«Тоттенҳэм» - «Ливерпуль» ўйини «ёнди». Олти ўйин қолдирилган турда олти ўйинга етарли воқеалар бўлди. Табиийки, баҳсли ҳакам қарорлари ҳам.
Интернетда Робертсоннинг қизил карточкаси ва шу рангдагиси Кейнга берилмагани мавзу бўлиб турибди. Аксарият фикрлар бўйича, ҳар икки ҳолат ҳам қизил, аммо ҳакам Кейнни аяди, қарорларида узвийлик бўлмади, деб ҳисоблашмоқда.
Менимча, айнан узвийлик томонидан ҳакамда муаммо йўқ ва шу ракурсдан ҳар икки қарорни тушуниш мумкин.
Ҳакам имкон қадар либерал бошқарди. Кичик ҳолатларда майдалашиб ўтирмади. Гол вазиятда Салоҳнинг қўлига тўп теккани, Жота ва Аллига нисбатан жарима майдонидаги ҳаракатларга эътибор берилмади. Кейннинг ҳолати худди мана шу бошқарув услубига мос келади.
Қуйида икки расм турибди. 1-расмга қараб туриб, дарҳол айтиш мумкин - қизил. Аммо ўйин пайтида Кейн ҳаракатларида агрессия йўқ эди, тўп учун ўйналди ва ютқазилганини билиб, ҳужумчи секинлашди, контакт қаттиқ бўлмади. Қоғозда "қизил"га тортса-да, ҳакам эътиборга олиши мумкин бўлган омиллар бор эди.
Ишонмасангиз, иккинчи расмга қаранг. Расмда - Мане қоида бузяпти тўғрими? Агар шу вазиятда "Ливерпуль" гол урганини эътиборга олсак, ҳакам ҳисобламаслиги керак, тўғрими? Аммо бу ердаям, Кейннинг фойдасига ишлаган омиллар бор - Манеда агрессия йўқ, тўп йўқотилганини билгач, секинлади, контакт бор, аммо зарарсиз. Албатта, Кейн билан айни эмас, аммо Кейнга сариқ ва жарима, Манеда ҳатто қоида бузилиши қайд этилмади. Яъни икковиям бир хил йўналишдаги, вазият кайфиятига монанд қарор.
Робертсоннинг қизили юқоридаги саналган ҳолатлардан бутунлай фарқ қилади - у ерда агрессия бор эди. Оқлаб бўлмайди. Ҳакамни қарорларда узвий эмасликда айблаб ҳам.
Тўғри, агар ҳакам янада қаттиққўл, яъни бошқача услубда бошқарганда, Кейн майдондан четлатилар ва умуман «Ливерпуль» фойдасига сценарий бўлиши эҳтимоли катта эди.
Аммо шу туфайли ҳакамни бошқача эмасликда, табиийки, хатоларда ҳам айблай олмаймиз.
Қаҳрамон Асланов.