Бу нима бу? Иродами? Йўқ, ирода деб масалан ҳисобда орқада бораётиб, ғалаба қозониш тушунилади. Бу бироз бошқача, ҳар қандай вазиятда ҳам синмаслик, эгилмаслик, букилмаслик. Ҳа, ўша иккинчи голдан сўнг ҳам, меҳмонларда имконият ёмон эмасди, битта гол кифоя қиларди. Лекин биласизми, гап ўша керак голларнинг қанчалигида эмасди. Бу немисча характер. Керакли голлар учта бўладими, демак қолган вақт учга бўлинади ва вақтнинг ўша қисмида атиги битта гол керакдек, хотиржам ўйнай олишади. Бу анъана. Эрталаб. Азамат Муродов ўша икки йил олдинги “МЮ”га қарши ўйинни бекорга эсламаган экан. Айтганча, Бобур Акмаловни ҳам эслаб қўйиш керак. Ўйин тақдирин Касильяс ва Нойерлар ҳал қиладилар, деб юборганди. Йўқ, баъзилар норози бўлгандек, бу фолчилик эмас, бу “ставкалар”...
Жамоалар деярли Мюнхендаги таркибни танлашди. Фақат ўтган ўйиннинг сўнгги дақиқалари Ламни ўтказиб юборган Коэнтрау ўрнига Марсело туширилди. Меҳмонлар айнан ўша таркибни туширган бўлишса-да, адашмасам вазифаларда фарқ бордек эди. Бу сафар Рибери эмас, кўпроқ Роббенга кўпроқ босим ва вазифа юкланганди. Биринчи таймда.
Жамоалар, айниқса “Бавария” ўйинга қандай тактика танлаганини билолмай қолдик. Сабаби, ҳисобда фаворит сифатида ташриф буюрган немислар бешинчи дақиқадаёқ “таъқибчи” ролига киришга мажбур бўлдилар. Тўп Алабанинг қўлига тегди ва пенальтини Роналду аниқ амалга оширди. Пенальтилар ҳақида яна, кейинроқ.
Иккинчи гол ҳам узоқ куттирмади. Ўзилнинг тўп узатишидан сўнг, Роналду турнирдаги ўзининг ўнинчи голини киритди. Гуёки ўйин эйфория билан бошланган бўлса-да, “Бавария” ўзини йўқотмади. Албатта, мураббий “Реал”нинг ҳисобни очиши мумкинлигини назардан қочирмаган ва албатта, “Б” режаси бўлган. Иккинчи гол эса, умуман олганда вазифани кескин ўзгартирмади. Барибир, меҳмонларга битта гол керак эди. Бу гол ҳам куттирмади.
Айтиш керакки, “Реал” ўйин бошидаги прессинг ва ажойиб реализация эвазига эпизодларни голга айлантирган бўлса, “Бавария” ягона гол учун анча тер тўкди. Аниқроғи, бир нечта қулай вазиятларни юзага келтирди ва Роббеннинг пенальтидан голи олдинги ҳужумларнинг мантиқий давоми эди. Кроос ўнг қанотдан юқорилатиб тўпни жарима майдонига узатди, Пепе эса боши билан зарба беришга ҳаракат қилган Гомесни итариб юборди. Бундеслиганинг энг муҳим пенальтисини ура олмаган Роббен ЕЧЛ нинг энг муҳим пенальтисида адашмади – 2:1
Жуда қалтис ҳисоб, гуёки, ҳаммаси тенгдек. Лекин ундай эмас. Ўйинга бўлган муносабат, риск, руҳий босим умуман бошқача эди. Биринчидан, бундай ўйинларда доим сўнги голни урган жамоада руҳий ҳолат яхшироқ бўлади. Иккинчидан, “Бавария”нинг ҳар бир голига энди, “Реал” иккита гол билан жавоб беришга мажбур эди. Бу жуда аҳамиятли. Шунинг учун ҳам, “Бавария” қўрқмасдан олдинга борар, биттадан гол алмашиш уларга фойда келтирар эди. “Реал” эса, гол ўтказиб юборишдан жуда қўрқаётганди. Натижада ҳимоячилар деярли олдинга чиқишмади, позицион ҳужумларда қўшимча кучлар, қанотлар етишмади.
“Бавария” эса, айниқса иккинчи таймни фаол ўтказди. Энди, тўп билан кўпроқ Рибери муомалада бўла бошлади, қисқа паслар кўпайди. “Бавария” тўп жойлашган ерда жуда зич ўйнади,яқин масофада ўзини ноқулай сезадиган мезбонлар эса юқорилатиб узун паслар билан ўйнашга мажбур эдилар. Бу борада эса, “Реал” таркибида динамика етишмади – Ўзил анча фаол ўйнаган бўлса, Ди Мария умуман ўйиндан четда қолди.
