Бугун, 23 февраль куни Ўзбекистон терма жамоаси собиқ ҳимоячиси Виталий Денисов 35 ёшга тўлди. Футболчи нафақат ўзбек футболи тарихида, балки Украина ва Россия чемпионатида ҳам ёрқин из қолдирган. Футболчининг карьерасидаги энг яхши даврлар Украинанинг «Днепр» ва Россиянинг «Локомотив М» жамоалари сафида ўтган. Денисовнинг туғилган куни сабаб «темирйўлчилар» матбуот хизмати «Локомотив» сафида ўйнаган 100 нафар афсона» рукни остида Виталий ҳақида махсус мақола тайёрлади. Ҳозир биз сизларга уни тўлиғича тақдим этамиз.
Виталий — ўзига хос футболчи. У нафақат чап қанотда ёрқин ўйин кўрсатибгина қолмай, балки ҳужумга ҳам қўшилганлиги билан ном қозонган.
Шундай қилиб, бугун биз «Локо»нинг «Тор» лақабли (машҳур «Тор» фильмидаги қаҳрамон образи – таҳ) футболчисининг клуб сафида ўтказган ёрқин даврларини эслаймиз. Денисов москваликлар сафида 140 та ўйинни ўтказиб, 1 та гол уришга эришган. У Россия Премьер-лигасида (2018 йилда) ва Россия кубогида (2015 ва 2017 йилларда) ғалаба қозонган. Шунингдек, Россиянинг энг яхши 33 нафар футболчиси рўйхатига ҳам кирган (икки марта - биринчи ўринда).
Футболчи Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг отаси Геннадий Денисов ўзбек футболи афсонаси эканини инобатга олсак, Виталий ҳам илк қадамларини мажозий маънода футбол тўпи билан қўйган бўлса ажаб эмас.
«Ҳа, яхши эслайман, у доим катталар билан ўйнарди», - деб эслайди ўзбекистонлик таниқли футбол менежери, ҳозир Қатарда бўлиб ўтадиган ЖЧ-2022 ташкилий қўмитасида ишлаётган Алишер Никимбаев. - Жумладан, Ўзбекистон терма жамоалари сафида ҳам баъзида катта ёшлилар сафида ўйнаган. Ҳақиқий истеъдод!»
Бу ерда ирсият роль ўйнаган бўлса керак: унинг отаси ҳақиқатан ҳам афсона, совет даврида Тошкентнинг «Пахтакор» жамоасида энг кўп ўйин ўтказган футболчи. Умуман олганда, улар спортчилар оиласи эди. Дарвоқе, Виталийнинг акаси Вячеслав баскетбол билан профессионал тарзда шуғулланиб, Ўзбекистон терма жамоаси сафида ҳам ўйнаган.
«Энди ўйласам, бу менинг юксалишимга катта ҳисса қўшган», — дейди Денисовнинг ўзи. «Агар ўсишни истасангиз, ўзингиздан кучлироқлар билан ўйнанг», - деган иборани ўзим учун белгилаб олдим. Болаликда бир ҳатто икки ёш катта бўлган, жисмонан анча кучлироқ бўлган футболчилар билан тўп тепганман. Ўзбекистон терма жамоалари билан Санкт-Петербургда ҳам, Киевда ҳам, Қозоғистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам бўлганман... Яхшиямки, менда имконият бор эди. Кучли рақибларга қарши ўйинлар ҳам футболчининг ўсишига ёрдам беради. Назаримда, ана шундай турнирлардан бирида, улар менинг ўйинимни пайқашган.
Сарсания Константин Сергеевич менга «Академика» клубига ўтишни таклиф қилди. Кейин онам билан мен Москвага учиб кетдик. Кейин Болгарияда машғулот ўтказдик. У ерда деярли ҳамма жойдан футболчилар бор эди, ҳатто Болтиқбўйи давлатларидан, собиқ Совет Иттифоқининг турли ҳудудларидан футболчилар келган эди... Уларнинг баъзилари жамоада қолган, бошқалари эса йўқ. Ўз меҳнатларим эвазига 16 ёшимда ЦСКАнинг дублига киришга эришдим, 18 ёшимда эса Лиссабонда кечган «Спортинг»га қарши 2005 йилги УЕФА кубоги финалида қатнашдим».
Кейинчалик «армиячилар» уни «Спартак»га ижарага берди. Ундан сўнг Днепропетровскга кўчиб ўтиш ва «Днепр» жамоасида ўтган 6 йил. Ваниҳоят, 2013 йил бошида – «Локомотив»! «Локо» сафидаги дебют ўйин «Терек»га қарши кечган. Бироқ, негадир Виталий ўша учрашувни эслай олмади. Аммо, у «Зенит» билан ўйин ҳақида шундай дейди:
«Очиғини айтсам, ўша ўйинда ҳаракатларимнинг ҳаммаси яхши чиқмади», — деб эслайди у. - Халк мени ажойиб тарзда алдаб ўтди ва гол урди. Ўтказиб юборилган голда кўп жиҳатдан менинг айбим бор эди. Аммо ўйиндан кейин Славен Билич мени тинчлантирди. Футболчи учун энг муҳим нарса —мураббийнинг ишончи. Агар, сизга катта ишонч билдирилса, сиз қўлдан келганингизча ҳаракат қиласиз! Дарвоқе, «Локомотив»да ўйнаган пайтим мураббийлар борасида омадим келган — Кучук, Черевченко, Божович, афсонавий Палич. Мен ҳамма ҳақида фақат яхши нарсаларни айтишим мумкин. «Локо»га келганимдан кейин, жамоа билан ишлаган барча мураббийлар менинг хотирамда ўчмас из қолдирган.
Менинг ҳаётимдаги энг унутилмас вақеа 2015 йилда бўлган. Клуб билан биринчи марта Россия кубогини қўлга киритганмиз. Бу ҳис-туйғуларни ҳеч нарса билан ифодалаб бўлмайди. Ва кейин - иккинчи кубок ва албатта, чемпионлик. Мен бир кун келиб, жамоа мухлислари ёдидан кўтарилишим мумкин, лекин «Локо» билан олтин медални қўлга киритганим ҳеч қачон унутмайман».
Виталий Денисов 2013 йил августида «темирйўлчилар» сафидаги биринчи ва ягона голини киритди. У «Краснодар» дарвозасига киритган голи ҳақида шундай дейди:
«Ўша куни об-ҳаво даҳшатли бўлганини жуда яхши эслайман. Кучли ёмғир сабаб ўйин бир неча соатга қолдирилганди. Гол? Албатта, эсимда. Майдон марказида жамоадошларим тўпни эгаллаб олишди. Кейин эса Саша Самедов жарима майдончасига кириб келди. У тўпни ҳимоячилар орасидан олдинроққ ташлаб берди. Майкон ҳам тўпга яқин эди, лекин у мени кўрди ва тўпни қолдирди... Мен эса кучли зарба билан дарвозага йўлладим.
Агар ўйинлар ҳақида гапирадиган бўлсам, Москва клуби сафида эсда қоларди учрашувлар кўп бўлган. Лекин мен уларнинг иккитасини ажратиб кўрсатаман. 2014 йил ноябрь ойида «Динамо»га қарши ўйин - 4:2. Шунингдек, «Спартак»га қарши чемпионлик учун кураш - 4:3. Ўша пайтда юлдузли «Динамо»ни мағлуб этиш жуда қийин эди, қолаверса ўйиннинг 50-дақиқасигача биз 0:2 ҳисобида ютқазаётган эдик. «Динамочилар» сафида Ионов ва Жуджак гол уришган эди. Аммо биз ўйинни ўзгартиришга муваффақ бўлдик: ярим соатдан камроқ вақт ичида тўртта гол уришни уддаладик. Мен эса ўша ўйинда захирадан майдонга тушганман, шунинг учун мен бу ўйин билан фахрланишим мумкин: ушбу баҳсда бевосита иштирок этганман ва жамоага қўлдан келганча ёрдам берганман. Тўғри мен гол урмадим ёки кимгадир асисстентлик қилмадим, лекин кўплаб ҳужумларни бошлаб берганман»
Бироқ, Денисов нафақат ўзи иштирок этган ўйинлари учун, балки ҳар доим астойдил курашганлиги учун ҳам уни «РЖД Арена» трибуналарида уни жуда яхши кўришган.
