «Порту» ва «Интер». Ўз навбатида, у деярли барча клубларни аввалги аҳволидан яхшироқ ҳолатда ташлаб кетган. Иккита истисно: «Челси»даги иккинчи уриниш ва «Тоттенхэм».
ЖОЗЕ АФСОНАЛАРГА ҚАРШИ
Энди Моуриньонинг фаолияти замонавий футбол афсоналари фонида қандай ривожланганига эътибор қаратамиз. Афсонавийлик борасида барчанинг қарашлари турлича, биз France Football рўйхатининг юқори поғоналаридан жой олган мураббийлар билан солиштирамиз. Иккита шарт: улар 20 йилдан ортиқ, шунингдек, XXI асрда учтадан ортиқ тўлиқ мавсумда ишлаган бўлишлари керак. Нисбатан узоқроқ тарихга кейин юзланамиз.
Биринчиси - сэр Алекс!
Фергюсоннинг «МЮ»даги фаолияти бир текис давом этган, айрим пасайишларни инобатга олмасак, асосан ўсиш кузатилган. Сэр Алекс натижалар борасида фақат XXI асрнинг дастлабки ўн йиллиги охирида Моуриньо «Челси»си даражасига чиқиб, ҳатто уни ортда ҳам қолдирди. Аммо «Беназир»нинг «Реал»даги кўрсаткичларга ета олмади. Аммо бу Моуриньо шотландиялик ҳамкасбидан олдинда эканлигини англатмайди. Фергюсоннинг фаолиятини такрорлаш учун португалиялик мутахассисдан яна 10 йилдан ошиқ вақт мобайнида юқори даражада ишлаш (ЕЧЛ фаворитларидан бирини бошқариш) талаб этилади.
Кейингиси - Карло Анчелотти
Италиялик мутахассисни эски мактаб мураббийларидан бири деб ҳисоблашади, аммо у Моуриньодан атиги 4 ёшга катта, холос. Худди Жозе билан бўлгани каби, унинг фаолияти чўққиси ҳам «Реал» билан боғлиқ. АПЛга кетганидан кейин Анчелотти учун ҳали ҳаммаси олдинда, деган тасаввур уйғонганди, «Эвертон» «Реджана»даги фаолиятидан кейинги энг кучсиз клублардан бири бўлди. Аммо айни пайт Анчелотти яна катта жамоани бошқармоқда.
Луи ван Гал
Старт Жозе фаолиятининг ибтидосидаги каби ёрқин. Ла Лигадаги икки соврин, «Бавария» билан Бундеслигадаги гегемонликка қарамай, ван Гал 90-йиллар «Аякс»да билан эришган ютуқларини такрорлай олмади. Моуриньо унга нисбатан топ-даражадаги ўрнини узоқроқ вақтга сақлаб қолди. Энди эса, португалияликнинг ҳозирги фаолияти Луининг сўнгги йиллардаги фаолиятини эслатмоқда.
Фабио Капелло
Фаолият стартидаги тафовут сезиларли: Капелло «Милан» бош мураббийлигига мавсум-86Ғ87 охирида келиб, Нильс Лидхольмнинг ўрнини эгаллади, аммо кейинчалик Фабиога бу жойни ишонишмади ва у бир неча йил клубда бошқа лавозимларда ишлади. Моуриньо ва Капелло фаолияти солиштирилган диаграммага эътибор берилса, «Беназир» дастлаб Капелло «Милан»и даражасига чиқолмаганини кўриш мумкин. Бироқ кейинчалик италиялик мутахассис фаолиятида пасайиш кузатилиб, «Милан»да ҳам, «Реал»да ҳам, «Рома»да ҳам, «Ювентус»да ҳам аввалги даражага чиқолмади.
Якун: Жозе барқарорлик бобида биз танлаган афсоналарни ортда қолдирган. Энди эса, келинг, Моуриньони юксак даражада ишлаган ва ишлаётган бошқа мураббийлар билан солиштирамиз. Умумий рейтингга эътибор қаратсак, Жозенинг жиддий рақобатчилари пайдо бўлгани, уларни мақола бошида адолатсиз тарзда назардан четда қолдирганимизни кўриш мумкин.
