Сайтимизда янгилик. Бундан кейин ҳар душанда куни Жаҳон ва Европа футболидаги машҳур шахслар томонидан айтилган энг муҳим гаплар — улар бирор бир оммавий ахборот воситасига интервью давомида бўладими, шахсий твиттери орқали эълон қилинадими — йиғиб борилидаи ва сизларнинг эътиборингизга ҳавола этилади.
Луиз Филиппе Сколари "Реал" юлдузи Роналду ҳақида:
— Айрим одамлар Криштиануни буюк ва жуда-жуда кучли футболчи бўлгани, келишган ташқи кўринишга эгалиги ва энг гўзал аёллар билан ишқий муносабатда бўлгани учун ёмон кўришади. Ҳасад қилишади. Роналду ҳаётида фақатгина битта ёмон жиҳат мавжуд. Бу жиҳат — Месси. Агар Месси бўлмаганида Кришти беш йил мобайнида кетма-кет энг яхши футболчи, деган номни қўлга киритган бўларди.
Алессандро Дель Пьеро ўз фаолияти ҳақида:
— Мен ҳаётимни болалигимда севиб ўйнаган видеоўйинлардаги каби ўтказяпман. Бир тўсиқни енгиб ўтгач, унда албатта бошқа тўсиқ ва мақсадлар пайдо бўлаверади.
Глен Ҳодл "Барселона" ва "Челси" жуфтлиги ҳақида:
— Муҳаммад Али бетакрор боксчи эди ва уни енгиш ҳаддан ташқари мушкул вазифа эди. Ҳозирда "Барселона" бугунги куннинг футболдаги Алисидир. Жо Фрейзер Алини тажовузкорлик, яхши ҳимоя ва метин ирода эвазига мағлуб қилган. "Барса"ни ютиш учун "Челси"га ҳам айнан мана шу сифатлар acқотди.
Роберто Манчини Марио Балотелли ҳақида:
— Мариога агар ўн йил олдин мураббийлик қила бошлаган бўлганимда, унга ҳар куни танбеҳ бериб туришим мумкин эди. Ҳозир у билан ҳар куни шунчаки ҳам гаплаша олмайман. Агар шундай қилсам, унда психолог ёрдамига муҳтож бўлиб қоламан.
Ромарио ҳозирги Бразилия терма жамоаси ҳақида:
— Бугунги Бразилия терма жамоаси — чиқиндининг ўзгинаси! Бу жамоа Жаҳон Чемпионатининг биринчи раундидаёқ мусобақадаги иштирокини якунлайди.
Бош мураббий Антонио Конте "Ювентус"нинг чемпионлик имкониятлари ҳақида айтгани:
— Биз аввалги мавсумларда, нозу-неъматларга тўла стол атрофида ўтириб, бошқалар ундан қандай роҳат олишаётганини кузатишга мажбур бўлгандик. Энди йигитларимнинг қорни очди. Биз тановвул қилишга тайёрмиз.
Жозе Моуриньо "Бавария"дан қабул қилиниб олинган мағлубиятдан сўнг айтганлари:
— Футболчиларим ҳозир жимгина уйларига бориши, турмуш ўртоқларига бир бўса ҳадя этиши ва болаларини қучиши керак. Бошни мағрур тик кўтариб юришда давом этавериш лозим. Ҳа, менга ҳам оғир. Лекин ўзимдан кўра футболчиларим учун кўпроқ қайғуряпман.
Аброр ҚОДИРОВ тайёрлади.