Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Хотира ва Қадрлаш кунига: "Буюк Манэ"

Баҳо:
+ | -

Футболни бир муддат тарк этган Гарринча 1968 йилда фикрини ўзгартиради ва жиддий равишда шуғуланишни бошлайди. «Фламенго» бош мураббийи таваккал қилади ва уни «Васко де Гама»га қарши муҳим учрашув қайдномасига киритади. Рио кўчалари қандайдир миллий байрамни эслатиб юборарди, «Буюк Манэ»ни жуда яхши эслайдиган мухлислар ўйинни кўргани гўёки оқиб келишарди. «Маракана» атрофи оломон ичида қолган, полициялар ихотаси бузиб ташланган, Рио тарихи бунақа вазиятни яқин ўтмишда эслолмасди. Стадион директори тўғри қарорга келди — барча дарвозаларни очиб қўяди.

Уни «Халқ қувончи» деб аташарди. Бу муҳаббатнинг сабаби футболчининг ўзига хос футболи, доимо ўйинни гўзаллик билан ошуфта қилишга бўлган ҳаракати эди. У буни атайлаб қилмасди, кимнингдир муҳаббатини қозониш учун қилинган ҳаракат деб бўлмасди буни. У табиатан шунақа эди, демакки, унга нисбатан уйғонган муҳаббат ҳам, олқиш ҳам — барчаси табиий эди. 

Унинг ўйинлари ҳақида афсоналар юради. Бразилия чемпионатидаги бир ўйинда тўп билан финт қилаётган Гарринча майдон ташқарисига чиқиб кетиб қолади. Финтни охиригача кўриш илинжида ҳакам ўйинни тўхтатмаган экан.

Кунлардан бир кун «Ботафого» бош мураббийи Зезе Морейра футболчини синамоқчи бўлади Машғулотларнинг бирида майдоннинг ўртасига битта стулни қўядида, «тасаввур қилки, бу рақиб ҳимоячиси, уни алдаб ўтиб, дарвозага гол уришга уриниб кўр» дейди. Гарринча стулнинг ёнига келади-да, атрофида айлана бошлайди, ўтиб кетиш ўрнига, бир неча маротаба тўпни стулнинг оёқлари орасидан зерикканча айлантириб, ана ундан кейингина дарвоза томон югуриб кетади. Буни кўрган жаноб Зезе «Унинг ўйини умуман схемаларга мос тушмайди!», деб юборганди.   

Гарринча вафот этганда яқин дўсти Нилтон Сантоснинг:

— У бутун умрини ёш бола каби ўтказди. Беғуборлик билан. Аслида ҳам у болакай эди, фақатгина битта ўйинчоқни, футбол ўйинини ўйнайдиган болакай! — деган сўзлари ҳақиқат. 

* * *

Аниқроқ қилиб айтганда, унинг ягона ўйинчоғи футбол тўпи ва албатта, чап қанот ҳимоячилари эди. Футбол журналистлари Гарринчага қарши майдонга тушадиган ҳар қандай ҳимоячини, ким бўлишидан қатъи назар, «Жоан» деб аташарди. Бунинг ўзига хос тарихи Гарринчанинг катта футболга кириб келиш воқеаси билан боғлиқ.

Пойтахтнинг «Ботафого» клубида машғулот ўтказаётган Жентил Кордозо Пау-Гранде шаҳарчасидан синов учун келган қаҳрамонимизни ўз олдига чақирди. Стадионда кулги кўтарилди. Бироз оқсоқланиб ҳаракат қиладиган Гарринча умуман футболчига ўхшамасди. Ўнг қанот ҳужумида ўйнашини сўраб билиб, ўша пайтдаги Бразилия терма жамоасининг ҳимоячиси Нилтон Сантосга буюради:

— Болани синаб кўр-чи. 

