Кириш Регистрация

Оливье Жиру: «Ютуқларим шундоқ ҳам кам эмас»

Баҳо:
+ | -

«Милан» ҳужумчиси Оливье Жиру футболдаги йўлидан мамнун. Ҳар ҳолда, франциялик фахрий голеадор FourFourTwo нашри мухбирлари билан суҳбатда фаолиятига ижобий баҳо беришга ҳақли эканлигини яширмади. У шунинг баробарида ўзи дуч келган айрим қизиқарли ҳолатларни ёдга олди.

- Оливье, фаолиятингизни Франция қуйи лигаларида бошлагансиз. Айтинг­чи, ўша вақт шунчалик юқори чўққига чиқиш ҳақида ўйлаганмидингиз?

- Ҳамиша тепамда йўл кўрсатувчи юлдуз борлигини ҳис қилардим. Диндорман ва ишонаманки, инсон ўз йўлини мус­тақил яратади, Яратган эса унинг тезлигини белгилайди. 19 ёшда профессионал футболга қадам қўйганман. Ўша пайт ҳали университетда таҳсил олардим. Яъни футбол билан шуғулланиш баробарида спорт фанларини ўрганиш, турли соҳалар бўйича билим олишга қизиқардим. Аммо учинчи дивизион вакили «Истр» сафига қўшилганимдан кейин ўқишни давом эттиришга имкон қолмади. Қисқаси, футболга тўлиқ эътибор қаратиш учун илмдан воз кечишимга тўғри келди.

- «Гренобл»га ўтганингизда, бош мураббий Меҳмед Баздаревич юқори савияда ўйнаш талабига жавоб беролмаслигингизни ошкора айтганди...

- Тўғриси, унинг гапларидан заррача ранжимагандим. Лекин 20 ёшли футболчига нисбатан бундай дейиш ярамайди, барибир. Ахир ҳар қандай йигит бу каби тахминлардан умидсизликка тушиши ҳеч гап эмас. Жуда оғриқли баҳо... Муҳими - қийин вазиятда ҳам мотивацияни йўқотмаслик. Орадан бир неча йил ўтгач, Лига 1да «Монпелье» таркибида Баздаревич бошқарувидаги «Сошо»га қарши ўйинда «хет-трик» қайд этдим, жамоам эса турнир жадвали пеш­қадами эди. Ўйин якунлангач, Баздаревич шунчаки, кулиб қўйди: «Жиру - ажойиб футболчи».

- 2011|2012 йиллар мавсумида «Монпелье» билан Лига 1да ютилган олтин медаль қанчалик қадрли?

- Чемпионлик мавсумидан олдин 2-дивизионда икки йил ўйнадим. Фаолиятимда ҳар доим қадамма-қадам олдинга интилганман. Дарвоқе, «Тур» сафида Лоран Косьельни ҳам бор эди, биз Лига 1 йўлланмасини ютишга жуда яқин келгандик. 37-турда «Монпелье»ни енгганимизда, чипта бизга насиб этарди. Бироқ гол уролмадик ва 0:0 натижаси ўлароқ, «Монпелье» элитага йўл олди. Кейинги мавсум Лига-2 тўп­урари бўлдим ва айнан «Монпелье»дан таклиф олдим. Бу жамоадаги биринчи мавсум Лига 1га мослашиш учун кетди, иккинчисида энг яхши тўп­урарга аталган совринга эга чиқдим. Муҳими, биринчи йили чемпионликни қатарликлар қўл остидаги «ПСЖ»дан тортиб олдик - шунчаки, фантастика!  Ғалабамиз натижасида бутун шаҳар ақлдан озди. Зеро, 1974 йили тузилган «Монпелье» ўз тарихида биринчи марта чемпионликка эришганди. Ўша мавсум Франция термасидан илк марта чақирув олдим, 25 ёшда... Бу ўзига хос юришнинг бошланиши эди.

- 2010 йили аслида «Селтик» ёки «Мидлсбро»га ўтишингиз мумкин бўлган экан...

- Шундай. Лекин Лига 1да из қолдиришни истаб, «Монпелье» билан шартнома туздим. Бундан ташқари, жамоа президенти Николлен билан суҳбат кучли таъсир қилди. У очиғини айтди: «Хўш, Шотландияда «Килмарнок»ка қарши ўйнаб, нима топасан?!» Бу менсимаслик эмасди, у шунчаки, Шотландияда вақт йўқотишим мумкинлигини эслатганди. Аслида «Селтик»да ўйнаш вариантига мойил эдим, чунки Британия футболининг ашаддий мухлисман. Хуллас, хориж томон йўл олишга яқин тургандим ва битта суҳбат асносида Францияда қолиб, яна бир катта қадам ташладим. Бир неча йилдан кейин Арсен Венгер мени «Арсенал»га чорлади. Бу - орзунинг ушалиши.

- 2012 йилги трансферлар вақти «Арсенал» сафига қўшилишингиздан олдинроқ Робин ван Перси «МЮ» билан шартнома тузди. Музокара жараёнида сизга машҳур RVP билан ўйнаш ёки унинг ўрнини эгаллаш ҳақида сўз очишганмиди? Умуман, ван Перси ўрнини босиш масъу­лияти босим юкламаганми?

