Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

ЕЧЛ. Қуръадан кейинги тахминлар (1-қисм)

Баҳо:
+ | -

Кеча Европадаги энг нуфузли мусобақанинг нимчорак финал босқичига қуръа ташланди. Ушбу қуръа жараёни ким учундир кўплаб кутилган ва одатий жуфтликларни аниқлаб берган бўлса, бошқалар учун умуман ғайритабиий тўқнашувларни юзага келтирди. Биз ҳам бу жараёндан сўнг жим ўтиргимиз келмади ва барча жуфтликлар ҳақида фикр юритишга ҳаракат қилдик. Демак, бошладик.

“Зальцбург“ – “Бавария“ : Инглизча “ёмғир“дан қочиб, немисча “дўл“га тутилган австрияликлар

Австрия жамоасининг плей-оффга йўл олганининг ўзиёқ катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Энди уларга қарата “иззатинг битди“, – дейишгандек кўринди. Кимсан “Бавария“дек жамоани ҳам рақиб қилишадими бу дебютант клубга? Қуръа аввалида “Ливерпуль“ бу жамоага қарши бўй чўзганда, ҳаммаси тугади деб ўйлагандек. Бундан ёмонини кутмаган Австрия чемпионлари энди бундан баттарига дуч келдилар.

Кўриниб турибдики, бу жуфтликда немис чарм тўп усталари яққол фаворит. Ҳатто футболда мўъжизалар учраб туришини ҳисобга олсак-да, бу “Бавария“нинг қаршисида мўъжизалар ҳам эсдан чиқиб кетади.

Қизиғи, бу жамоалар ўтган йили ЧЛ гуруҳ босқичида учрашишган экан. Табиийки, 2 ўйинда ҳам Мюнхен клуби ғалаба қозонган (3:1, 6:2). Бироқ эътибор беринг, “Зальцбург“ иккала баҳсда ҳам “қизил машина“ дарвозасига йўл топа билган. Тан олайлик, Австрия клуби фақат тасодиф туфайли кейинги босқичга чиқиши мумкин. Қолган барча жиҳатларда мюнхенликлар устун.

Эслатиб ўтамиз, бу учрашув 2022 йил 16 феврал санасига белгиланган. Дастлабки баҳс эса Австрияда бўлиб ўтади.

“Спортинг“ – “Манчестер Сити“ : Чемпион чемпионга қарши

Португалиянинг “Спортинг“ ўтган йили ички чемпионатда ғолибликни қўлга киритди ва бу мавсумда ЧЛда тажрибали “Боруссия Дортмунд“ни ортда қолдириб, плей-офф йўлланмасини қўлга киритди. Қисқа муддатда яхшигина прогрессга эриша олган ушбу жамоани энди нимчорак финалда “Манчестер Сити“ кутиб турибди. Бу тўқнашувда ҳам фаворит номи маълум. Гвардиола шогирдлари ҳар томонлама рақибидан устун. Чемпионатда “шаҳарликлар“нинг иши беш. Айни дамда, улар турнир жадвалини бошқариб турибди. ЧЛда ҳам инглиз клуби муваффақиятли иштирок этмоқда. Бироқ “Спортинг“нинг ҳолати “Зальцбург“ники каби аянчли эмас. Жамоадан мўъжиза кутса бўлади. Ҳар ҳолда, Холанди бор “Боруссия“ни енгган клуб нега энди “Ман.Сити“ни ютишга ҳаракат қилмасин?!

Учрашув 2022 йил 15 феврал санасига белгиланган. Дастлабки баҳс Португалияда бўлиб ўтади.

“Бенфика“ – “Аякс“ : Қизил формалилар тўқнашуви

Ҳозирда жуда ажойиб ўйин кўрсатаётган “Аякс“ 2018/19 йилги натижани такрорлаш умидида юқори иштиёқ ила ҳаракат қилмоқда. Айниқса, таркибдаги котдъивуарлик ҳужумчи Себастян Алле гуруҳ босқичини “ёндириб ташлади“. Эредивизияда ҳам клуб натижалари ҳавас қиларли даражада ажойиб. 16 учрашувда 49 гол урилган ва атиги 4 марта дарвозадан гол ўтказиб юборилган.

“Бенфика“ ҳам анойилардан эмас. Бу аниқ. “Бургутлар“ “Барселона“нинг Европа Лигасига тушиб кетишида муҳим роль ўйнаганини қайд этиш лозим. ЧЛда ҳам бу жамоа мунтазам иштирок этиб келади. Шунингдек, португал клуби ЕЧЛ саралаш босқичида бошқа бир нидерланд клубини мағлубиятга учратиб, гуруҳ босқичига йўл олганди. Билганингиздек, у жамоа “Аякс“нинг азалий рақобатчиси ПСВ эди. Кўрамиз, амстердамликлар юртдошлари учун қасос оладими ёки лиссабонликлар яна бир нидерланд жамоасини мусобақадан чиқариб юборадими?

Қайд этиш лозим, ушбу матч 2022 йил 23 феврал санасига белгиланган. Дастлабки баҳс Португалияда бўлиб ўтади.

“Челси“ – “Лилль“ : Мусобақа чемпионлари Франция чемпионларига қарши

Лондоннинг “Челси“си Тухель келгач, нималар қилиб ташлагани ёдингизда бўлса керак. “Аристократлар“ Чемпионлар Лигасида юксак натижалар қайд этаётган бир пайтда “Лилль“ Францияда ПСЖдан чемпионликни тортиб олганди. Ҳозир лондонликлар АПЛда чемпионлик учун курашмоқда. ЕЧЛда ҳам асосий фаворитлардан бири сифатида қаралмоқда. Бироқ “Лилль“да вазият яхши эмас. Чемпионликни қўлга киритган бош мураббий ишдан кетгач, францияликлар ички чемпионатда 11-ўринда юрибди. Шунга қарамай, мазкур жамоа Еврокубокда муносиб иштирок этди. Гуруҳда 1-ўрин билан кейинги босқичга чиқди ва айни пайтда “Челси“га рўбарў келмоқда. Фаворит сифатида инглиз жамоасини кўрсатишдан бошқа иложимиз йўқ. Бироқ Тухель қўл остидаги йигитлар учун чорак финалга йўл олиш осон бўлмаса керак.

Учрашув 2022 йил 22 феврал санасига белгиланган. Дастлабки баҳс Англияда бўлиб ўтади.

******
Давоми бор...
Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 11:35, 14.12.2021.
Ўқилди: 12787 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.