Дэниэл Леви - юксак лавозимга «вақтинча» тайинланган, лекин 20 йилдан бери ўрнини бўшатишни хаёлига ҳам келтирмаётган ўзбошимча президент. Агар унинг сўзларига ишонадиган бўлсак, ҳеч қачон «шпорлар» ҳукмдори бўлишни орзу қилган эмас. Клуб 2001 йилда ENIC тасарруфига ўтганида, у ижрочи директор лавозимини эгаллаган ва тажрибали президентни топиш топшириғини олганди.
Бироқ унгача келиб-кетган кўпчилик амалдорлар каби, у ҳам юксак мақомга тезда мазахўрак бўлиб қолди. Инглиз футболининг таниқли шахсларидан бирига айланиш имкониятидан осонликча воз кечишнинг умуман иложи йўқ. Боз устига, янги лавозимда Дэниэл анчайин уддабуро эди: бошқа клублар соҳиблари, мураббийлар ва агентлар билан тил топишишни ўрнига қўярди. Баҳслашиш, савдолашиш унинг жону дили эди.
Орадан 20 йил ўтди. Энди Леви - АПЛдаги энг таниқли раҳбар. Ким учундир у машҳур фигура, бошқалар эса, масалан, «Тоттенхэм» мухлислари уни унчалик хуш кўришмайди. Шуниси аниқки, бефарқлар йўқ. Мана шу факт жамоанинг ишлари кўнгилдагидек кетмаётганлигини исботлайди. Ваҳоланки, аввалига Дэниэлнинг ўзи такаббур амалдор бўлмасликка ваъда берганди. Бироқ амалда шундай бўлди. Энди у «босс». Анчадан бери...
Кимдир Леви «Тоттенхэм»ни оёққа турғазди деса, бошқа мухлис янада кучлироқ жамоага айланишига тўсқинлик қилганликда айблайди. «Шпорлар» - ё янги стадион ва замонавий инфратузилмага эга бўлган бекаму кўст жамоа ёки доимий соҳибининг бойлик тўплаш қуроли. 20 йил ичида Леви ўз жамоасини на еврокубоклар даъвогарига, на бирорта соврин соҳибига айлантирди. Яқинда «Тоттенхэм» Лига кубогини қўлга киритганига 5000 кун бўлди. 2008 йилдаги ўша кубок ҳанузгача ENIC давридаги ягона соврин бўлиб қолмоқда.
Омадли Почеттино, омадсиз Моуриньо, шумқадам Нуну ва ниҳоят, Конте - клуб гоҳ топ-мураббийларни таклиф этиш орқали ўз нуфузини кўз-кўз қилади, гоҳ бемаъни қарорлар чиқаради. Балки энди қандайдир хулосага келиш осон эмаслигини тан оладиган фурсат етгандир? ХХI асрда «Тоттенхэм»нинг деярли барча жамоаларга нисбатан яхшироқ ўйин кўрсатганини эътироф этиш шунчалик қийинми? «Шпорлар» мухлислар клубининг фикрича, Нуну қанчалик омадсиз мураббий бўлмасин, унинг истеъфоси нотўғри қарор бўлган. Фанатларни тушуниш мумкин: португалиялик мураббийнинг таклиф этилиши ҳам, истеъфоси ҳам пухта ўйлаб кўрилмаган қадам бўлди. Яъни, Леви Почеттино тиклаган ишончли қўрғонни қисқа вақт ичида вайронага айлантирди. Сўнгги муваффақиятлар салмоғини халқаро мусобақаларда қайд этилган натижалар билан ўлчаш мумкин.
2017-2019 йилларда чўққига чиқишди, кейин пасайиш бошланди. Таркибни янгилаш кераклиги ҳақида Почеттино қайта-қайта огоҳлантирган бўлсада, уни эшитишни истамадилар. Ҳатто 2019 йилдаги янги харидлар ҳам самара бермади: Жованни Ло Чельсо, Танги Ндомбеле ва Райан Сессеньонлар бурилиш ясай олмадилар, аргентиналик мураббий эса «кузир»лари қолмаганини тушуниб етди ва бир неча ойдан кейин клубни тарк этди.
«Тоттенхэм» ва раҳбариятни танқид қилишга далиллар борми? Шак-шубҳасиз. Лекин футбол клубини бошқариш осон эмаслигини ҳам унутмаслик керак. Ҳар ҳолда, гап ENIC келишидан аввал фақат 7дан паст поғоналарни банд этган ўртамиёна жамоа хусусида бормоқда. Таркибдаги ўзгаришлардан кейин 2 ой ўтгач, «шпорлар» мавсумни 12-ўринда якунлашди. Энг яхши ўйинчи - Сол Кемпбелл «Арсенал»га эркин агент мақомида йўл олди. 2001 йилдаги «Тоттенхэм» шундай эди.
«Тоттенхэм»нинг совринлардан четда қолаётгани мухлислар учун оғриқли мавзу бўлса, бошқалар учун латифалар манбаи бўлиб келмоқда. 5000 кун! Камситувчи ҳиргойилар яратиш учун тенги йўқ сценарий. Лекин инсоф юзасидан айтганда, «шпорлар» майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам аллақачон етакчи олтиликдан жой олишган. Бунда бирор-бир бадавлат шахснинг улуши йўқ.