- Венгер шунчаки, янги ҳужумчига эҳтиёж сезаётганини айтди. Ҳарқалай, ван Персининг кетиши ҳақида гапирмади. Тўғри, унинг «Арсенал» билан хайрлашиши маълум эди. Мураббий менга асосий таркибдан жой ваъда қилгани йўқ, зеро, АПЛга кўникишимга маълум вақт кетишини биларди. Венгер мутлақо ҳақ эди: биринчи мавсумда мен учун ҳаммаси муваффақиятли кечди, лекин аъло эмас. Муҳими, жамоа ўйинига тезда киришиб кетдим. Биринчи ўйинда захирадан майдонга тушдим, шундан сўнг таркибдан муқим жой олдим. «Ливерпул»га қарши кечган 3-ўйинимда «Арсенал» мухлислари менинг қўшиғимни куйлашди: Hey Jude. Шунда ўзимга пичирладим: «Эҳ, қойил!» Хуллас, 5,5 йилга чўзилган фантастик саёҳат шу тариқа бошланган эди.

- ЕЧЛ, ЕЛ, Лига 1, Англия кубоги ва ЖЧда ғолиб чиқдингиз, лекин АПЛ кубоги тутқич бергани йўқ. Бундан афсусланмайсизми? Дейлик, мавсум-2015|2016да «Лестер» эмас, «Арсенал» чемпион бўлиши мумкин эди...

- Яхши савол. АПЛда ғалаба қозониш осон эмас. «Арсенал» билан шартнома тузган вақтдаёқ топ-жамоалар ўртасида катта рақобат борлигини тушунгандим, айнан шунинг учун АПЛга интилгандим. Бу чемпионатда ҳақиқий жанг бор. Албатта, чемпион бўлишни хоҳлардим, лекин насиб эмас экан, афсус.

- Онангизнинг дўсти фаолиятингизга маълум даражада таъсир кўрсатган. Унинг 2017 йили сизни «Эвертон»га ўтишдан қайтаргани рост­ми?

- Табиатан ички ишончим жуда кучли. Ҳаттоки, салбий вазиятларга ҳам позитив кўз билан қарайман. Қисқаси, муайян лаҳзада тўғри қарор қабул қилиш учун Яратганнинг аломати кераклигини биламан. Ҳа, онамнинг дўсти Николь билан гаплашиб тураман. Ўшанда вазиятни тушунтириб, ундан сўрадим: «Сизнингча, кетиш керакми ёки йўқ? Маслаҳат зарур!» Умуман, Николь 1-2 марта зарур маслаҳатлар берди ва улар тўғри ечим бўлиб чиқди. Футболда кўпроқ совринлар ютишни хоҳлагандим, амалда шундай бўлди.

- 2020 йили Бензема сизни картинг, ўзини эса «Формула-1» машинасига ўхшатди. Бундан жаҳлингиз чиқмадими?

- Кулгили! Каримнинг гапларини ҳазил сифатида қабул қилдим. Билишимча, ижтимоий тармоқлардаги қандайдир кўрсатувда Бенземадан мен ҳақимда сўрашган ва у шундай ҳазиллашган. Бу ерда ортиқча гап йўқ.

- Франция термаси сафида гол уриш бобида Мишель Платинидан ўзиб кетдингиз. Энди Тьерри Анри рекордини янгилай оласизми?

- Ҳозирги натижамдан фахр­ланаман, ахир Мишель Платини 3та «Олтин тўп» ютган афсонадир. Агар 15-20 йил аввал Франция термаси тарихидаги иккинчи яхши тўп­урарга айланишимни айтишганида, балки мийиғимда кулиб қўярмидим... Анри рекордига келсак, ҳозирча аниқ жавоб беролмайман. Агар рекордни янгилолмасам, ортиқча куюнмайман. Зеро, Анридан ўзиб кетиш биринчи даражали вазифа ҳисобланмайди. Ўзи ютуқларим шундоқ ҳам кам эмас.

- Қизиқ, футболдаги қайси ютуғингиздан кўпроқ фахрланасиз?

- Аслида ЖЧдаги ғалабанинг қиймати жуда баланд, лекин 2017 йили «Кристал Пэлас» дарвозасига «чаён» услубида урган голим учун берилган Пушкаш номидаги совринни алоҳида қайд этмоқчиман.

- «Челси»даги давр ҳақида нима дея оласиз?

- 3,5 йил ичида бундан яхшироғига умид қилолмасдим. Тўғри, биз бир неча финалларда енгилдик, лекин ютуқлар ҳам етарли: Англия кубоги, ЕЛ, ЧЛ... Яна энг яхши тўпурарга айланганим.

- Миландаги ҳаёт ва Златан Ибрагимович билан ўйин муносабатларингиз қандай?

- Оилам Италияга яхши жойлашди, клуб мени илиқ кутиб олди. Ўзимни яхши ҳис қиляпман, лекин COVID ва бел жароҳати таъсир қилди. Златан билан муносабат? Муаммо шуки, унинг ҳам жароҳатлар билан курашишига тўғри келмоқда. Жорий мавсум ҳали кўп марта бирга ўйнашдан умидворман, албатта. Муҳими, бизда катта куч ва юқори даражали ўйинларга тайёр иқтидорли ёш жамоа бор.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:29, 11.01.2022.
Ўқилди: 1462 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.