Кириш Регистрация
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-1 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон 3-0 Динамо
23/11 17:30 Лестер 1-2 Челси
23/11 18:00 Валенсия 4-2 Бетис
23/11 19:00 Верона 0-5 Интер
23/11 20:00 Борнмут 1-2 Брайтон
23/11 20:00 Арсенал 3-0 Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла 2-2 Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон 0-0 Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм 1-4 Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико 2-1 Алавес
23/11 22:00 Милан 0-0 Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити 0-4 Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас 2-3 Мальорка
23/11 22:30 Жирона 4-1 Эспаньол
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург - Сурхон
24/11 16:30 Женоа - Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна - Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе

Оғир болалик ва ниҳоясига етмаган миссия

Баҳо:
+ | -

Аргентиналик Карлос Тевес ёдингиздами? Жанубий америкалик ҳужумчи Европада маълум муддат сермаҳсул ўйин кўрсатдию, кейин бирдан қаергадир «йўқолди». Карлос Тевес - ҳеч кимни бефарқ қолдирмайдиган тақдир эгаси. Уни бошқалардан ажратиб турадиган жиҳат - бу ҳаётида ижобий ва салбий лавҳаларнинг уйғунлашгани.

***

Карлито ота-онасидан барвақт айрилди. Онаси ҳали 1 ёшга тўлмаган чақалоқни ташлаб кетди, отаси эса болакай 6 ёшли пайти вафот этди: 23та ўқ теккан ярадор ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи топилмади. Шу тариқа Карлос аммасининг қарамоғида қолди. Бўлажак футболчи Буэнос-Айреснинг энг нотинч туманларидан бирида яшаган ва болалигида кўчага ёлғиз чиқишдан қўрқарди: «Тунда туманимиз фуқаролар уруши давридаги Байрутни эслатарди - ваҳимали қичқириқлар, отишмалар ва полиция машиналарининг сиреналари... Дайди ўқлар уйимиз ойналарини чилпарчин қилган паллада полга ётиб олганча ибодатда бўлардик. Энг қизиғи, эрталаб мактаб ёки машғулотга йўл олардим, барибир. Баъзан йўлда кечаси отиб ўлдирилган одамлар жасадларига дуч келардим. Туманимизда маст-аласт кимсалар дайдиб юришар, асосан босқинчилик билан шуғулланишарди. Улар эрталаб сариқ чақасиз уйғониб, яна «ов»га отланишарди...».

***

Карлос Жанубий америкалик аксарият болакайлар каби футболга кўчада ошно тутинди. Болалар ўйнайдиган майдон ёнида ахлатхона бор эди ва унинг кўпинча ойна синиқлари ва ифлос шприцлар устидан югуриб ўтишига тўғри келарди. Карлосга лойиқ пойафзал йўқлигидан унинг оёқ панжалари маълум муддат ўсишдан тўхтаб қолганди. Буларнинг ҳаммаси ҳолва: Карлос 10 ойлик пайти қайноқ сув тўлдирилган чойнакни ўзи томон тортиши оқибатида бўйнини куйдириб олган. Ўша нохушликдан қолган чандиқ ҳанузгача яққол сезилиб туради. Таажжубки, Карлос жароҳат изини йўқотиш ўрнига уни шахсий таниқлик белгиси сифатида ардоқлайди. Ваҳоланки, арзимас жарроҳлик муолажаси ёрдамида чандиқдан бемалол қутулиши мумкин эди.

Тевес футбол орқали пул топа бошлагач, биринчи нав­батда, қариндошларининг хавф­ли ҳудуддан кўчиб кетишларини таъминлайди: «Дастлабки йирик маошни «Коринтианс»да олганман. Шунда дарҳол 10та уй харид қилдим. Кейин барча қариндошларни йиғиб, калитларни тарқатдим. Бу улар учун ҳақиқий «сюрприз» бўлганди».

***

Тевеснинг Европага трансфер тарихи ҳам ажабтовур. Аргентиналик ҳужумчи катта футболдаги йўлини 2001 йили, 16 ёшида жонажон клуби - «Бока Хуниорс»да бошлади. Пойтахтда 4 йил тўп сурганидан ке­йин эса муҳитни ўзгартиришга қарор қилди. Лекин Европа эмас, Бразилия­га йўл олди. Тўғри, у «Коринтианс»­да атиги 1,5 йил ўйнади. Тевес учун «МЮ» ва «Челси» курашаётган паллада ҳужумчи яна бир бўлажак юлдуз - Хавьер Маскерано билан бирга «Вест Хэм» таркибига қўшилди. Қизиғи, келишувни Карлоснинг ўзи трансферлар дарчасининг охирги куни эълон қилганди. Англияда Тевес оддий футболчи эмаслигини тезда тушуниб етдилар. Аргентиналик ҳужумчи мавсум-2006|2007 ўртасида ОАВ орқали Алан Пардьюни аямай танқид қилиб, унинг истеъфосини чўзиб юборишганидан таажжубда эканлигини айтди. Тевес ўша мавсум «Олд Траффорд»да «МЮ» дарвозасига урган ягона голи эвазига «бол­ғачилар»ни қуйи лигага тушиб кетишдан сақлаб қолди. Хуллас, унинг «Вест Хэм» савиясидан ўзиб кетгани ойдинлашиб қолганди.

