Осиё футбол Конфедерация мусобақаларни ўтказиш бўлими бошлиғи, ҳамюртимиз Аваз Бердиқулов аёллар клублари ўртасидаги Осиё чемпионати-2021 мусобақасини ўтказиш учун Иорданиянинг Ақаба шаҳрига келган. ЎзПФЛ матбуот хизмати аёллар футболи ва ОФКнинг ушбу йўналиш бўйича режалари ҳақида қизиқди.
- ОФК ушбу турнирни иккинчи марта ўтказди. Биринчи марта 2019 йил ташкиллаштирилган эди.
Aёллар клублари ўртасидаги Осиё чемпионатини ўтказишдан асосий мақсад — жамоаларнинг қанчалик тайёрлиги, уларга қай даражада бу турнир қизиқарли эканлигини кўриш эди.
Илк бор бу турнирни 2019 йил биринчи бешликка кирадиган давлатлар жамоалари учун ташкил қилган эдик. Хитой, Жанубий Корея, Aвстралия ва Япония давлатларидан аёллар футбол клублари қатнашган.
Коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилда бу мусобақа ўтказилмади.
2021 йилда эса ASEAN ва Ғарбий зонадан биттадан гуруҳ бўлиши керак эди. Лаос, Вьетнам, Индонезия ва Таиланд жамоалари ўз давлатларида пандемия давом этаётгани сабабли жорий йил турнирда иштирок эта олмади.
Режа бўйича ҳар икки гуруҳ чемпиони 23 ноябрь куни Aр-Риёдда ўтадиган эркаклар Осиё Чемпионлар лигаси финал учрашуви бошланишидан олдин ҳудди шу стадионда, эркаклар финалида ҳукм сурадиган атмосферада катта финал учрашувини ўтказиш эди. Бу футболчи қизлар учун катта мотивация бўлар эди. Бундан ташқари, шу ўйин орқали келажакда ўтказилиши режалаштирилаётган аёллар Чемпионлар лигаси мусобақасига катта компанияларнинг қизиқишини орттириш, турнирга ҳомийлар топиш учун яхши имконият бўлар эди. Ушбу режани кейинги йилга амалга оширишга ҳаракат қиламиз.
Жорий йилги турнирда барча жамоалар чиройли ва шиддатли ўйин кўрсатишди. Барча жамоалар ғолиб бўлишга бор кучлари билан ҳаракат қилишди. Бу бизни қувонтирди.