«Ливерпуль» бу мавсумда ҳам 4 та чемпионликка даъво қилмоқда: Юрген Клопп жамоаси Лига кубогини қўлга киритди, Премьер-лигада иккинчи ўринда («Манчестер Сити»дан 3 очко ортда) ва Чемпионлар Лигаси ва Англия Кубогининг 1/4 финалига йўл олди.
Шунга қарамай, «Ливерпуль» мухлисларининг норозилигига жиддий сабаб бор: клуб ҳалигача Муҳаммад Салоҳ билан шартномани узайтиргани йўқ. мисрликнинг «қизиллар» билан амалдаги шартномаси 2023 йилнинг 30 июнида тугайди. Кўринишидан, томонларнинг шартнома узайтириш бўйича музокаралари яқинда тўхтаб қолган.
Аслида сабаб нима?
2022 йил бошида Салоҳ «Ливерпуль» таклиф қилаётган шартлар уни қониқтирмаслигини очиқ айтди: «Мен жамоада қолмоқчиман, аммо бу ҳолат менинг қўлимда эмас, клубнинг қўлида. Улар менинг нима истаётганимни билишади. Мен улардан жуда ҳам катта шартнома сўрамаяпман ва ҳозирча менга бошқа бирор клубдан ҳам таклиф йўқ».
Клопп жамоасидаги энг яхши ўйинчисига шундай жавоб қайтарди: «Биз кўпроқ нарса таклиф қила олмаймиз, вазият шундай. Кўп жиҳатдан, бу Муҳаммад ва клубнинг муаммоси. Аммо раҳбарият қўлидан келганини қилди. Ҳаммаси шу».
Мисрлик футболчининг агенти Рами Аббос Клоппнинг сўзларига еттита кулиб турган эможи билан муносабат билдирди.
«Салоҳ ва унинг агенти «Ливерпуль» уларга таклиф қилаётган шартномани қабул қилишни хоҳлашмади. Музокаралар декабрь ойида тўхтатилган ва ҳалигача давом эттирилмаяпти», — деб ёзади инсайдер Фабрицио Романо.
Дарҳақиқат, янги шартнома имзолаш жараёни боши берк кўчага кириб қолган: «Ливерпуль» Салоҳнинг истаётган шартнома шартларини билади, лекин уни қондира олмайди ва буни молиявий ҳолати ҳам кўтармайди. Салоҳ эса клубда қолишни истайди, лекин у ойлик маошини камайтиришга тайёр эмас. The Mirror нашрининг ёзишича, мисрликнинг агенти клубдан футболчининг маошини икки баробар оширишни талаб қилмоқда: ҳафтасига 200 эмас, 400 минг фунт стерлинг.
Ҳозир «Ливерпуль»да ҳеч ким ҳафтасига 400 минг фунт тугул, 300 минг ҳам маош олмайди. Жамоанинг энг кўп маош олувчи футболчиси Виржил ван Дейк — 220 минг фунт, Тиаго Алькантара - 200, Трент, Фирмино ва Фабиньо - 180, Садио Мане эса ҳафтасига «атиги» 100 минг фунт олади.
«Энфилд» раҳбарлари ўз принципларига амал қилишади: Салоҳга 400 мингга маош бериб, клубнинг молиявий тизимини бузишни истамайди. Ўтган мавсум «Бавария» шундай муаммога дуч келди: немис клуби Люка Эрнандес билан янги шартнома имзолашда катта хатога йўл қўйди (Kicker нашри маълумотларига кўра йилига 24 миллион евро). Эрнандес қанча олишини билиб, «немис машинаси» билан шартномаси якунланиб бораётган Давид Алаба клубдан йилига 20-25 миллион маош сўради. Австрияликнинг талаблари «Бавария» учун ноадекват деб топилди ва у «Реал»га эркин агент сифатида ўтди.
Худди шундай сабабга кўра, 2021/22 йилги мавсумдан кейин «Бавария» Никлас Зюле жамоани текинга тарк этади. Германия терма жамоаси ҳимоячиси эркин агент сифатида Дортмунднинг «Боруссия» жамоасига ўтади. «Ҳозирда «Бавария» Эрнандеснинг шартномаси туфайли тузоққа тушиб қолди», — деб ёзади Kicker немис клубидаги манбасига таяниб. «Чунки ҳозир жамоанинг барча энг яхши футболчилар маошларини сезиларли даражада оширишни талаб қилмоқдалар».
«Ливерпуль» мухлисларининг бир қисми маош балансини бузишни истамайдиган раҳбарият сиёсатини қўллаб-қувватламоқда. The Liverpool Offside нашри ўтказган сўровномада кўпчилик клуб мухлислари «қизиллар»нинг принципларини қўллаб-қувватлашди
«Нефт компанияларининг пули билан пиар-машинаси бўлмаган клублар қийин қарорлар қабул қилишлари керак. «Ливерпуль» ҳам бир неча бор қийин танловларни қабул қилган ва доимо уларнинг қарори ўзини оқлаган. Улар Эмре Жанга жамоани эркин агент сифатида кетишга рухсат беришди, лекин уларнинг шартнома сиёсатини бузмадилар. Клуб Коутиньони сотиш бўйича музокаралар олиб боришдан қўрқмади ва уни «Барселона»га катта суммага сотди, ҳамда бу суммани оқилона сармоя қилишди.
Улар Вейналдумга ҳам ойлик-маош тизимини бузмаслик учун текинга кетишга рухсат беришди. Эҳтимол, мерсисайдликлар Салоҳ билан ҳам шундай қилишади. Салоҳ билан тенглаша оладиган футболчини бошқа кўрмаслигимиз мумкин. Чунки «Ливерпуль» мухлислари Иану Раш, Кенни Далглиш, Робби Фаулер, Стивен Жеррард, Луис Суарес ва бошқа шу каби футболчиларни кўрмади. Футболчилар келади ва кетади, лекин «Ливерпуль» ҳамон ўша-ўша.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.