Виталий билан боғлиқ жуда кўп воқеалар бор (масалан, у Дмитрий Тарасовга берган ваъдаси учун сочини кесган), аммо биз ҳозир ҳаммасини эслай олмаймиз. Келинг, «matchtv.ru» сайтида Артём Мелников билан бўлган интервьюсидан бир парчани келтирамиз:
«...Интернетдаги мен ҳақимда энг кулгили воқеа? Тўғри айтдингиз, кўпчилик мени Тор номли кино қаҳрамонига ўхшатишади. Кимдир ўша қаҳрамон ва менинг расмимдан коллаж ясади... Биринчи марта кўрганимда овозимнинг борича кулиб юбордим. Йигитлар дарҳол мени масхара қила бошладилар. Қолаверса, ўша куни «Зенит» билан ўйнашимиз керак эди:Халк Торга қарши. Умуман олганда, бу ажойиб эди.
- Турли тадбирларда иштирок этишни ёқтирасиз. Энг эсда қоларли воқеаларни айтиб бера оласизми?
- Мухлислар мендан бирор нарса сўраса, ҳар доим талабларини қондиришга ҳаракат қиламан. Мен камдан-кам ҳолларда тўйларга бораман, аммо бир куни «Локомотив» мухлисларидан бири мени таклиф қилди. Аёл «Локо» мухлиси бўлагнтурмуш ўртоғини ажаблантирмоқчи бўлди... Мен рад эта олмадим ва кечага бордим, янги турмуш қурганларни табрикладим. Бу қизиқарли эди. Эсимда, йигит мени кўриб ҳайратда қолди!
Яна бир қизиқ воқеа бўлган. Интернетда вороженлик «Локомотив» мухлиси билан танишдим. Унинг исми Александр эди. У тез-тез дўстлари билан бизнинг ўйинларга келиб турарди. У мендан ўйин пайтида қиз дўстининг қўлини сўрамоқчи эканлигини айтиб, ёрдам сўради.
Ака-ука Миранчук «Менга турмушга чиқ» деб ёзилган баннер ясашда ёрдам беришди. Ҳаммаси клуб билан келишилган эди. Бу аниқ қайси ўйин эканлигини эслай олмайман, аммо ўша кунни ҳеч қачон унутмайман. Александр майдонга чиқди, мен ва йигитлар баннерни очдик ва у трибунада ўтирган севгилисига турмуш қуришни таклиф қилди. Бу зўр эди ... Мен бундай нарсаларга осонгина рози бўламан. Биламан, мухлислар футболчиларни такаббур, фақат пулни ўйлайдиган одам деб билишади. Аммо бу рост эмас».
Ҳа,Виталий ана шундай футболчи эди. Биз нафақат «Локомотив», балки бутун ўзбекистонлик мухлислар номидан Витянинг 35 ёшлик юбилейи билан табриклаймиз. Денисов «Локо»дан кейин Самаранинг «Крилья», Қозоннинг «Рубин», Волгограднинг «Ротор» ва Калининграднинг «Балтика» клубларида ўйнади. Аммо у ҳали ҳам карьерасини якунлашни режалаштирмаяпти! Чунки, унинг ҳали ўз олдига қўйган катта мақсадлари бор.
Сизга омад тилаймиз, Тор!
Жамшиджон Маҳмудов таржимаси.