Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

«Сербияда Самарқанддек қадимий шаҳар ҳақида яхши билишади». Михайло Йованович «Динамо»ни танлагани, илк таассуротлари ва Суперлига ҳақида

Баҳо:
+ | -

Суперлига 5-тури доирасидаги «Динамо» — «Локомотив» (3:1) учрашувида сербиялик ҳимоячи Михайло Йованович жамоадаги дастлабки голини киритиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Клуб матбуот хизмати легионер футболчининг Самарқанддаги дастлабки таассуротлари, Суперлига ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

— Михайло, энг аввало илк гол ва ғалаба билан табриклаймиз. Аввало «Локомотив»га қарши ўйин ҳақида тўхталсангиз...
— Табрик учун катта раҳмат. Биласиз, бу ўйинда бизга ғалаба жуда ҳам зарур эди. Жамоадаги ҳар биримиз «Локомотив»га қарши ўйин қай даража муҳимлигини яхши тушуниб тургандик. Чунки Суперлига бошланганидан буён ғалабага бўлган иштиёқ кучли бўлса-да, гоҳида омадимиз келмаётган, баъзида эса тажрибасизлик туфайли ғалаба қозона олмаётган эдик. Ниҳоят, бу ўйинда ғалаба қозона олишимизни кўрсатдик ва мухлисларимизни хурсанд эта олдик.

— Ғалаба жамоадаги муҳит ва кайфиятга ҳам ижобий таъсир қилган бўлса керак?
— Аслида «Пахтакор», «Сўғдиёна»га қарши ҳам, «Қизилқум» ёки «Бунёдкор» билан ўйинда рақибдан қолишмаган эдик, аммо омадимиз келмаётган эди. «Локо»га қарши эса айниқса, иккинчи бўлимда жамоада иштиёқ кучли эди ва охиригача курашиб ҳақли ғалабага эришдик. Илк ғалабадан кейин жамоанинг ўзига бўлган ишончи ортди ва яхши ҳамда ишчан кайфиятда навбатдаги ўйинларга жиддий тайёргарлик олиб бораяпмиз.

— Марказий ҳимоячи бўлишингизга қарамай, ҳужумларда фаол иштирок этасиз. Аммо жамоа ўтган 4 ўйинда бор йўғи битта гол урганди, сўнгги баҳсда эса 3та гол киритилди. Ўтган ўйинларда гол камлиги фақат омад билан боғлиқми?
— Ўтган ўйинларда ҳам камида 2-3тадан голли вазиятлар яратдик, баъзида совуққонлик, гоҳида омад ва тажриба етишмади. Гол кирита олмагач, осон бўлмайди. Голларимиз ҳисобини оширдик, энди бу борада ҳаммаси яхшилана бошлашига ишонамиз.

Яна бир жиҳат таркибимизда 4-5 нафар тажрибали ўйинчилар бор, жамоанинг асосини ёшлар ташкил қилишади. Уларнинг аксарияти Суперлигада кўп ўйнамаган, уларга вақт керак, жамоа ўйиндан-ўйинга ўсиб бораверади. Жамоамиз таркиби анча савияли ўйинчилардан ташкил топган, тажриба ўйиндан-ўйинга ошиб боради.

— Бунга қадар сиз Сербия, Чехия, Арманистон, Қозоғистон лигаларида ҳам тўп сургансиз. Ўтган 5та турдан кейин Суперлига ҳақида таассуротларингиз қандай?
— Охирги 9 йилда легионер сифатида тўп сураяпман ва айтишим мумкинки Суперлига – зўр чемпионат. Бу ерда тўп суриш менга ёқмоқда. Ҳар ўйинда стадионларда футбол атмосферасини кўриш мумкин. Бу футболчи учун ёқимли ҳолат. Ўйинлар даражаси ҳам Россия ёки Қозоғистон чемпионатидан асло қолишмайди. Савия жиҳатидан ҳам Сербия чемпионатига жуда яқин. Майдонлар, умуман ташкилий ишлар ҳам яхши йўлга қўйилган.

— Европа чемпионатларидаги фаолиятингиздан кейин Ўзбекистон чемпионатига келганингизни ортга ташланган қадам деб ҳисобламайсизми?
— Йўқ, асло. Суперлигага келганимни олдинга ташланган қадам деб биламан. Чунки бу ерга келишдан аввал Ўзбекистонда фаолият юритган сербияликлар билан маслаҳатлашдим ва улар таклиф бўлса, хотиржам қабул қилишимни, Суперлига даражаси, бу ердаги одамлар, муҳит ҳам яхши эканини айтишди. Ўзбекистонда эканимдан хурсандман.

— «Динамо»дан таклиф тушганидан аввал Самарқанд, Ўзбекистон ҳақида қанчалик маълумотга эга эдингиз?
— Жамоа ҳақида унчалик билмасдим, аммо Самарқанд ҳақида эшитгандим. Сербияда Самарқанддек 2-3 минг йиллик қадимий шаҳар ҳақида яхши билишади. «Динамо»дан таклиф борлиги ҳақида Ўзбекистонда тўп сурган сербиялик футболчилар билан маслаҳат қилганимда, улар Самарқанд пойтахт Тошкентдан кейинги иккинчи энг катта ва қулай шаҳар эканини айтишди. Бу ҳам «Динамо»ни танлашимга сабаблардан бири бўлди. Жамоадошим Милое Прекович билан биргамиз, шаҳар, мухлислар барчаси ёқмоқда. Бу жамоага келганимдан хурсандман.

— «Нефтчи»га қарши навбатдаги ўйин ҳақида...
— Айни дамда жамоамизда кайфият ва муҳит жуда яхши. «Динамо» — катта бир оиладек. «Нефтчи»га қарши кубок ўйинида мағлуб бўлгандик, аммо Суперлига баҳси бу мутлақо бошқа ўйин бўлади. Ғалабали юришимизни давом эттириш учун барчамиз максимал ҳаракат қилишимиз кераклигини яхши биламиз. Жанговар руҳда тайёргарлик кўряпмиз. Навбатдаги баҳсда ҳам ғалаба жуда зарур. Боримизни бериб, мухлисларни қувонтириш учун тўп сурамиз.

Усмон Ибодов суҳбатлашди.

Манба: fcdinamo.uz
Киритилди: 23:24, 28.04.2022.
Ўқилди: 1753 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.