Гарринча учун ким қаршилик қилиши аҳамиятга эга эмасди. Тўпни эгаллагач, бир-иккита финт ишлатди ва Нилтоннниг оёқлари орасидан тўпни олиб ўтди. Ҳимоячи эса мувозанатни йўқотиб, йиқилиб тушди. Гарринча унга эътибор бермади ва кетма-кет ҳимоячиларни алдаб кетаверди. Учрашувдан сўнг клуб массажчиси, «Биласанми, сен кимни масхара қилдинг? Ахир у Нилтон Сантос-ку! Агар хафа қилган бўлсанг, сени клубга олишмайди», деб ҳазиллашганда, Гарринча оддий жавоб қилганди: 

— Қаёқдан билибман, ахир Пау-Грандедаги Жоанни ҳар сафар шунақа қиламан, хафа бўлмайди-ку. 

«Ботафого»нинг етакчиси бўлган Нилтон Сантос ўша куниёқ бош мураббийнинг олдига кириб, болани таркибга қўшишни илтимос қилиб сўради. «Мен унинг биринчи Жоани бўлганимдан бахтиёрман» деганди у. 

— Нилтон ҳақида бошқаларнинг гапларини эшитиб, аввалига бироз қўрқдим, — гапириб берганди Гарринча, —  ўйиндаги вазиятлар учун мени ҳали уришса керак, деб ўйладим. Аммо у ёнимга келди-да, «қойил, болакай» деб елкамдан қучиб қўйди. Шу кундан бошлаб у менинг футболдаги раҳнамоим бўлиб қолди. Қани энди ҳаётим давомида Нилтонга ўхшаган инсонларни кўпроқ учратганимда, балки кўп бахтсизликлар мени четлаб ўтган бўлармиди...

* * *

Гарринча бутун умр ичкиликдан қутула олмай яшади, бир неча бор автомобиль аварияларига учради. Энг даҳшатлиси 1969 йилнинг 13 апрелида бўлганди. Унинг машинаси юк машинасига урилиб, уч маротаба айланиб кетади. Аварияда футболчининг қайнонаси Розалия Гомес вафот этади. Манэ бошқарув пайтида маст бўлмаганини айтади, бу ҳолат биринчи маротаба бўлгани ва марҳума оиласи қаттиқ қаршилик қилмагани туфайли жазо енгиллашади. У шартли равишда икки йиллик қамоққа ҳукм қилиниб, жарима тўлаб қутулиб қолади. Яна бир куни эса у ўз отасини машинада уриб юборганди, бахтли тасодиф туфайли чол тирик қолди. Гарринчанинг яна бир ожиз томони қартада қимор ўйнаш эди.   

Унинг ҳаёт тарзи ўша майдондаги ҳаракатлари каби тартибсиз эди. Аммо фарқи —  ҳеч ким бундан завқ олмасди. Бир қизга илашиб, саккизта фарзанди ва хотинини ташлаб кетди, мастликда кейинги рафиқаси Элзани жароҳатлаш даражасида калтаклади. Умрининг охирида эса у ўзини бошқара олмай қолди. Ичикликни ташлаш борасидаги ҳаракатлар бесамар кетарди. Юрак касаллиги туфайли оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. 

* * *

Ўйин бошланди. Ниҳоят Торсида йиллаб кутган дақиқа етиб келди. Тўп ўнг қанотга, Гарринча қанотига етказиб берилди.

* * *

Ҳа, бу қанот Гарринчаники эди. 1957 йилда «Ботафого» бош мураббийига айланган собиқ журналист Жоан Салданьянинг илк қарори Гарринча ўйинига эркинлик бериш бўлганди:

— Дарвозамиз олдидан рақиб жарима майдонигача бўлган мана бу ўнг қанот чизиғини кўряпсизларми, — дейди у шогирдларига, — мана шу қанотга бурниларингни суқмайсизлар, у Гарринчаники. Қолганлар марказда ёки чап қанотда ўйнасин. Манэга яқин келишни ўйламанглар, нима қилса қилаверсин. Сизларнинг ишингиз кутиш ва сизларга тўпни оширганда зарба бериш холос. 

