«Қайрат» ярим ҳимоячиси Жасур Жалолиддинов Қозоғистон чемпионатининг 3-тури доирасида бўлиб ўтган «Тараз»га қарши ўйинда (1:1) дебют қилди. Ўзбекистонлик футболчи ушбу ўйин ҳақида ўз фикрини билдириб ўтди.
— Жасур, «Қайрат» сафидаги дебют учрашувингиз ҳақида нима дея оласиз?
— Ўйлашимча, ёмон ўйнамадим. Аммо энг муҳими — бу натижа. Дуранг бизни қониқтирмади. Ишларимиз яхши томонга юриши учун кўпроқ ишлашда давом этамиз.
— Танаффусдан захирага олиндингиз. Буни кутганмидингиз ёки кўпроқ ўйнашни истаганмидингиз?
— Бу биринчи ўйин эканини инобатга олсак, бу нормал ҳолат. Мослашув жараёни кетмоқда. Ҳеч ким менга ёмон ўйнаганимни айтмади. Ўйлашимча, бўлимни яхши ўтказдим.
— Қурбон Бекиевичнинг айтишича, бугун сиз ўз имкониятларингиздан 50 фоизини ҳам кўрсата олмадингиз. Шу фикрга қўшиласизми?
— Ҳа. Бундан яхшироқ ўйнай олишимга ишончим комил. Клубга тўла мослашиб олиш учун икки ой муддат кам. Мураббийнинг ўз талаблари бор ва менинг унинг талабларига мослашишим керак.
— Қозоғистон чемпионати сизда қандай таассурот қолдирмоқда? Ўзбекистон чемпионати билан таққослаш мумкинми?
— Бизда кўпроқ техникага асосланган футбол ўйналади, бу ерда эса футбол кучга асосланган, курашлар кўп. Шунингдек, Қозоғистонда яхши легионерлар бор. Айни пайтда Қозоғистон чемпионати Ўзбекистон суперлигасидан кучлироқ. Боз устига, бу ерда Қурбон Бердиев каби мутахассислар бор. Афсуски, Ўзбекистон чемпионатида бундай мураббий йўқ.
— Қозоғистон матбуотида "Қайрат" Марказий Осиёдаги барча "Месси"ларни йиғиб олгани ҳақида гапирилмоқда. Гап Сиз, Сейдаҳмат ва Алиқулов ҳақида кетмоқда. Бундай таққосга муносабатингиз қандай?
— Бу биз учун муҳим эмас. Кийиниш хонасида ёнма-ён ўтирамиз. Ушбу мавзуда мен, Гулжигит, Сейдаҳмет ўзаро ҳазиллашамиз. Бу жиддий гап эмас.