Европа Чемпионлар Лигаси бош соврини футболчилардан катта тажриба ва улкан истеъдодни талаб қилади. Ҳатто энг оддий кўринган ўйинларда ҳам иштиёқ шиддати юқори темпда бўлади. Баъзан унинг масъулияти ва босимига ёшлар у ёқда турсин, улкан тажрибага эга футболчилар ҳам бардош бера олмайди.
Бироқ, бугунги кун қаҳрамонлари ёшлик даврларидаёқ юқори харизма ва маҳоратга эга бўлиш мумкинлигини бутун дунёга намойиш этишмоқда. Мураббийлар уларни Чемпионлар лигаси баҳсларига бемалол «отиб» юборишмоқда. Қуйида кўҳна қитъанинг энг нуфузли турнирида дебют қилган энг ёш ва умидли футболчилар хусусида сўз юритамиз.
5. Юри Тилеманс («Андерлехт») – 16 ёшу 161 кун
Юри - Бельгия футболининг сўнгги ўн йилликдаги асосий истеъдодларидан бири. Айнан у Де Брюйне ва Лукаку кетганидан кейин «қизил иблислар»нинг янги етакчисига айланиши кутилмоқда. 2013/14 йилги мавсумда маҳаллий «Андерлехт» ярим ҳимоячини асосий таркибга қўшиб олади. У Бельгия чемпионатида 2013 йилнинг июлида «Локерен» билан ўйинда дебют қилган, икки ойдан сўнг эса Чемпионлар лигасида илк ўйинини ўтказади.
Тилеманс «Олимпиакос»га қарши майдонга тушди. Аммо дебют яримҳимоячи учун омадли келмади. Греклар билан қарама-қаршиликда «бинафшаранг-оқлар» мағлубиятга учради (0:3) ва гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади.
Ҳозирча Тилеманс Чемпионлар лигасининг доимий «меҳмони»га айланганича йўқ. «Монако»даги даврида унга бу насиб этмади, «Лестер» эса икки йил кетма-кет муҳим паллаларда турнир чипталаридан мосуво бўлди. Бироқ, футболчи ҳали эндигина 24 ёшда ва унинг учун барчаси олдинда.
4. Ален Халилович («Динамо Загреб») – 16 ёшу 129 кун
Ушбу футболчига хорватиялик «Месси» лақаби берилган. У ЕЧЛдаги ўз саёҳатини дарҳол кучли рақиб «ПСЖ»га қарши бошлаган. Ўша пайтлар парижликлар таркибида Златан Ибраҳимович тўп тепар эди. Аммо, 16 ёшли йигит учун ўзининг энг яхши ўйинларини намойиш этишга вақт етарли бўлмади. Худди Тилеманс жамоаси каби «Динамо» ҳам гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади. Келаси йили эса загребликлар ЕЧЛ гуруҳ босқичига чиқа олишмади ва ўз омадларини Европа лигасида синаб кўришди.
Чемпионлар лигасидаги дебютидан икки йил ўтиб, Ален «Барселона» сафига бориб қўшилди, лекин ҳеч қачон асосий таркибга мослашиб кета олмади. «Кўк-анорранглилар» уни 2016 йили «Спортинг Хихон»га ижарага бериб юборишди, шундан сўнг унинг фаолиятида доимий пасайиш кузатилди. Хорват беш йил ичида нақ олти марта жамоасини ўзгартирди. Ушбу саёҳат «Гамбург»дан бошланиб, ҳозирги жамоаси «Бирмингем Сити»да тугайди.
Албатта, истеъдодли Аленни 25 ёшида Чемпионшипнинг ўртамиёна жамоасида кўришни кўпчилик кутмагани шубҳасиз. Чемпионлар лигасидаги дебютидан саккиз йил ўтиб, Ибраҳимович ва Халилович А Серияда учрашишгани нақадар рамзий маънога эга. Бироқ иккала футболчи ўртасида биргина фарқ мавжуд. Кекса швед ҳали ҳам супер формада бўлса, бир пайтлар Хорватиянинг асосий истеъдоди дея тилга олинган Халилович ўзига мос клубни Чемпионшипдан қидирмоқда. Шунақа!