ЖОЗЕ ЗАМОНАМИЗ ТОП-МУРАББИЙЛАРИГА ҚАРШИ
Демак, саҳнада Пеп Гвардиола, Жозе Моуринью, Антонио Конте ва Юрген Клопп.
Германиялик мураббий фаолият юритган давр Моуриньоники билан деярли бир хил, аммо турли сабабларга кўра, Клопп «Беназир»га фақат 2018 йилга келибгина яқинлаб, ҳозирда ўзиб ҳам кетди. Аммо топ-даража ҳақида гап кетганда, Моуриньонинг бу борада узоқроқ ушланиб турибди.
Лекин Пеп Гвардиоладан узоқ эмас. Каталониялик мутахассиснинг старти ўзгача чиққан - юқори тўртликда ҳеч кимга асримизнинг дастлабки ўн йиллиги ўрталарида «Барса» даражасидаги жамоа насиб қилмаган. Муҳими, Гвардиола жамоани янада кучайтирди, айниқса, унинг Мюнхендаги фаолияти билан солиштирганда - Пеп карьерасининг 6 ва 9-йиллари орасидаги пасайиш шу билан изоҳланади.
Антонио Конте билан боғлиқ ўзига хос жиҳат - италиялик мутахассис қўл остида ҳеч бир жамоа кучсизланмаган, у тўртта жамоани энг гуллаган даври ташлаб кетган («Бари», икки марта «Ювентус», «Интер»).
Харажатлардан кейинги натижалар
Замонамизнинг 50 нафар мураббийи жойлашган рейтингни олиб, барчаларининг трансферларга қанча пул сарфлашганига эътибор қаратамиз.
** Моуриньо - сарфлар бўйича рекордчи, аммо у эришган натижалар харажатларга арзийди.
** Гвардиола - сарфлар бўйича иккинчи, аммо унинг жамоаси манфаати учун сарфланган ҳар бир евро, Моуриньо жамоалари билан солиштирганда, нисбатан кўпроқ самара келтирган.
** Массимилиано Аллегри - ҳозирча сарфлар ва натижалар солиштируви бўйича энг ёмон кўрсаткич соҳиби. Унга яқинроқ ҳудудда Арсен Венгер бормоқда. Клопп, Симеоне, Конте ва Зидан эса энг юқори самарадорлик соҳиблари, шунга ўхшаш кўрсаткич Ральф Рангникка тегишли (балки, фаолиятини янгилар?).
Айрим хулосалар
** Эло рейтинги кўрсатмоқдаки, Моуриньо аксарият афсоналардан олдинда, бироқ замондошлари иштирокидаги пойгада имкониятлари пастроқдек. Эҳтимол, бу футболдаги инқилоб билан боғлиқдир - ҳозир мураббийларда нафақат ўз уйларида, балки бутун Европа бўйлаб саёҳат уюштириб, янги чорловларни қабул қилиш имконияти мавжуд. Бир мамлакат миқёсида буни амалга ошириш қийин.
** Фақат Пеп юқори даражада узоқроқ туриш борасида Моуриньони ортда қолдирган. Умуман, ҳозир Гвардиола Жозенинг асосий рақобатчисидир, аммо яқин орада пойгага Клопп ҳам қўшилади. Германиялик порлашда давом этиб, Моуриньо пастга шўнғийверса, бунинг эҳтимоли юқори.
** Рақамлар таассуротни тасдиқламоқда - Моуриньо фаолиятининг иккинчи қисми хавотирли кўриниш олган. Учта жамоадан иккитаси унинг қўл остида пасайишга юз тутди, яна бири эса яхшигина старт олганига қарамай, якунда барқарорликка эришолмади.
Ушбу тренд Рим босқичида ўзгарар, балки?
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади