Польша футболида янги кумир бош кўтармоқда. Савол - у чиндан ҳам, «Янги Левандовски» мақомига муносибми? Польша миллий термасининг Евро-2020 пайтидаги машғулотидан кейин жамоа етакчиси Роберт Левандовски ва собиқ бош мураббий Паулу Соуза «Брайтон»нинг янги хариди - Кацпер Козловскини сўроққа тутишади. Жумладан, португалиялик мутахассис йигитчадан унга тақдим этилган видеотаҳлил билан танишиб чиққан-чиқмаганини сўрайди. Кацпер бунга жавобан компьютери йўқлиги туфайли топшириқни бажаролмаганини айтади... Footballhd.ru сайти маълумотлари асосида тайёрланган қуйидаги мақола айнан «Янги Левагол» ҳақида.
Польша миллий жамоаси бош инсайдери Михаль Заходни кейинчалик воқеа қандай ривожланганини ошкор қилди: «Соуза шундан сўнг дарҳол Робертга юзланиб, Кацперга компьютер олиб беришини тайинлади. «Айтилган гап - отилган ўқ!» - футболда турли авлодлар вакиллари ўртасидаги бундай муносабат таҳсинга сазовор. Хуллас, Роберт мураббий илтимосини ерда қолдирмади. Умуман, Козловскига нисбатан катта эътибор борлиги табиий ҳол. Зеро, унга Польша футболининг янги умиди сифатида қарашмоқда». Ёқимли эътироф, лекин амалда Леваголдек афсонага тенглашиш ҳақида ўйлашнинг ўзи ҳам қийин. Аслида-ку, навқирон ярим ҳимоячи ҳозирнинг ўзида айрим жиҳатлар бўйича «Бавария» тўпурарини ортда қолдиришга улгурди. «Кацпердан ҳайратомуз мўъжизалар кутишмоқда. Чунки у терма жамоа таркибига жуда барвақт қўшилиб, Европа чемпионати финал босқичида ўйнашга ҳам муваффақ бўлди. Қисқаси, Левандовски бир неча йиллик машаққатли меҳнат эвазига эришган мақомга ўта қисқа вақт ичида эга бўлди», - дейди Заходни.
«Брайтон» Кацпер учун талаб этилган 8 млн. фунт (11 млн. евро)ни «Погонь Шецин»га қуртдек санаб бериб, мавсумнинг қоқ ўртасида ўз таркибини салоҳиятли ижрочи билан бойитди. Ваҳоланки, Козловскига «Ливерпуль», «Боруссия» Д., «Барселона» ва «Аякс» каби катта клублар ҳам бефарқ қарамаётганди. Факт шуки, камтарин «Брайтон» польшалик ярим ҳимоячи билан бирданига 4,5 йиллик шартномани расмийлаштирди. Қизиқ, Кацпер нега шу жамоани танлади? Биринчидан, Англия клуби ёш иқтидорлар салоҳиятини юзага чиқариш борасида улкан тажрибага эга. Хусусан, ижодий ишларга «Брайтон» техник директори Дэн Эшвортнинг шахсан ўзи бош-қош. «Ньюкасл» анчадан буён уни ўз тизимига жалб этиш ҳаракатида ва бу бежиз эмас. Қолаверса, «Брайтон» - польшаликларга яхши таниш клуб. Дейлик, 2020 йилнинг октябрида «Лех»дан ўтган Якуб Модер айни пайт Грэм Поттер жамоасининг асосий ўйинчиларидан бирига айланган. Шунингдек, Михаль Карбовник ҳам яқин-яқингача Модер билан ёнма-ён тўп сурди ва ҳозир «Олимпиакос»да ижара муддатини ўтамоқда. «Агар шу уч футболчини таққосласак, Кацпер яққол устунликка эга. У ҳам «8-рақам», ҳам «10-рақам» позициясида самарали тўп суришга қодир. Асосийси, Козловски ҳужумга қўшилиш, тўп билан муомалада бўлиш, рақибларни алдаб ўтиш, рейдлар уюштиришни ўрнига қўяди. Тўғри, йигитча фақат ички ҳис-туйғусига таяниб тўп суради, тактикага тоби йўқ. Яъни майдонда чекловларга риоя қилмайдиган ўйинчилар тоифасига киради. Умуман, чекловларни хаёлига келтирмаслиги ҳам ўта жасур футболчи эканлигидан далолат. Дейлик, Кацпер майдонда қалтис қарорлар қабул қилишдан чўчимайди» - бу журналист ва таҳлилчи Михаль Заходнининг эътирофи.
