Сўнгги маълумотларга кўра, «Барселона» ярим ҳимоячиси Френки де Йонг Родри Эрнандес трансфери доирасида «Манчестер Сити»га ўтиши мумкин. Бу ҳақда El Nacional хабар берди.
Манбага кўра, каталонияликлар Родри бўйича музокаралар чоғида инглиз грандига де Йонгни трансфер битимига қўшишни таклиф қилган. Бироқ ҳозирча ушбу таклиф қандай натижа билан якунланиши номаълум.
29 ёшли де Йонг ўтган мавсумда барча турнирларда 38 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та гол урди ва 8 та голли узатма амалга оширди.
Родри эса ўтган мавсумда «Манчестер Сити» сафида барча мусобақаларда 33 та ўйинда 2 та гол қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, Европада янги мавсум август ойининг иккинчи ярмида старт олади.













