Кириш Регистрация

Ширшов - содда ва самимий эди...

Баҳо:
+ | -

Сўнгги ойларда ишлар кўпайиб кетди ва «Телеграм» канални юритишга улгурмадим. Афсуски, сукунатни бузишга арзигулик қайғули сабаб топилди: Николай Ширшовнинг кутилмаган вафоти юракларни парчалади. У нафақат ёрқин, балки ишончли ўйин кўрсатган футболчилардан бири эди. Қолаверса, майдон ташқарисида шу қадар идеал эдики, суҳбатнинг дастлабки дақиқаларидан одамни ўзига тортарди...

***

- 1974 йили туғилган Коля футболимизнинг «олтин авлоди»га биринчилардан бўлиб кирган. Собиқ иттифоқ пайти Ўзбекистон термаси ушбу ёш тоифасида «Надежда» турнирининг охиргисида 2-ўринни эгаллади. Ўша жамоадан собиқ иттифоқ ёшлар термасига 5 нафар футболчи чақирилди: дарвозабон Павел Бугало, ярим ҳимоячилар Ёрқин Назаров, Андрей Яровой, ҳужумчилар Валерий Кечинов ва Олег Шацких. Яна бир кипер Руслан Аҳмедхонов (Ўзбекистон термасида Бугалодан аввал дебют қилган), ярим ҳимоячилар Олим Шокиров ҳамда Аваз Ҳошимов (бир ёш кичик бўлган) термадан четда қолишди. Ширшов эса нафақат собиқ иттифоқ, балки Ўзбекистон термасига ҳам кирмаган. Коля бундан ранжиган, албатта. Яъни мураббийлар ўз мактаблари тарбияланувчиларига эътибор қаратишгани туфайли назардан четда қолганини айтганди. Ширшов «Пахтакор»дан чиққан. Ёшлар футбол мактабини тамомлагач, дастлаб ижара асосида «Свердловец» (бу клубнинг ҳам, унинг Тошкент вилоятидаги стадиони ҳам йўқликка юз тутганига анча бўлди)га борди, кейин «Трактор»да ўйнади. У билан айнан шу жамоада танишгандик. «Трактор» билан муносабатим яхши бўлиб, жамоада муҳит ҳам ажо­йиб эди. Ширшов «Трактор»да шу қадар ёрқин ўйин намойиш этдики, Ўзбекистон чемпионатининг дастлабки мавсуми ярмидаёқ кашфиётга айланди. Табиийки, «Пахтакор» уни орт­га қайтаришни хоҳлади ва бу иш 1993 йилнинг январида амалга ошди.

Коля билан эсда қолган учрашувимиз 1993 йилнинг мартига тўғри келди. «Пахтакор» ўшанда Малайзияда ташкиллаштирилган мавсумолди йиғинидан қайтган, жамоани Қибрайдаги базада футбол федерацияси президентлигига эндигина сайланган Абдулҳошим Муталов билан учрашув кутиб турганди. Мамлакат тарихида футболни ривожлантириш бўйича илк Қарор чиқарилган, Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Муталовнинг эътибори эса футболчилар учун жуда қизиқ туюлганди. Унинг ташрифини кутар эканмиз, вақт ўтказиш учун Ширшов хонасида ўтириб, футболчининг Малайзия сафари таассуротларини тинг­ладик. Эслатма, 1993 йил ҳақида гап кетмоқда. Футболчилар ўзлари хоҳлагандек кўп маош олишмасди. Шу боис, Малайзия сафари қўшимча даромад мақсадида ҳам амалга ошириларди. Делегация аъзолари ўзлари билан йиғин жойида сотиш мумкин бўлган буюмларни олишарди: кимдир шампань виноси, кимдир - шиша идишлар. Колянинг айтишича, ўшанда Тошкент божхонасида ундан Чуст пичоғини олиб қўйишган. Буни шу қадар тушкун ҳолда сўзладики, 18 ёшли йигитга раҳмим келганди:

- Божхоначи жуда ... (ёмон одам) экан. Озгина пул ишлаб олиш имкониятингдан маҳрум қилибди.

- Ҳечқиси йўқ, - деди Коля. - Юкларим ичида яна 9та пичоқ бор эди.

Шу суҳбат ҳам унинг содда ва самимий эканлигидан далолат. Қалби кенг, кўнгли очиқ инсон эди.

Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»

Манба: https://t.me/ANikimbaev, interfutbol.uz
Киритилди: 11:00, 05.01.2022.
Ўқилди: 2377 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.