Мадридликларнинг ўйини яхши чиқмаганининг асосий сабаби бошқа. Мана шу “Реал”, яъни Моуриньонинг жамоаси 2-3 йиллик яқин тарихида Европанинг кучли жамоалари билан деярли ўйнамаган. Гуруҳ босқичи ҳисобмас, плей-оффларда ЦСКА, “Лион”, “Тоттенҳэм” каби, айнан бундай ўйинларда тажрибаси камроқ, “Реал”дан шубҳасиз қўрқадиган жамоаларга қарши ўйнаган. Бу омил туфайли, “Реал” кучли қаршилик қиладиган топ жамоаларга қарши биринчи ролда ўйнашни ўргана олмапти. Бу кўникма машғулот билан ёки кўрсатма билан юзага келмайди. Бунинг учун кўпроқ ўйнаш керак, шу холос. Мюнхенда ҳам, Мадридда ҳам, “Реал” ташаббусни, майдон назоратини қўлга ола билмади. Ҳа-я, “Барселона” билан ўйнаган, дерсиз. Бу жиҳатдан, “Барселона”га қарши ўйнаш осон, биринчи рол керакмас. Кейин, санаб кўринг, нечанчи ўйинда ўхшади? “Бавария” эса ушбу мавсумдаги “Реал” йўлига чиққан дастлабки жиддий рақиб эди. Аслида бутунлай ташаббускор ўйин кўрсатиши керак бўлган ва бунинг учун етарли потенциалга эга жамоа майдонда негадир йўқолиб қолди. Роналду иккинчи таймда умуман кўринмади. Кака қулай вазиятлар яратса-да, ижрода оқсади. Гранеро эса... Гранеро пенальти ишламоқчи бўлди, Кашшаи эса унга – “сабр қил, ҳозир бешта қўйиб бераман” деб қўйди холос. Пенальтилар сериясини шарҳлаш шарт эмас. Бу лоторея. Ҳар икки жамоа ҳам, барибир финалга лойиқ эдилар ва ҳар икки жамоа бунга яқин тургандилар. Ушбу мавсумда пенальтидан умуман адашмаган Роналду энг муҳим пенальтини бой берди. Омад меҳмонлар томонида бўлди. Чин маънода.
Ҳа, айнан омад. Моуриньонинг чўккалаб ўтирганини кўрдингизми? У энди ҳеч нарса қила олмас, бор умидини фақат ва фақат футболга қаратганди. Ҳеч қандай стратегия ёки ҳисоб китоблар энди ўтмасди. Бу нимани англатди менга, биласизми? Умуман ушбу мавсумнинг бошидан, испан жамоаларининг Европадаги гегемонлиги, бошқалардан бир калла кучлилиги ҳақида кўп гапирилди. Бу икки жамоа фақат бир-бири билан курашди ва ҳақиқатан ҳам кучайди. Айнан “Челси” ва “Бавария”нинг ғалабаси эса, футбол тириклигини яна бир бор исботлади. Йўқ, мен футбол деганда ҳужумкор, чиройли, ҳимоявий деб ажратмаган бўлардим. Футбол бу бошқа нарса...
Футбол бу, бир тўпнинг орқасидан йигирма икки ИНСОН югуриб юрадиган ва ким ғолиб чиқишини хуштак чалингунча билиб бўлмайдиган спорт тури. Ҳа, ҳа, СПОРТ!
Қ.Асланов
ЕЧЛ. 1/2 финал. Жавоб учрашуви.
РЕАЛ МАДРИД (Испания) – БАВАРИЯ (Германия) 2:1 (2:1, 0:0, 0:0, 0:0)
Пенальтилар серияси бўйича - 1:3
Голлар: Криштиану Роналду (6-пенальтидан, 14) — Роббен (27-пенальтидан).
Реал Мадрид: Касильяс, Арбелоа, Пепе, Рамос, Марсело, Хедира, Алонсо, Ўзил (Гранеро, 111), Ди Мария (Кака, 75), Роналду, Бензема (Игуаин, 106).
Бавария: Нойер, Лам, Ж. Боатенг, Бадштубер, Алаба, Швайнштайгер, Л. Густаво, Кроос, Роббен, Рибери (Мюллер, 95), Гомес.
Пенальтилар серияси: 1:0, 1:1, 1:2, 1:3.
Огоҳлантиришлар: Алаба (5), Пепе (27), Арбелоа (59), Роббен (90), Л. Густаво (102), Бадштубер (104), Гранеро (115).
Бош ҳакам: Виктор Кашшаи (Венгрия)
25 апрель, «Сантьяго Бернабеу» стадиони. 84.454 томошабин
Дастлабки учрашув — 1:2