Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Африкача «томоша» кульминацияси

Баҳо:
+ | -

Сешанба оқшоми АФК (Африка футбол конфедерацияси) миқёсидаги ЖЧ-2022 саралаш бошқичи якунига етди. «Плей-офф» раунди жавоб ўйин­ларидан сўнг Марокаш, Камерун, Тунис, Гана ва Сенегал миллий жамоалари Қатар йўлланмасига эга чиқди. Ҳал қилувчи учрашувлар можарою, «томоша»лардан ҳам холи бўлгани йўқ. Хусусан, Нигерияда катта жанжал юзага келди, Сенегалда чинакам драма кузатилди. Sports.ru сайтининг қуйидаги мақоласи шу воқеалар тафсилоти ҳақида.

МАҒЛУБИЯТ АЛАМИ ЁМОН...

Нигерия миллий жамоаси 16 йил бадалига илк марта ЖЧ финал раундидан четда қолди. «Супербургутлар» ўз майдонларида Гана термасини енга олишмади - 1:1. Натижада ганаликлар меҳмонда урилган гол эвазига Қатарга борадиган бўлишди (биринчи ўйин - 0:0). Хуллас, Нигерия термаси 2006 йилдан буён илк бора мундиал томошабинига айланди. Бунга чидолмаган маҳаллий мухлислар финал ҳуштаги чалинганини билан майдонга бостириб тушиб, қўлларига илинган нарсани синдиришга киришдилар - ўриндиқлардан тортиб, реклама тахталаригача... Тўполондан ганалик мухлислар ҳам, стадион хизматчилари ҳам ўз «насиба»ларини олишди. Шунингдек, болбой (майдон четида тўп ташлаб турувчи болалар)лар ҳам жабр чекишди.

Аслида ҳаммаси ўйин бошланишидан олдин бошланган эди. Яъни минглаб мухлислар стадион дарвозани бузиб, ичкарига нақ 2,5 соат олдин кириб олишди. «Стадионга кираверишдаги тиқилинчни суратга олаётганимда, ҳарбийлар ва полициячилар асабимга тегишди. Улар бўйнимга аккредитация осиб олганимга қарамай, телефонимни тортиб олиб, синдиришди. Ташкилотчилик даражаси - ноль. Оломон назорати ҳам. Нигерия ўзини шарманда қилишни яхши кўради. Гапиришимга имкон беришмади, юзимга ҳар томондан тарсакилар тушди. Бу ишга киришганимга 12 йилдан ошди, аммо ҳеч қачон бу қадар камситилмагандим», - дея нолиди журналистлардан бири.

Жабрланганлар орасида Нигерия футбол федерацияси вакили ҳам бор. Айтишларича, маҳаллий ҳокимият миллий жамоага ёрдам бериш мақсадида стадионни тўлиқ тўлдиришга қарор қилиб, 20 минг донадан кўп чиптани сотиб олиб, мухлисларга бепул тарқатган экан. Шунингдек, аренага бепул автобус қатнови йўлга қўйилганди. «Маълумки, «супербургутлар» ЖЧ-2022 саралаши «плей-офф» раунди жавоб учрашувида «қора марваридлар»га қарши майдонга тушадилар. 29 март куни барча офислар кундузи соат 01:00да ёпилади», — деб хабар берганди мамлакат футбол федерацияси. Спорт журналисти Кен Очоногор эса «Твиттер»да мухлисларга мурожаат қилганди: «12 миллион долларлик ўйин: абужалик мухлислар, дербига бир неча соат қолди. Сизларга 100та бепул автобус, 25 минг дона чипта ва текин егуликлар тайёр. Унутманг, 89-дақиқада гол уришимиз мумкин, йигитларни ранжитманг, илтимос, фақат ва фақат қўллаб-қувватланг».

Қисқаси, натижа ўхшамагач, оломон ўзини майдонга урди ва полиция тўполонни бостириш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатишга ҳам мажбур бўлди. Бу вақтда ҳар икки жамоа футболчилари кийиниш хоналарида яшириниб ўтиришди...