* * *

Гарринча усталик билан тўпни ўзига бўйсундириб олди. Ўша йиллардагидек, тўпни икки оёқлари орасига олди ва гавда қисмини ҳимоячи томон энгаштирганча, ўзининг машҳур финтини амалга оширишга ҳаракат қила бошлади. Айтишларича, унинг ягона финти бўлган экан. Бутун дунё ҳимоячилари бу финтни жуда яхши ўзлаштиришган, миллиметригача ўрганиб чиқилган, аммо доим Гарринча атайин қилгандек, худди шу усулда ҳаммани доғда қолдириб кетавераркан. 

* * *

Маноэл Сантос 1933 йилда, Рио-Де-Жанейро яқинидаги Пау-Гранде шаҳарчасида. Амаро ва Мария Каролиналарнинг кўп болали оиласида бешинчи фарзанд сифатида дунёга келди. Бразилияда туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилаётган пайтидаёқ иккинчи номни ёзиб қўйиш қоидаси бор. Аммо бироз кайфи ошиб қолган маъмур буни унутиб қолдиради ва гувоҳномада фақат Маноэл исми қайд этилади холос. У туғма носоғлом эди, кўриш қобилияти сезиларли даражада паст, умуртқа ва орқа суягининг нотўғри жойлашганлиги, буниг устига оқсоқланиб юрарди. Айрим манбаларда унинг чап оёғи бироз калтароқ эканлиги ёзилади, баъзи манбалар буни инкор этиб, оқсоқлик сабаби футболчининг бош бармоғининг бироз қийшиқлигини эътироф этади. Жарроҳлик йўли билан болани даволашни шифокорлар рад этади, уларнинг айтишича. Боланинг ўз оёғи билан юришининг ўзи мўъжиза эди.    

Мўъжиза давом этади. Манэ тенгқурлари Свинге ва Пилсе билан биргаликда шаҳар жамоасининг ҳужумчилар учлигини ташкил қилишар, бироз оқсоқланиб юрадиган Гарринча жамоадошлари орасида ўзининг тезкор ҳаракати ва такрорланмас финти билан ажралиб турарди.

Футбол ўйнашдан ташқари, барча бразилиялик оддий аҳоли сингари фабрикада ишлади. Айнан ўша ерга бориб, унинг лақаби йўқлиги билиниб қолди. Гап шундаки, Маноэл Сантос исми руслардаги «Иван»дек гап, мамлакатларда минглаб топиларди, жумладан, у ишлайдиган фабрикада ҳам. Бошқалардан ажралиб туриш учун у ўзига янги — италянча Франциско исмини танлайди. Аммо у футбол оламида Гарринча лақаби билан машҳур бўлди. Бу лақабнинг дунёга келиши опаси Тереза билан боғлиқ. Қаҳрамонимиз ёшлигида  маҳаллий тилда «гарринча» деб аталадиган қушларни овлашни яхши кўрарди. «Сен шунақа кўп қуш овлаяпсанки, яқинда ўзинг ҳам «гарринча»га айланиб қоласан» деб қўрқитганди. 

* * *

Гарринча номини у бутун футбол оламига машҳур қилди, дурдонага айлантирди.

Жаҳон чемпионати навбатдаги ўйини олдидан собиқ иттифоқ терма жамоаси ечиниш хонасини тасаввур қилинг. Жамоа Бразилия терма жамоасига қарши кечадиган ўйинга тайёргарлик кўрмоқда. Мураббий футболчиларга тактик схемалар, қайси футболчиларга қарши қандай ўйнаш кераклигини тинмай суриштира бошлайди. Суҳбат тугагач, ҳамма жим бўлиб қолади ва ҳимоячилардан бири саволни ўртага ташлайди:

— Ўртоқ мураббий, Гарринча ўйнайдими?