3. Райан Шерки («Олимпик Лион») - 16 ёшу 103 кун
«Шерлар» шу пайтгача жуда кўплаб истеъдодларни етиштириб чиқарган. Ляказетт, Толиссо, Ндомбеле ёки Ауарни мисол тариқасида келтиришнинг ўзи кифоя. Уларнинг ичида Райан ажойиб техник ва ақлли ўйин қура оладиган футболчилар сирасига киради. У ўзининг илк ЕЧЛ ўйинини 2019 йил сентябрь ойида ўн олти ёшга тўлганидан бир ой ўтгач ўтказди. Ноябрь ойининг охирида «Лион» «Зенит»га қарши майдонга тушди ва имкониятни қўлдан бой берди (0:2).
Сўнгги мавсум у Франция чемпионатида аллақачон 29 та ўйин ўтказган ва мавсум якунида учинчи ўрин учун курашда катталар сафида илк голини урди. Ўшанда рақиб «Монако» эди.
2. Селестин Бабаяро («Андерлехт») – 16 ёшу 87 кун
«Андерлехт» футбол тизимининг ёрқин вакилларидан бири бўлган Бабаяро Бельгияга ўн беш ёшида кўчиб ўтган. Унинг дебюти юқоридаги 3 футболчига қараганда ҳар қалай эсда қоларлироқ кечди. Руминиянинг «Стяуа» жамоасига қарши майдонга тушиб, 37-дақиқада иккита сариқ карточка олди ва майдонни тарк этди. Албатта ёқимли эмас, лекин унутилмас дебют. Мана унинг ғайриоддийлиги қандай?!
Бабаяро номи Африка жамоалари тарихида биринчи марта 1996 йилги Олимпиадада ғолиб чиққан Нигерия терма жамоаси билан боғлиқ. Чап қанот ҳимоячиси Аргентина билан турнир финалида гол урди ва бу Креспо, Лопес ва Занеттиси бор жамоага қарши эди. Умуман олганда, Селестиннинг карьераси яхши темпда ривожланган.
Брюссел жамоасидан сўнг у Лондонга йўл олди ва у ерда 7,5 йилини «Челси»да ўтказди. Футболчининг энг самарали йиллари «аристократлар» билан боғлиқ: Кубок эгалари кубоги 97/98, УЕФА Суперкубоги 98/99, Англия Суперкубогида зафар қучди. 2001 ва 2005 йиллари АПЛни қўлга киритди. «Кўклар»дан кейин «Ньюкасл» ва «Лос-Анжелес Гелакси»да фаолият олиб борди. Бабаяро ниҳоят, 2008 йилда бутсаларини михга илишга қарор қилди.
1. Юсуф Мукоко («Боруссия Дортмунд») – 16 ёшу 18 кун
Германиялик футболчининг шов-шувли истеъдоди узоқ вақт давомида муҳокама қилинди. Икки-уч йил аввал бутун футбол оммаси кучли рақиблар дарвозасига тўп киритган ўйинчи ҳақида башорат қила бошлади. Юсуф 8 декабрь куни Санкт-Петербургнинг «Зенит» жамоаси билан ўйинда захирадан майдонга тушиб, Чемпионлар лигаси тарихидаги энг ёш футболчига айланди. Ва ўн кундан кейин Бундеслигадаги биринчи голини киритди. «Юнион Берлин» дарвозасини ишғол қилгач эса яна бир рекорд ўрнатди.
У тобора яхши ривожланиб бормоқда. Тез-тез захирада қолишига қарамай майдонда ўзини йўқотиб қўймаяпти. Ноябрь ойининг охирида Юсуф 17 ёшга тўлди. Бугунги Мукоко ва Холанд каби истеъдодлари бор «Боруссия»ни катта муваффақиятлар кутиб турибди.
Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади