Аёллар жамоалари ўртасидаги Осиё Чемпионатида иштирок этаётган “Бунёдкор-W” бугун Иорданиянинг "Амман-W" жамоасига қарши баҳс олиб борди ва ғалабага эришди. Учрашувдаги ягона голни жамоамиз ҳужумчиси Дилдора Низомова 90+1 дақиқада киритди.
Учрашувдан сўнг ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган Умида Зоирова матбуот анжуманида иштирок этди.
— Ғалаба билан табриклаймиз. Ўйин ҳақидаги фикрларингиз.
— Табрик учун раҳмат. Биринчи ўйинда халқаро даражадаги дастлабки ўйинимиз бўлганлиги сабабли кўпроқ ҳаяжонландик ва якунда аламли мағлуб бўлдик. Бугунги ўйинда эса хатоларимиз устида ишладик, дастлабки мағлубиятни унутган ҳолда, қийин ўйин бўлишига қарамасдан ғалаба қозондик.
— Биринчи бўлимда яхши футбол намойиш этдингиз, лекин иккинчи бўлимда қизиққонлик билан ўйнадингизлар. Мураббий танаффусда нималар деди?
— Мураббий бундай кўрсатма бермади. Шунчаки, биринчи бўлимда кўплаб вазиятлардан фойдалана олмадик, шу ҳолат бизни асабийлаштирган бўлиши мумкин ва иккинчи бўлимда қандай қилиб бўлмасин ютишимиз шартлигини ҳис қилиб ўйнадик ва якунда ғалаба қозондик.
— Мухлисларга тилакларингиз...
— Бизни қўллаб-қувватлаб турган клубимиз президенти ва раҳбариятимизга, бизга мухлислик қилиб далда бераётган барчага миннатдорчилик билдираман. Биз нафақат “Бунёдкор” жамоаси учун, шу билан бирга Ўзбекистон шаъни учун ўйнаяапмиз. Шу сабабдан барча Ўзбекистон аҳлини бугунги ғалаба билан табриклайман.