Туркиялик ҳакамнинг «катта томошаси». У маҳаллий Суперлига ўйинини муддатидан олдин якунлади, кейин хатосини англаб, футболчиларни кийиниш хоналари ва ҳаттоки, душдан ортга қайтарди. Қисқаси, Туркия чемпионати 12-туридан ўрин олган «Газиантеп» - «Қосимпошо» учрашувининг якуни «цирк»ка айланиб кетди.
Ҳа, турк Суперлигаси турнир жадвали ўрта поғоналари ва қуйи қисмида бораётган икки жамоанинг ўзаро ўйини ҳакамнинг ноодатий хатти-ҳаракати билан ёдда қолди. Демак, воқеа тафсилотларига қисқача тўхталамиз: бош ҳакам Ҳализ Ўзкаҳя 2:0 ҳисобида мезбон жамоа ғалабаси билан якунлаши муқаррар кўринган учрашувнинг асосий вақтига нақ 9 дақиқа қўшиб берди. Боз устига, рефери 90+1-дақиқада «Қосимпошо» футболчиларидан бирини майдондан четлатди. Унинг чиқиб кетиши маълум вақт олгани ўз-ўзидан тушунарли. Шундай экан, ўйин яна бироз чўзилиши керак эди. Амалда эса Ўзкаҳя 90+4-дақиқада ногаҳон финал ҳуштагини чалди, бу майдондаги футболчиларни сира ажаблантирмади, зеро, ўйинда ҳаммаси маълум бўлиб улгурганди.
Хуллас, жамоалар кийиниш хонасига кириб кетгач, стадион ходимлари дарвоза тўрларини йиғиштиришга тушдилар, VAR тизими ҳам тармоқдан ўчирилди. Ҳакам эса бирдан ўйинни 5 дақиқа олдин якунлаганини англаб, жамоаларни майдонга қайтарди. Бу вақтда баъзи футболчилар душ қабул қилаётгандилар. Оддий айтганда, финал ҳуштагидан 20 дақиқа ўтиб, ўйин қайта давом эттирилди, лекин ҳеч нарса ўзгармади - 2:0 ҳисоби сақланиб қолди.
Энг қизиғи, турк матбуотида ёзилишича, Ўзкаҳя 4 йил олдин ҳам худди шундан «ҳунар» кўрсатган экан. Тўғри, у ўшанда «Истанбул» ва «Османлиспор» учрашувига 4 дақиқа қўшиб берган ҳолда, 90+3-дақиқада финал ҳуштагини чалган эди. Энди яна бир шунга ўхшаш ҳолат ва такрорланмас «томоша». Айтиш жоиз, Ўзкаҳя бу сафарги хатосидан қаттиқ уялганиданми, ҳакамлик фаолиятини якунлаганини эълон қилди. У учрашувдан 3 кун ўтиб, тушунмовчиликка изоҳ ҳам берди: «Ҳеч ким мендан ўйинни давом эттириб, тугатиб қўйишни талаб қилгани йўқ. Умуман олганда, 5 дақиқа қўшганим ва захира ҳаками адашганини айтиб, ўзимни оқлашим ҳам мумкин эди, лекин бунақаси табиатимга асло тўғри келмайди. Регламент бўйича жамоалардан бири кейинроқ ўйинни бошқатдан ўтказишни сўраши ҳеч гап эмасди, шунинг учун футболчиларни майдонга қайта таклиф қилдим. Яхшики, улар майдонга қайтишдан бош тортишмади - бунинг учун раҳмат. Қолаверса, якунда барча йигитлар ҳеч ким хатодан холи эмаслигини таъкидлаб, кўнглимни кўтаришди».
Муаммо йўқ экан, Ўзкаҳя нима учун ҳакамликдан кетишга қарор қилди? «Футбол жуда хунук бўлиб кетди - ўйиндан олдин, унинг давомида ва кейин ҳақоратлар эшитаверишдан чарчадим. Бунинг оқибатида севимли ишимдан кўнглим қолди. Ваҳоланки, ҳакамлик болаликдан буён асосий иштиёқим саналади. Қисқаси, бундай одобсизлик ичида ортиқ қолишни хоҳламайман. Ҳар жойда ҳаммаси ўзгараётганини айтишади, лекин амалда ҳеч нарса ўзгармаяпти. Тизимни бутунлай ислоҳ қилиш керак. Ҳозирги ҳолатга эса чидаш мушкул...», дея ҳамма гап хатода эмаслигини таъкидлади ҳакам.
Ҳализ Ўзкаҳя 41 ёшда. 2009 йилдан ФИФА рефериси. Жорий мавсум Туркия Суперлигасидан ташқари, Европа Конференция лигаси ўйинларига ҳам жалб этилаётганди. У жумладан, «Ренн» ва «Тоттенхэм» ўртасидаги баҳсни бошқариб борди.