1958 йилги жаҳон чемпионати қаҳрамонлари ҳақида гап кетганда, аввало, Пелени тилга олишади. Аслида эса ўша жамоада Гарринчанинг  аҳамияти жуда катта саналарди. Унга қарши ҳеч қандай схемалар ўтмас ва буни ҳамма тан олганди.  

Ўша ўйин қатнашчиси Виктор Царев ёзади:

«Жаҳон чемпионатида Пеле ва Гарринча ёрқин порлашганди. Уларга ноёб иқтидор Юқоридан берилганди. Гўёки, худонинг ўзи одамларга тўп билан нималар қилиш мумкинлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлган ва Гарринчани танлаганга ўхшарди. Тўпни олиб қўйишни қўйинг, ҳаттоки, уни шунчаки йиқитишнинг уддасидан чиқиш ҳам имконсиз эди. Сеҳрлангандек, унинг тўп билан нималар қилаётганини кузатар, вазиятни қўлга олиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида қарор бермасимиздан у биздан бир неча метр ўтиб кетган бўларди. Иккинчи дақиқадаёқ Гарринча тўпни қабул қилиб олди ва Боря Кузнецовни ортда қолдирди, зарбаси шунчалик кучли чиқдики, тўсинга теккан тўп майдон марказигача қайтиб борди. Яшин тўпга қўлини қўйишга улгурмади, акс ҳолда қўллари устунга михланиб қоларди, ишонинг. Ўшандаёқ биз Гарринчанинг нақадар кучли футболчи эканини ва биз уч дақиқа олдин тасаввур қилганимиздан бир неча баробар хавфли эканини билиб қолгандик».  

* * *

Бутун стадион жим бўлиб қолди. 150 минг томошабин сиғдирган трибунада пашшанинг учгани эшитиларди. Қандайдир сония ўтди ва Гарринча ҳимоячини ўз орқасида қолдириб, олдинга ташланди. Ушбу ўйинни жонли кузатган, кейинчалик чоп этилган «Пеле, Гарринча, Футбол» китоби муаллифи И. Фусуненко хотирлайди:

— Ўша финтдан сўнг стадион ларзага келди. Нега бу улкан гумбурлашдан стадион бузилиб, ер билан битта бўлмаганини ҳамон тушуна олмайман!

* * *

Гарринчани мен негадир ўша машҳур хинд фильмидаги, Раж Капур яратган қаҳрамонга ўхшатавераман —  «Менинг исмим масхаробоз». Футбол оламида уни ҳам циркчига қиёслашарди. Худди одамлар кўзини қувнатиш учунгина яралгандек, майдонда мўъжизалар яратар, Бразилияда илоҳийлаштириб юборилган тўпни ҳаммадан ҳам кўпроқ  бўйсундира олган Гарринча ўзини идора қилишга куч топа олмасди. Ўша майдондаги ҳимоячилардан қутулганчалик, ҳаётдаги иллатлардан фориғ бўла олмасди.

Лекин майдонда беғубор гўдак эди. У ҳали ҳам Пау-Грандеда тўп сураётгандек ҳис қиларди ўзини. Айниқса, Коста-Рика терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувидаги воқеа кўп бор эсланади. Учрашув охирларига келиб, ҳисоб 1:1 эди. Ўзининг навбатдаги рейдларидан сўнг Гарринча дарвозабон билан яккама-якка чиқади. Лекин тўпни дарвозага тепмайди. Орқага қайтиб, яна ўйинчиларни алдашга киришиб кетади ва яна дарвозабон қаршисига чиқади. Яна тепмайди. Ҳамма ҳайрон. Мураббий асабийлашган. Ниҳоят учинчи мартасида у дарвозабон оёқлари орасидан тўпни дарвозага киритади. Учрашувдан сўнг берилган мураббийнинг табиий саволига: 

— Нима қилай, дарвозабон оёқлари орасини очмади-да, — деб жавоб беради. 