***

Тевес 2007 йилнинг ёзида «МЮ» сафидан жой олди. Келишув ғайриоддий ва мураккаб тарзда ўтиб, судгача етиб борди. Гап шундаки, ҳужумчининг ҳуқуқи «Вест Хэм»дан ташқари, Media Sports Investimens компаниясига ҳам тегишли эди. «Бол­ғачилар» Карлосни қўйиб юбормасликка уринишди, лекин якунда 2 млн. фунт олишга кўнишди. Тевес эса Уэйн Руни ва Криштиану Роналду билан қудратли учлик яратди. Мавсум-2008|2009 Тевес учун унча зўр кечмади - майдонга камроқ тушди. Якунда эркин агент мақомини олди ва «МЮ»нинг ашаддий рақиби - «Манчестер Сити» сафига қўшилди. Бойиб кетган «шаҳарликлар» унга «МЮ»дагидан 2,5 баравар кўп маош белгилашди - йилига 10,5 млн. фунт. Бундан руҳланган ҳужумчи янада ёрқинроқ тўп сура бошлади. Бироқ «Сити» Серхио Агуэрони харид қилгач, Тевеснинг «насиба»си яна яримта бўлди. Натижада бош мураббий Роберто Манчини билан жанжаллашган ҳужумчи ватанига кетди. Лекин 2012 йилнинг баҳорида «Сити»га қайтиб, 44 йил ичидаги дастлабки чемпионликка муносиб ҳисса қўшди. Байрам чоғи эса Алекс Фергюсонга «Мен тирик эканман, «Сити» ҳеч қачон чемпион бўлмайди», деган гапини эслатиб қўйди.

***

2013 йили «Сити» билан хайрлашган Тевес «Ювентус»да ҳам сермаҳсул тўп сурди: 66та ўйин, 39та гол, 2та скудетто, Италия кубоги ва суперкубоги! 2015 йили нафақага оз қолганини эслаб қолган Карлос Аргентинага қайтди. «Бока Хуниорс» уни Марадона бошчилигидаги 40000 мухлис билан кутиб олди. Орадан 1,5 йил ўтгач, ҳужумчи нафақани бир четга суриб, «Шанхай Шэнхуа» билан шарт­нома тузди. Бинобарин, хитойликлар унинг бир йиллик хизматини 40 млн. еврога баҳолашди. Натижада Тевес жаҳон бўйича энг катта маошга эга  футболчи бўлди. Тўғри, хитойликлар суперюлдуз сифатида харид қилган ҳужумчи амалда оддий «пассажир» бўлиб қолганлиги ойдинлашиб қолди: 16та ўйинда атиги 4та гол. Унинг инжиқ табиати ва семириб кетганига тоқат қилолмаган мутасаддилар 2018 йили шартномани бекор қилишди. Карлос эса пинагини бузмай, яна «Бока»га қайтди.

***

Тевес ўтган йилнинг ёзида қадрдон жамоа­си билан ҳам хайрлашди. Афсонавий ҳужумчи матбуот анжуманида кўз ёшларини тиёлмади: «Бока» мен учун дунёдаги энг яхши клуб. Уни отам, онам доимо қўллаб-қувватлашган, худди рафиқам ва ўғлим сингари. Улар ва мухлисларга ёлғон гапиролмайман. «Бока»да ўйнасангиз, бор куч-қувватингизни беришингиз лозим. Мен эса энди буни уддалолмайман». Тевес шундан буён ишсиз. Умуман, у ҳозир футбол ҳақида ўйлайдиган ҳолатда ҳам эмас. Яқинда солиқ тўловлари борасида давлат маҳкамалари билан судлашиб, мағлубиятга учради. Карлоснинг фикрича, уни ўмаришмоқда - талаб қилинаётган маблағ 2020 йили топган даромадидан 2 баравар кўп...

Карлос Тевесни яқинда Эквадорнинг «Барселона» (чемпионлик бўйича мамлакат рекорд­чиси) клуби ўтказадиган анъанавий учрашувга таклиф этишди. Бу жамоа ҳар йилнинг аввалида жаҳон миқёсидаги юлдузларни ўз даргоҳига чорлайди. Роналдиньо, Диего Форлан, Кака, Андреа Пирло, Алессандро Дель Пьеро ва Карлоснинг эски таниши Хавьер Маскерано бундай учрашувларда кўриниш беришган. Тевес эса ҳозирча бир тўхтамга келгани йўқ. Лекин унинг яшил майдонга тушиш иштиёқи сўнганига ишониш қийин.

Содиқ СОБИР тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:30, 17.01.2022.
Ўқилди: 2320 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.