"Барселона" бош мураббийи Хави Эрнандес Испания суперкубоги ярим финал босқичи доирасида бўлиб ўтадиган "Реал"га қарши ўйин борасида ўз фикрини билдириб ўтди.
"Ферран ва Педри коронавирусдан халос бўлиб, ўйнаши мумкинлиги ҳақидаги хабар биз учун жуда яхши янгилик бўлди. Биз Ферраннинг рўйхатдан ўтказилишини кутаётгандик. Ансу ҳам биз билан бирга ва жамоага ёрдам бериши мумкин.
Кўрамиз, Ансу ва Ферран эртага ўйинда иштирок эта олишадими, улар биз учун муҳим ўйинчилар. Уларга қанчадир ўйин амалиётини берсам керак. Энди футболчиларни йўқотишни истамаймиз.
Жамоадаги ижобий ўзгаришларни кўришда давом этяпман. Биз ўйинимизни кучайтиришимиз керак. Биз қураётган лойиҳага вақт керак. Аммо эртанги ўйин биз учун жиддий синов бўлади. Педри, Ансу, Френки, Араухо. Эртанги ўйинда ҳам, келажакда улар муҳим аҳамиятга эга бўлишади. Уларнинг сафга қайтганидан хурсандман.
Мен фолбин эмасман, аммо оптимистик руҳиятдаман. Қилинган ишлар ҳақида ўйлаяпман. Оарадн 2 ой ўтди ва мен ижобий жиҳатларни кўряпман. Биз рақобатбардош жамоа бўлишимиз керак. Бу финал йўлланмаси учун баҳс бўлади.
"Реал Мадрид", назаримда, айни пайтда улар Испанияда энг яхши формада бўлган жамоа, бизга қийин бўлади. Аммо бизда шундай нарсалар борки, уларнинг ўйинини бузган ҳолда финалга чиқиш учун курашамиз.
"Эл-класико" натижасини тахмин қилиб бўлмайди. Биз ўз қуролимиздан фойдалансак, ҳаммаси жойида бўлади.
"Мадрид"ни тўхтатиш — бу жамоавий вазифа. Иш ҳимояга етиб борса, ақлли ҳаракат қилишингиз керак. Чунки Винисиус ва Бензема рақиб сафидаги жуда хавфли футболчилар. Биз уларни назоратда ушлашга ҳаракат қиламиз.
Мемфис? У ҳам бошқа ўйинчилар каби вазифани бажаради. Ким ўйнашга ҳақли бўлса, ўша майдонга тушади", - деди Хави.