Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Нима учун Англия кубогининг ярим финаллари ҳам «Уэмбли»да ўтказилади?

Баҳо:
+ | -

Англия пойтахтидаги «Уэмбли» стадиони маҳаллий халқ томонидан «футбол уйи» дея эътироф этилади. У ерда Англия Футбол ассоциацияси жойлашганидан ҳамманинг хабари бор. Эски «Уэмбли» 1923 йилда очилган ва ўша вақтдан то 2000 йилга қадар ҳар мавсумнинг мамлакат кубоги финалини ўзида қабул қилган. 2000 йилда эса ушбу тарихий стадион бузилиб, ўрнида замонавий ва ҳаммамиз бугунги кўринишини жуда яхши танийдиган «Уэмбли» барпо этилади. 1923 йилдаги илк «Уэмбли» финали «Болтон» ҳамда «Вест Хэм» ўртасида бўлиб ўтгани ва унда Лондон жамоаси мағлуб бўлганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.

2007 йилда «Уэмбли»нинг қайта очилиши билан Англия кубоги финали яна ушбу ўйингоҳга қайтарилади. Гарчанд, қарийб юз йил давомида дунёдаги энг қадимий турнир финали «Уэмбли»да ўтиб келаётган бўлсада, доим ҳам бундай бўлмаган. 1870 йиллар бошида ушбу мусобақа асосан «Кеннингтон Овали»да бўлиб ўтарди. Қолаверса, «Кристал Пэлас» майдони, «Олд Траффорд» каби стадионлар ҳам бу жараёнларда фаол қатнашади. Аммо ФА кубогининг ярим финалларини ҳам «Уэмбли»да ўтказиш, нисбатан анча янги анъана саналади. Шунга қарамай, ушбу одатнинг илдизлари ҳам тарих билан боғланган. Биз юқорида таъкидлаган Кеннингтондаги « the Oval» ўйингоҳида 1870 йиллар давомида ярим финал баҳслари мунтазам ўтказиб келинар эди. Ҳозир ҳам ушбу жой мавжуд. Аммо ҳозир у ерда футбол эмас, балки крикет ўйнашади. ХIХ асрнинг 70 йиллари охирига қадар қуръада уй ўйинини «ютиб олган» жамоа ярим финалга чиқса, бу босқични нейтрал майдонда ўтказишга мажбур бўлган. Худди шу нарсага амал қилинган ҳолда, 1880-2008 йиллар оралиғида ярим финал учрашувлари мамлакатнинг энг катта сиғимга эга, исталган ўйингоҳида ўтказилиб келинди (У пайтлар «Уэмбли» сиғими ўта баланд эмасди).

Масалан, 1999 йилдаги ярим финалда «МЮ» ҳамда «Арсенал» жуфлиги Бирмингем шаҳрида, «Астон Вилла»нинг уй майдонида учрашишади. 1989 йилда «Ливерпуль» ва «Ноттингем» эса Шеффилд шаҳрида тўқнаш келган. Айни Шеффилд ҳамда Бирмингем шаҳарлари узоқ йиллар мобайнида ярим финалларга мезбонлик қилади. Бироқ Англия Футбол ассоциацияси 2005 йилдан бошлаб ярим финаллар ва финални битта ўйингоҳга кўчиришга қарор қилади. Шундай қилиб, 2001 ва 2006 йилларнинг финалини қабул қилган Кардифф шаҳрининг «Миллениум» стадиони (бу вақт давомида «Уэмбли» қайтадан қурилаётган эди) 2005 йилда илк бор ярим финалларга ҳам гувоҳ бўлади.

Англия кубогининг илк финали янги «Уэмбли»да, 2007 йилда бўлиб ўтади. Унда «Челси» «МЮ»ни мағлубиятга учратади. Кейинги мавсумдан эса ҳар иккала ярим финаллар «Уэмбли»га кўчирилади. Хўш, бунга асосий сабаб нима эди? Буни бир сўз билан айтиш мумкин – ПУЛ!
«Уэмбли»нинг қайта қурилиши 800 миллион фунтга тушади. Уни ушлаб туриш ҳам, табиийки, катта харажатни талаб этади. Шу нуқтайи назардан келиб чиқиб, ҳукумат назорати билан ярим финаллар ҳам Лондонда ўтказиладиган бўлди. Ушбу қарор умумий равишда нормал ҳолат сифатида қаралса ҳам, кенг жамоатчилик ярим финалларни «Уэмбли»да ўтказилишига қаршидир. Хусусан, «The Guardian» нашри ўтказган сўровномада қатнашган респондентларнинг 86 фоизи бу нарсага қарши овоз берганди. Бу борада шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, борди-ю, икки шимолий шаҳарлар клуби (масалан, «МЮ» ва «Манчестер Сити») ярим финалда тўқнаш келса, улар ва жамоа мухлисларига Лондонга келишдан кўра, бирор яқинроқ шаҳарнинг ўйингоҳи маъқулроқ бўлади. Негаки, мухлислар узоқ йўлга бориб келиш учун (бор-йўғи ярим финални кўргани) анча қийналиши мумкин. Шу сабабдан мухлислар асосан пул ишлаш учун ишлаб чиқилган «ярим финаллар» стратегиясини кўп ҳам хушламайдилар.

 


Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси

Манба: 90min.com
Киритилди: 18:12, 17.04.2022.
Ўқилди: 1784 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.