Футбол иқтисодиёти эксперти Киран Магуайрнинг ҳисоботига кўра, «Тоттенхэм»нинг охирги 10 йилдаги даромади (2,71 млрд. фунт) «МЮ»никидан (4,95 млрд.) салкам 2 бараварга кам. Иш ҳақи жамғармаси (1,28) эса «Манчестер Сити»никидан (2,53) 2 бараварга оз. «Арсенал»нинг иш ҳақи жамғармаси 1,96 млрд.га тенг. «Челси», «МЮ», «Сити»ни қўя турайлик, «шпорлар»нинг трансфер харажатлари ҳам 10 йилликни пасайишда ўтказаётган «тўпчилар»никидан анча кам.
Кўпроқ сарфлаш имконияти бормиди? Албатта, ҳа. 2012|2013 , 2015|2016 йиллар оралиғида йиллик айланма 147 млн.дан 210 млн. фунтгача ўсганди. Аммо иш ҳақи жамғармаси 96 млн.дан 100 млн.га чиқди, холос. Эҳтимол, жамоанинг ўша даврдаги муваффақияти Левини «Тоттенхэм» бошқаларга нисбатан тежамкор иш юритаётганига ишонтиргандир. Маълум муддат ана шу ишонч ўзини оқлади.
Бундан ташқари, «Тоттенхэм» инфратузилмага ҳам улкан сармоя сарфламоқда: машғулот базаси ва стадионга анчайин бадавлат ва муваффақиятли клублар ҳам ҳавас қилмоқдалар. Бу юмушлар клубнинг нуфузи ва рақобатбардошлигини ошириш учун амалга оширилганди. «Уайт Харт Лейн»даги 45 млн.ли йиллик даромад билан узоққа бориб бўлмасди. Пандемия янги стадионга кўчиб ўтиш динамикасига салбий таъсир этди. Шунга қарамасдан, жорий мавсум 100 млн. фунт даромад олиш мўлжалланмоқда.
Лекин нима бўлганда ҳам, Левининг «янги «Тоттенхэм»га қизиқиб қолгани футболни унутиб қўйишига олиб келди. Янги стадион, АҚШ МФЛ билан ҳамкорлик, глобал маркетинг учун йирик сармоялар, омадсизликка юз тутган Европа Суперлигасига аъзо бўлишга уриниш... Леви булар учун маблағини аямади, жамоа эса четда қолди.
Кўпчилик мухлислар фикрича, ўтган мавсум ниҳоясида Брендан Рожерс, Эрик тен Хаг ёки ҳатто Роберто Мартинес, Грэм Поттер ва Эдди Хаулар Нунуга нисбатан муносиброқ номзодлар эдилар. Антонио Контенинг тайинланиши ДНК мавзуси ҳеч қачон жиддий муҳокама этилмаганлигини исботлади. Президент иложи борича тезроқ қандайдир совринни қўлга киритишни истайди.
Почеттинонинг истеъфоси ўта ажабланарли қарор бўлганди. Чунки улар ўзаро жуда яқин муносабатда бўлишган, аргентиналик мутахассис «Тоттенхэм»ни ўртамиёна мақомидан энг нуфузли турнир финалчиси даражасигача олиб чиққанди. Моуриньо эса апрель ойидаги Лига кубоги финалидан 2 кун аввал жамоани тарк этганди. Унга Леви қанча маблағ сарфлаганини инобатга олсак, ўта шафқатсиз қарор.
Ҳозирда Леви - Конте ҳамкорлиги қандай давом этиши жумбоқ бўлиб қолмоқда. Италиялик мураббий ўз шогирдларига нисбатан қанчалик шафқатсиз бўлса, раҳбариятга ҳам шундай муносабатда бўлади. «Челси» ва «Интер»да у жамоаларидаги камчиликларни аниқлаб, мутасаддилардан тажрибали ўйинчиларни харид қилишларини талаб этарди. Лекин бу усул «Тоттенхэм»да наф бермайди - Леви тежамкорликни афзал кўради ва талабни рад этади. Кимдир ён беришга мажбур.
Бироқ Левининг иззатталаблигини инкор этишнинг иложи йўқ. Ёздаги харидлардан кўнгли тўлмаган соҳиб кучли юришни амалга ошириши аниқ бўлсада, айнан Контени таклиф этиши кўпчилик учун сюрприз бўлди. Айниқса, италиялик мутахассиснинг 2017 йилда «шпорлар»га нисбатан эътирофини эсласак: «Агар «Тотттенхэм» ғолиб чиқа олмаса, фожиа бўлмайди. Жамоанинг ЕЧЛга чиқолмаслиги ҳам фожиа эмас. Ҳатто ЕЧЛ 1-раундидан ўта олмаса ҳам. «Арсенал», «Манчестер Сити», «МЮ» ёки «Ливерпуль» учун фожиа бўлиши мумкин».
Конте даражасидаги мураббийни таклиф этишга қодир жамоалар саноқли эканлигидан хулоса чиқарсак, «Тоттенхэм» сўнгги 20 йил ичида сезиларли ўсишга эришганлиги маълум бўлади. Лекин тутқич бермас совринларни қувиш давом этади. Малакали мураббий - муваффақият кафолати эмас. Аммо у билан ҳамкорлик қилиш усиз ишлагандан яхшироқ.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади