2022 йилги Жаҳон чемпионати яқинлашмоқда. Бунда ҳар бир терма жамоа ўзи учун маъқбул футболчиларни йиға бошлайди. Англия ҳам бундан мустасно эмас. Қуйида Гарет Саутгейтнинг дарвозабонлар борасида қандай имкониятларга эга эканини кўриб чиқамиз.
10. Этьенн Грин
Сиз «Сент-Этьен»нинг Этьенн Грин исмли посбони ҳақида эшитмаган бўлишингиз табиий, албатта. 21 ёшли дарвозабон ёзда ўзи туғилган мамлакат шарафини ҳимоя қилишга отланади. Бу эса Саутгейтнинг эътиборини тортиши аниқ. Чунки Грин ўз клубнинг ишончли вакилидир.
9. Бен Фостер
Интернет тармоқларида фаол бўлган футболчи 2011 йилда халқаро баҳсларда қатнашмай қўйган эди. У 2014 йилги Жаҳон чемпионатида Англия терма жамоасига қайтади. Шундан сўнг, у анча вақт кўринмай кетган эди. Фостер айни дамда «Уотфорд» постини қўриқламоқда.
8. Алекс Маккарти
Маккартини футбол мухлислари «Саутгемптон»даги қўпол хатолари билан эслаб қолган. У шундан кейин, анча вақт давомида ўз формасини тиклаб ола билмади. Ҳозирда эса у барча каби «Стандарт АПЛ дарвозабони»га айланди.
7. Карл Дарлоу
Карл узоқ йиллардан бери «Ньюкасл» сафида ҳаракат қилиб келмоқда. У ўз вақтида жамоасининг энг асосий посбонига айланган эди. Дарлоу ўшанда Мартин Дубравка билан тенгма-тенг рақобат қила олган. Дарвозабон бир неча мавсумлик ижарадаги саргардонликдан кейин, яна «қарғалар» заҳирасига қайтди.
6. Фрейзер Форстер
Бир пайтлар Форстер кўпчилик томонидан Англия терма жамоасининг биринчи рақамли дарвозабони бўлади деб қаралган эди. Амалда эса ундай бўлмади. Форстер фаолиятининг чўққиси «Саутгемптон» клуби бўлиб қолди. У Англия термасида олти марта ўйин ўтказган, холос.
5. Сэм Жонстон
Давид Де Хеа ўз даражасини кўрсата олмаганда, Жонстон кўп ёдга олинар эди. Чунки у «қизил иблислар» мактабидан чиққан. Иқтидорли дарвозабон бир неча мавсум пастки лигаларда ижарада юрди. Жонстоннинг ҳозирги манзили «Вест Бром» бўлиб турибди. Шунга қарамай, Саутгейт уни ҳали-ҳамон терма жамоа йиғинига чақириб келмоқда.
4. Дин Хендерсон
«Шеффилд Юнайтед»даги (2019-20) омадли мавсумдан кейин кўпчилик уни Де Хеа ўрнини босишини тахмин қилади. Сульшер даврида Хендерсон ва Де Хеа галма-галдан тез-тез алиштириб турилди. Аммо сўнгги пайтларда 24 ёшли талант катта ўйинлардан мосуво қолмоқда. Хендерсоннинг сифатли футболчи экани борасида шубҳалар йўқ. Аммо доимий ўйин амалиёти жуда ҳам муҳим нарса.
3. Ник Поуп
Ишончлилик борасида камдан-кам вакил Поупга тенглаша олади. «Бёрнли» посбони барқарорликнинг намунаси саналади. У 3 йилдан бери доимий равишда терма жамоага жалб қилинади. Аммо Поуп Евро-2020ни жароҳати сабаб ўтказиб юборишга мажбур бўлганди. Ҳозир эса у билан ҳаммаси жойида.
2. Эрон Рамздейл
«Арсенал»нинг омадсиз стартидан кейин, Рамздейл ҳаракатлари орқали жамоа ўзини тиклай олган эди. Бугунга келиб эса, айнан у миллий терма жамоа постига асосий даъвогарга айланди. Ҳаммаси мавсум якунида ҳал бўлади.
1. Жордан Пикфорд
Англия терма жамоаси устози ҳозир ҳам Пикфордни асосий сифатида танлайди. «Эвертон» вакили 2021 йилда энг зўр мавсумларидан бирини ўтказади. Агар Европа чемпионати финалида инглиз ҳужумчилари ўз ишини яхши бажара олганларида эди, Пикфорд миллий қаҳрамонга айланган бўларди. Афсуски, ундай бўлмади...
ИСМАТОВ Ж.