 

МАНЕ ВА САЛОҲНИНГ ЯНГИ ДРАМАСИ

Миср футболининг иккинчи катта хафагарчилиги. Қарангки, қуръа ҳал қилувчи раундда қитъанинг икки энг яхши жамоаси - Миср ва Сенегал термаларини бир-бирига рўбарў қилди. Бошқача айтганда, Африканинг энг кучли икки футболчиси - Муҳаммад Салоҳ ва Садио Мане ўртасидаги тўқнашув. Айтиш ўринли, бу икки жамоа охирги 2 ойда 3 марта ўзаро куч синашди. Томонлар аввалига Африка кубоги финалида ўзаро куч синашишди. Унда Садио Мане дастлабки дақиқаларда пенальтидан фойдаланолмади. Кейинчалик Салоҳ дарвозабонга клубдоши қайси томонга зарба йўллашини айт­гани тахмин қилинди. Асосийси, Мане кейинчалик пенальтилар сериясида гол урди, Салоҳга эса навбат етиб келмади. Якунда мисрликлар 2:4 ҳисобида енгилишди: Салоҳ ғамгин, Мане қувноқ... Тўғри, у ғалабани нишонлашга киришишдан аввал клубдошига тасалли беришни унутмади.

Ўша вақтдаёқ Сенегал ва Миср термалари Қатар мундиали йўлида яна ўзаро ўйнаши маълум бўлганди. «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп ҳам учрашувлар аҳамияти катталигини тушуниб, ҳар икки футболчига дам берди. Яъни «плей-офф» жанглари олдидан ўтказилган «Ноттингем» билан баҳсда уларни майдонга туширмади. «Салоҳнинг оёғида муаммоси бор, у бугун ўйнолмасди. Мане эса терма жамоа­сининг ўта муҳим ўйинларидан олдин дам олиши керак эди. Агар бирига дам бериб, иккинчисини майдонга туширганимда, буни нотўғри тушунишлари ва талқин этишлари ҳеч гап эмасди», - деди германиялик мураббий «Ноттингем»га қарши ўйиндан сўнг.

Муҳаммад Салоҳ жароҳатга қарамай, «плей-офф»нинг илк ўйинида тўлиқ вақт ҳаракатланиб, 4-дақиқада сенегаллик ҳимоячининг автогол муаллифига айланишида катта роль бажарди. Шу тариқа «фиръавнлар» ўз майдонларида 1:0 ҳисобида устун келдилар. Қарангки, жавоб учрашуви ҳам тезкор автогол билан бошланди ва асосий вақт «Сенегал термаси ғалабаси билан якунлади - яна 1:0. Кейин қўшимча бўлимлар ва пенальтилар серияси. Бу сафар Салоҳ биринчи зарбани ўз зиммасига олди, аммо тўпни дарвозадан анча юқорига тепди. Айтиш керак, сенегаллик мухлисларнинг ҳужумчи кўзига лазер нурини тўғрилашгани ҳам унга таъсир қилди, шекилли. Умуман, нур таъсиридами, мисрликлар дастлабки 2та зарбадан фойдаланолмадилар, лекин дарвозабон Муҳаммад ал Шенави бунга жавобан сенегалликлар билан дуэлларда устун келди. Кейин Эдуар Менди 4-зарбани тўсди ва Мане бешинчисида гол уриб, жамоасини ЖЧ-2022га олиб чиқди. Шу тариқа Салоҳ жаҳон чемпионатисиз қолди...

Нигерия - Гана ўйинида юзага келган тартибсизликларда ФИФА шифокори, замбиялик Жозеф Кабунго ҳаётдан кўз юмди. Унинг мухлислар томонидан калтаклангани айтилмоқда. Тўғри, Нигерия футбол федерацияси тиббий ходим ўлими борасида бошқача баёнот берди. Унда таъкидланишича, Кабунго Гана термаси кийиниш хонаси ёнидан топилган, шифокор калтакланмаган, аксинча, юрак хуружи натижасида вафот этган.

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 10:00, 07.04.2022.
Ўқилди: 3140 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.