Осиё футбол конфедерацияси талаби асосида ҳар йили эркаклар жамоалари лицензиялаш жараёнидан ўтиши сизга маълум. Футбол клубларининг инфратузилма жиҳатидан ривожланиб боришини таъминлаш мақсадида ўтказиладиган мазкур жараёнга Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси охирги йилларда жиддий эътибор қаратмоқда.
Ўзбекистон Осиёда биринчилардан бўлиб аёллар жамоаларини ҳам лицензиялашдан ўтказишни йўлга қўйди. Хусусан, ортда қолган 2021 йилда Осиёда илк бора аёллар жамоалари ҳам синов тариқасида лицензиялашдан ўтказилди. ЎзПФЛ ОФКнинг қитъада аёллар футболини ривожлантириш бўйича қилинаётган мазкур ташаббусини қўллаб-қувватлади ва ОФКнинг сўровига ижобий жавоб берган ҳолда, кам сонли мамлакатлар қаторида Ўзбекистон аёллар Олий лигаси жамоалари илк бора лицензиялашга ариза топширишди. Бунда 11 та клуб – Олий лиганинг 10 та иштирокчиси ва кўнгилли тарзда Биринчи лиганинг “Динамо-W” жамоаси ОФКнинг онлайн платформаси – AFC CLASга 5 асосий тамойил: спорт, инфратузилма, ишчи-ходимлар, ҳуқуқий, молиявий мезон бўйича зарур ҳужжатлар тўпламларини юклаб боришди.
Якунда, 2 та клуб – Жиззахнинг “Сўғдиёна-W” ҳамда Тошкентнинг “Бунёдкор-W” жамоалари ОФК лицензиясини қўлга киритишди.
Қитъа футбол уюшмасининг режасига кўра, 2022 йилдан эътиборан аёллар жамоаларини лицензиялаш жараёни барча қолган аъзо давлатларда ҳам қатъий татбиқ этилади. Боиси 2023 йилдан бошлаб аёллар жамоалари ўртасида тўлақонли Осиё Чемпионлар лигаси ташкил қилиниши режалаштирилмоқда ва ушбу мусобақада келаси йилдан фақат лицензия оладиган клубларгина иштирок этади.