Козловски Евро-2020дан ўрин олган Испания термасига қарши ўйинда майдонга тушиш билан нуфузли турнир тарихидаги энг ёш футболчи мақомини англиялик Жуд Беллингемдан тортиб олди. Заходни мазкур учрашувдан кейин рекордчи-дебютантдан ўйиннинг юксак шиддати нечоғли таъсир қилгани хусусида сўраганида, футболчи хотиржам ҳолда жавоб қайтарди: «Йўқ, қандайдир толиқиш ёки босимни сезмадим. Ҳа, биз асосан узун узатмаларга таяндик. Агар тўп билан тез-тез таъминлаб туришганида, ақлни шоширадиган қандайдир ҳийла ўйлаб топардим, албатта». Қаранг, ёш футболчига хос бўлмаган дадиллик. Айтишларича, Кацпер «Погон»даги дастлабки машғулотларданоқ жамоадошларига кўрсатма бера бошлаган, улардан кўпроқ узатма билан таъминлашни сўраган. Ўша пайт йигитчани бор эътиборини ўйинга қаратишга ўргатишган, энди сабоқлар юксак савияга кўтарилишига ёрдам бермоқда.
Заходни польшалик «жавоҳир» ўз салоҳиятини яққол намойиш этган учрашувга алоҳида тўхталиб ўтди. Воқеа 2019 йили Англия ёшлар терма жамоасига қарши кечган Syrenka Cyp турнири ўйинида юз берганди: «О, ўша баҳсни кўрганингизда эди! Кацпер ўз голи билан аввалроқ 2та тўп ўтказиб юборган Польша термасини жарликдан олиб чиқди. Тўғри, инглизлар якунда ғолиб чиқишди, барибир. Лекин пенальтилар сериясида. Ўшанда Кацпернинг идеал ўйинига илк бор гувоҳ бўлгандик. Мураббийлар ҳам унинг туғма иқтидор эканлигини тасдиқладилар. Жамоа қайси услубда тўп суришидан қатъий назар, Козловски ҳамиша шерикларига бир хил оҳангда дангал мурожаат қиларди: «Тўпни менга узатинг, у ёғини ўзим эплайман».
Йигитча Польшанинг шимоли-ғарбида фаолият юритувчи «Погонь» клуби асосий таркибидан ўтган мавсум жой олганди. Клубда академия ва ёш иқтидорларга катта эътибор қаратилади. «Погон» бош мураббийи лавозимига германиялик Коста Руньяич тайинлангач, тезда ижобий ўзгаришлар сезилди. Тўғри, ҳаттоки, Козловски ҳам ўтган йилнинг июль ойида Европа Конференция Лигасида «Осиек» (Хорватия) тўсиғини енгишни таъминлай олмади. Айтиш ўринли, жорий мавсум «Янги Левандовски» ўйинларидан баҳра олиш имкони йўқ - «Брайтон» уни мавсум охирига қадар ижара келишуви асосида Бельгиянинг «Юнион» клубига жўнатди. Эътиборли томони, бу жамоа айни пайт Бельгия чемпионати турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. «Юни-он» қисман «Брай-тон» соҳиби Тони Блумга тегишли. Шундай экан, Козловскини не-га айнан Бельгияга юборишганида ажабланадиган томони йўқ - йигитча навбатдаги ноёб иқтидор сифатида аввало, «Юнион»да тобланиши керак. Айтганча, Япония терма жамоаси вакили Каору Митома ҳам ҳозирда шу жамоада ижара муддатини ўтамоқда. Аввалроқ Жанубий африкалик ҳужумчи Перси Тау ва ёш ҳимоячи Алекс Кокрейн ҳам «Юнион»да тажриба оширишганди. Экспертларнинг хулосаларига кўра, Кацпер Козловски уларга нисбатан муваффақиятлироқ тўп суриш имкониятига эга. Демак, кутамиз...
маълумот учун
Кацпер КОЗЛОВСКИ
Туғилган санаси ва манзили: 2003 йил 16 октябрь (18 ёш), Кошалин (Польша)
Бўйи:182 см.
Позиция бўйича: ярим ҳимоячи
Клублари: «Погонь Шецин» (Польша) - 2016—2019; «Брайтон» (Англия) - 2022-...; «Юнион» (Бельгия) - 2022—..., ижара
Польша миллий жамоасининг 6та ўйинида майдонга тушган
Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади