Тасаввур қилинг, маҳаллангизда футбол жамоаси бор. У ҳудудий чемпионатда иштирок этади. Мамлакатнинг биринчи рақамли чемпионатига чиқиш учун анча узоқ масофани босиб ўтиш керак. Тахминан 4 та лига бор у ергача. Яхши ҳомий бор-у, бир неча йиллардан бери муносиб ғояга эга ва қатъиятли бошқарувчи йўқ.
2012 йил "РБ Лейпциг" шундай вазиятда эди. Катта ва машҳур концерн соҳиби бўлган Дитмар Матешиц жамоасига инқилобий ғояларни сингдира оладиган, харажатларни доимо даромадларга мутаносиб ушлаб, ҳатто тижорий жиҳатдан муваффақиятли ишлай биладиган кадрга муҳтож эди. 2009 йилда "Хоффенҳайм"ни Бундеслигага олиб чиқиб, "кузги чемпион"га айлантирган Ральф Рангник варианти бу ўринга жуда муносибдек кўринарди.
2012 йил "Лейпциг"да спорт директори сифатида иш бошлаган Ральф ишончни оқлади. У асосий лигага қадар бўлган барча лигаларда муваффақиятга эришди. 2016 йилда Бундеслига вакилига айланган клуб шу заҳоти кумуш медалларни қўлга киритди. Бу вақтга келиб Рангник жамоада бош мураббий вазифасини ҳам бажарарди. Демак, Ральф 4-5 йил ичида маҳаллий жамоани ЧЛ иштирокчисига айлантирди.
Унинг лақабларидан бири — "гегенпрессинг отаси". Бу тўпни йўқотиш заҳоти рақибнинг тўп билан бўлиб турган футболчисига нисбатан агрессив босим, прессинг уюштириш ва энг олдиндаги ҳужумчидан тортиб, бутун таркибнинг прессингда аниқ-тиниқ вазифага эга бўлишидир. Рангникнинг фалсафасида баъзан тўп олиб қўйилгач 10 сония ўтиб рақиб дарвозаси ишғол қилинади ёки хавфли вазият юзага келтирилади. Энг ёрқин намуна бугунги "Ливерпуль". Юрген Клопп ўтган йили Рангникни Германиянинг энг яхши мураббийи деб атаган.
Томас Тухель эса ўзининг мураббий сифатидаги илк ишини айнан Рангникдан қабул қилиб олган. 1998 йил у ўзи ишлаётган жамоанинг U-18 таркибига Тухелни бош мураббий этиб тайинлайди ва кейинчалик "Штутгарт"га ҳам олиб кетади. Хуллас, Европанинг амалдаги энг кучли клуби бош мураббийи ҳам Рангникдан таъсирланган шахслар қаторида.
Бундан ташқари, "Лейпциг"ни кейинроқ юксалтирган ва ЧЛ ярим финалига олиб чиққан Юлиан Нагелсман ҳам Ральфнинг фаолиятидан илҳомланган. У бугун "Бавария"ни бошқараётганини биласиз.
Бир сўз билан айтганда, Ральф Рангник дунё футболида сўз соҳибларидан бири ҳисобланади. Майдонда ва унинг ташқарисида ўзинг аниқ ғояларига эга мутахассис.
Стефано Пиолидан аввал у "Милан"да иш бошлаши ҳақида хабарлар чиққанди. Миланликлар раҳбариятида уни клубга олиб келмоқчи бўлганлар бор эди. Аммо бу иш амалга ошмай қолгач, германиялик Москвадан келган таклифни қабул қилганди. "Локомотив"да у стратегик режалар учун учун масъул эди.
"Манчестер Юнайтед" Ральф Рангник шахсида "бир ўқ билан икки қуённи уриши" кутилмоқда. У клубда бутун тизим устидан назоратни исташи мумкин. Бу балки тўғридан-тўғри Вудворднинг мавқеига таъсир этар, балки бундай эмасдир. Лекин энг камида таъсир этибори билан Рангник "МЮ"нинг аввалги мураббийларидан фарқ қилиши аниқ.
Кузатишда давом этамиз.
Ориф Толипов.