Ўтмишга қарайдиган бўлсак, футболда қўполликлар жуда кўп учрарди. Атайлаб оёққа ўйнайдиганлар у пайтлари асло кам эмас эди. Ҳозир эса VARнинг пайдо бўлгани, ҳакамларнинг жуда синчковлиги ва спортчиларнинг нозиклашиб кетаётгани боис “йиртқич“ футболчилар “Қизил китоб“га киритилмоқда. Биз шу фурсатдан фойдаланиб, фаолиятини якунлаган энг қўпол ва жанжалкаш футболчилар бешлигини тузиб чиқдик. Марҳамат, танишиб чиқишингиз мумкин.
5. Антонио Кассано
Италиялик машҳур форвард Антонио Кассано футбол тариҳидаги энг оғир характерли футболчиладан бири ҳисобланади. Фаолияти давомида Кассано мураббийнинг харакатига тақлид қилаётганда қўлга тушган. Шунингдек, майдондан четлатилган пайти ҳакамга футболкасини улоқтирган. Ўйин пайтида кўп ғазабланган, мураббийларга этироз билдирган ва ечиниш ҳонасида кўп бора жанжаллар чиқарган. Кўп. Жуда кўп. Шунингдек, италиялик журналистлар футболга зид бўлган ҳаракатларга нисбатан «Кассаната» иборасини қўллашган. Бу ибора машҳур мутахассис Фабио Капелло томонидан ўйлаб топилган.
4. Кевин Мускат
Ушбу рўйхатдаги кўплаб футболчилар, тажовузкор бўлишса-да, ўзига ҳос усулда ақлдан озишар эди, аммо Мускат умуман бундай эмас эди. Унинг қилган ишларига нисбатан жирканч ва нафратланарли жумлаларини қўлласа бўлади, қилган ишларини эса шунчаки зўравонлик деса бўлади. Фаолияти давомида 123 бор сариқ, 15 бор қизил олган футболчига яна қандай баҳо берса бўлади. У ҳатто бир баҳсда рақиб жамоа мураббийи билан ҳам муштлашиб кетган. Шунингдек, Мускат ўзининг хайрлашув ўйинида ҳам 2 та сариқ карточка олиб майдонни тарк этади. ОАВ томонидан ўтказилган бир сўровномада, Мускат энг ёқимсиз инсон номинициясида сезиларли фарқ билан ғалаба қозонади. Хўш, сизга бир савол билан юзланаман : у билан футбол ўйнаган бўлармидингиз? Мен эса йўқ.
3. Пол Гаскойн
Авваломбор у ҳақида бўлган бир воқеани эслаб ўтсак. У 2016 йилда Лондондаги меҳмонҳоналардан бирида маст ҳолатда жанжал чиқаради. Ирқчиликга оид сўзлар ишлатиб, сўкиниб меҳмонхонани бошига кўтаради. Сўнгра меҳмонхонага ташриф буюрганлардан бири ва футболчи ўртасида низо келиб чиқиб бу охири жанжал билан тугайди. Натижа Гаскойн зинадан улоқтириб юборилди ва бош-мия жароҳати билан шифохонага ётқизилди. Менимча, у қилган ишига яраша олган.
У қанчалик, харизматик ва жанжалкаш бўлмасин, аслида истеъдодли футболчи бўлган. У фаолияти мобайнида «Ньюкасл», «Мидлсбро», «Эвертон», «Тоттенхем», «Лацио» ва «Рейнжерс» каби клубларда тўп сурган.
2. Рой Кин
Аслида, афсонавий футболчилар қаторида ёдга олинадиган Кин, ўта бадфел ва ўзгарувчан шаҳс эди. Унинг Ирландия бош мураббийини ҳақоратлаган интервьюси эса ўта ғаройиб эди. У мураббийга қарата: “Мен сизни ўйинчи сифатида тан олмайман, менежер сифатида ҳам ҳурмат қилмайман ва сизни шахс сифатида нолга баҳолайман", – деб уни ҳақорат қилган.
Шунингдек, замонамиз юлдузи Эрлинг Холанднинг отаси Алф-Инге Холанд ҳам ундан жабр кўрганлар қаторида. Воқеа бундай бўлган.
1997/98 йилги мавсумда Ҳоланд Рой Кинга жароҳат етказади, лекин у Кинни симуляция қиляпти, деб гумон қилиб, унинг тепасида туриб, ёмон гаплар билан ҳақорат қила бошлайди. Рой Кин деярли бир йил футбол ўйнай олмайди. Аммо орадан 4 йил вақт ўтади ва у "душмани" билан яна майдонда тўқнаш келади. Рой қасосини олади. Кин атайлаб рақибига жароҳат етказди.
“Мен буни тўрт йил кутгандим. Майдонга тушганимда ҳеч нарса билан ишим йўқ эди, кўзларим билан уни қидирдим. Ниҳоят биз тўқнаш келдик. У инграб ётганида тепасига бордим ва тўрт йил олдинги воқеани эслатдим. «Бундан кейин Рой Кин йиқилиб ётганида симуляция ҳақида оғиз очмайдиган бўлдинг» дедим”, – дея футболчининг ўзи бу вазиятга изоҳ беради.
Менимча, у ҳақида етарлича хулоса қилдингиз. Уни ёввойи табиатли одам, ёки одам қиёфасидаги ёввойи деб атасак бўлади.
1. Эрик Кантона
1995 йилда бутун дунё спорт нашрларининг муқовасини Эрик Кантонанинг сурати безади. Унда франциялик футболчи "Кристал Пэлас" жамоаси мухлисига кунг-фу услубида зарба бераётган ҳолатда тасвирланганди.
Тўланган жарималар, четлатишлар ва 120 соатлик аҳлоқ тузатиш ишларидан кейин Кантона майдонга қайтиб, яна ўз футболини намойиш қилгани ҳолда «қизил иблислар»га Англия кубогини олиб берди.
Унинг характери ҳақида гапирсак, у жуда оғир ҳарактерли эди, кўплаб жамоаларда тўп тепган футболчи кўп маротаба ўз жамоадошлари билан муштлашган, раҳбарият шаьнига тошлар отган. У бир неча бор футболдан маълум вақтга четлатилган.
Ҳа, бундай типдаги футболчилар мухлисларга жуда ёқавермаса-да, бироқ майдонда шоу кўришни истайдиганлар ҳам топилиб қоларди. Ҳозир ҳам айрим томошабинлар, ҳатто майдондаги ўйинчилар билан муштлашиб кетишга тайёр туришади. ХХ аср охирларида футбол ўйнаш жуда қўрқинчли эди. Баъзилар ўша пайтда футболни танлаган ёшларга нисбатан “ё ўласан, ё синасан“, –дея бу йўлдан қайтаришган экан. Буёғини энди ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг.
Худайқулов Карим тайёрлади