Кеча Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогининг навбатдаги босқичи бошланди. Мусобақада дунёнинг 30та давлатидан энг кучли гимнастлар ғолиблик учун баҳс юритишмоқда.
Нуфузли мусобақада ўзбек спорти афсонаси, Олимпиада ўйинларида 8 маротаба қатнашган тарихдаги ягона гимнастикачи Оксана Чусовитина етакчилигидаги бир гуруҳ спортчиларимиз ҳам юртимиз шарафини ҳимоя қилишга бел боғлашган.
Биз учун хушхабар: кеча бўлиб ўтган таяниб сакраш машқларида 46 ёшли спортимиз фахри Оксана Чусовитина саралаш баҳсларида энг яхши учинчи натижани қайд этди ва якунда финал босқичи йўлланмасини қўлга киритди. Ушбу йўналишда россиялик 16 ёшли спортчи Виктория Листунова энг яхши натижани қайд этди. Венгриялик Мария Ченге Бачкай эса иккинчи поғонадан жой олди.
Дарвоқе, Жаҳон кубогининг Доҳа босқичида афсонавий Чусовитинадан ташқари яна бир олимпиадачимиз Расулжон Абдураҳимов, шунингдек Ҳабибулло Эргашев, Ўткирбек Жўраев, Абдулла Азимов ва Гулноз Жумабекова каби истеъдодли спортчиларимиз ҳам иштирок этишяпти.
Мураббийлар штабига Равшан Мирзаев, Евгений Галкин, Андрей Ниловлар киритилган бўлса, ҳамюртларимиз Отабек Машарипов ҳамда Оксана Киося ҳакамлар таркибидан жой олган.