Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Режа

Баҳо:
+2 | -

"Ўйин бошида гол ўтказиб юборганимиз сабабли олдиндан ўйлаб қўйган режаларимизни амалга ошира олмадик"...

М.Қосимов. “Бунёдкор” бош мураббийи.

Қалбим гапириб турар экан, ўзим сира тинч туролмайман. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Ишонинг, “Бунёдкор” – “Аделаида Юнайтед” ўйинини кўраман, деб бутун ишларимни, режаларимни ўйин вақтига мослаштирдим. Ўзиям футболни соғингандим...

Кейин, билдингиз, кўрдингиз. Шундоқ.., шундоқ воқеалар бўлди.

Лекин битта гапни айтиб қўяй, бу ўйинда ким ютди, ким ютқазди — буни муҳокама қилмайман. Мағлубият сабабларини ҳам биринчидан.., ўнинчидан, дея санаш фикрим йўқ. Қолаверса, бу ўринда гап “Бунёдкор” тўғрисида бораётгани йўқ.

Режалар мавзуси миямга чақмоқдай урилди. Нега доим мағлубиятга учрасак режамиз амалга ошмади, деб сафсата сотамиз? Бу гапни кўп эшитганмиз. Қанчадан қанча режалар чиппакка чиққан — бу ҳам янгилик эмас. Лекин нега энди тузукроқ бир режа тузиш қўлимиздан келмайди? Шунчалар нўноқмизми?

Эшитгандирсиз, Япония 2018 йилги ЖЧ да чемпион бўлиш учун дастур ишлаб чиққан. Федерация айни режа (дастур)га мувофиқ иш олиб боради. Нега айнан 2018? Жавобини ҳар ким турлича беради. Энг мақбул жавоб эса мана бу: мавжуд вазиятни, футболнинг ривожланиш йўналишларини, шунингдек, ўз имкониятларни чамалаб кўришган. Ҳақиқатга тик қарашган.

Бизда-чи?

Билишимча, бажарилиши шарт бўлган Қарорлар бор, мақсад бор, орзу бор, вазифа бор, борингки, ишонч ҳам бор, валекин РЕЖА йўқ! Мана, деб ҳаммага кўрсатадиган, икир-чикирларгача эътиборга олинган, дейлик, бирон йигирма йилларга мўлжалланган режа йўқ! Шунинг учун ҳам бизнинг терма жамоамиз, клубларимиз мураббийлар жамоаси бўлиб қоладилар. Бугун ким мураббий бўлса, жамоа ўша инсоннинг саъй-ҳаракатларига юз фоиз боғланиб қолаверади. Мураббий кетгач эса, жараён тўхтаб қолади.

Англия терма жамоаси нима учун инқироздан чиқолмаяпти? Чунки, уларда ҳамма нарса айнан мураббийга боғлиқ. Капелло тузган жамоа, бу Капеллоники. Бугун-эрта Реднапп келса, тамомила ўзгача манзара. Интизомдан тортиб, ўйинчи жалб қилишгача эрк бериб қўйилган мураббийларга. Аслида бу керак, лекин мувозанат бузилса ёмон. Тағин гап айланиб режага тақалмоқда...

Мана, Германия. Юрген Клинсман лавозимидан озод этилгач, Лёв даврида ҳам жамоа унчалик ўзгариб кетмади-ку, а, тўғрими? Энг муҳими, ички муҳитга бу ўзгариш сезиларли таъсир кўрсатгани йўқ. Негаки, мехенизм ишлаб турипти, уларда ҳаммаси бир кишига боғлиқ бўлиб қолган эмас. Ёки бугун Испанияда мураббий алмашса, эртага пақ этиб Инъеста таркибдан тушиб қолмайди, Пуйол ҳужумчи сифатида синаб кўрилмайди...

Ўзимизга қайтайлик. Мана, бизнинг “Навбаҳор” режасизликдан кўп азият чеккан жамоа. Битта мураббий билан гала-гала футболчиларнинг келиб-кетишлари, сайёр жамоалар.., айтаверсак адоғи йўқ. Бу — шонли тарихга, минглаб мухлисларга эга бўлган клубнинг тайинли бир режаси, аниқ мақсади йўқлигидан нишона. Ишонасизми, қандайдир илиқ ўзгаришларни бу йил жуда-жуда кутгандим. Лекин менга маълум бўлишича, баъзи янгиликлар (фан-клуб) дан ташқари кишига умид берувчи режадан дарак йўқ. Масалан, клуб раиси ишқибозлар билан учрашувда сўз олиб: ўртоқлар, бу йил жамоамиз камида 7 ўрин учун курашади, таркибга ози билан 5 та тарбияланувчиларимизни жалб қиламиз, ижарага ўйинчи олиб келишни камайтирамиз, бориб-бориб бутунлай тўхтатамиз, шунингдек, келаси йили кучли учликка интиламиз, яқин беш йил ичида “Навбаҳор”ни рақобатбардош, грант клубга айлантирамиз, деса нима ўзгарарди? Маркетинг соҳасида иш олиб бораяпмиз, унга кўра яқин йилларда маблағ ишлаб топишнинг мана бу турини йўлга қўямиз, деганда-чи? Умумий гапларни кўп эшитганмиз, мен аниқ дастур, муҳокама этилган, мавжуд шарт-шароитни ўрганиб амалга оширишга тавсия қилинган дастур ҳақида гапирмоқдаман.

Мураббийнинг режаси билан клубнинг режаси бошқа бошқа тушунчалар. Буни айтдим. Менинг фикримча, мураббий фақат ва фақат ўйин режаси ҳақида ўйламоғи лозим. У клубнинг ёки терма жамоанинг умумий, кўп йиллик дастурини бир ижрочиси, холос.

Яна бир гап. Мураббийлар ўйиндан сўнг режаларимиз бузилиб кетди, ўзини оқламади, унга ўзгартириш киритишга мажбур бўлдик, дейишга одатланиб қолишган. Аслида, чуқурроқ мулоҳаза қилинса, ўша ўзгаришлар-у тасодифлар ҳам режада бўлиши керак. Агар режалар бузилиб кетса, ўзгартиришга мажбур бўлинса, ўзини оқламаса нега тузилади? Нега тузасиз? Марҳамат қилиб, аввало ўзингиз бошқараётган жамоанинг ўйин режасини мукаммал ҳолатга келтиринг. Керак бўлса, Моуриньо сингари майсага чалқанча ётволиб, ўша пайтнинг ўзида режангизни мукаммаллаштиринг!

Мен Миржалол Қосимовни жуда ҳурмат қиламан. Ундан айб қидириш мақсадида сўз айтмаяпман. Шунчаки, қачонлардан бери миямда айланиб юрган мавзуни қоғозга туширишга бир туртки, сабаб бўлди унинг бу гаплари.

Беҳзод Қобулов 

Манба: lochinlar.uz
Киритилди: 23:01, 06.03.2012.
Ўқилди: 9221 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.