Уни қолипга солиб бўлмасди. Пеле каби ҳар соҳада мукаммалликка интилмасди. Унинг ўз футболи бор эди. У фақат шу футболни ўйнарди. Зарба бериш керак бўлса, бермасди, югуриш керак жойда тўхтаб, ҳимоячини кутарди. Лекин майдонда мўъжиза яратарди. Айнан унинг бетакрор ўйини мухлисларни ўзига жалб қиларди.

Таниқли футбол мутахассисларидан бири, унинг фожеаси бетакрорлигидадир, деганди. Лотин Америкаси футболчилари у пайтларда Европага ҳозиргидек оқиб келмасди. «Сантос», «Ботафого» каби грандлар Европа бўйлаб турнелар уюштиришарди. Келишув шундай бўлардики, агар майдонда Гарринча ҳаракат қилмаса, ташкилотчилар клубга бир неча баробар кам пул тўлашарди. Натижада Гарринча кетма-кет майдонга тушишга мажбур бўларди. Ҳатто оғир жароҳат олиб, врачлар томонидан даволаниш тавсия этилган пайт­ларда ҳам футбол ўйнашга мажбур бўларди. Клуб унга шарт қўйганди: «Ё ўйнайсан, ёки клубни тарк этасан». Юлдуз ўзини шу даражага кўтарган клубни тарк этишни хоҳламасди. Шунинг учун у футболдаги фаолиятини эрта тугатишга мажбур бўлди. Юрак хасталигини орттириб олди. 

* * *

Сўнгги бор юрак хасталиги туфайли касалхонада ётиб чиққач, икки кун турли барларда кун кечирди. 1983 йилнинг 18 январида уйига қайт­ди ва йиқилди. Хотини доктор чақирганда собиқ футболчи «бехуш» ҳолатда эди. Орадан икки кун ўтиб, у вафот этди. Ўлимининг сабаби сифатида эса ҳаддан зиёд ичкиликка ружу қўйиш натижасида пайдо бўлган жигар серрози ва асаб тизимидаги носоғломлик деб топилди.  

Гарринчани сўнгги йўлга кузатиш маросими  «Маракана» стадионида бўлиб ўтди. Тобут Бразилия ва «Ботафого» жамоаси байроғи билан ўралганди. Футболчининг сўнгги йўли «Маракана»дан Пау-Грандедаги Раиз-Де-Серра қабристони бўлди. Тобутдаги Буюк Манэ орқасидан 300 мингга яқин гўзал футбол ошуфталари юриб борардилар. Уларнинг хаёлларида «Гарринчанинг футболи» энди тупроққа кўмилиши ҳақидаги хавотирлар кечган бўлса не ажаб. 

Бразилия терма жамоасининг собиқ мураббийи Айморе Морейра: «Гарринча каби футболчилар юз йилда дунёга бир марта келади, демак, ҳозирча у футболдаги охирги ва ягона даҳодир», деб кўзига ёш олди.

«Ёлғиз ва унутилган инсон вафот этди», — деганди ўша таъзия маросими радиойўқламасини олиб бораётган журналист — «энг қайғу­лиси, у биз учун қанчалик севимли эканини била олмай кетди. Афсуски, биз буни унга тушунтиришнинг уддасидан чиқа олмадик».

* * *

Гарринча ўша ўйиндан ке­йин ёш болаларча йиғлаганди:

— Мен бугун жуда бахтлиман, — деганди у, — ҳатто ўша 1958 йилда илк бор чемпион бўлганимизда ҳам, Чилидаги иккинчи ғалабамизда ҳам бу даражада қувонмагандим. Мен шундан хурсандманки, менинг футболим ҳали ҳам тирик эканини уларга исботлай олдим.  

* * *

Майдонда барчага қувонч улашган ва «халқ қувончи» деб аталган Гарринчани бутун мамлакатда сўнгги йўлга кузатганлар орасида Пеле йўқ эди. Қирол кейинчалик, бу ҳолатни таъзия маросимларидан қўрқиши билан изоҳлади.

Пеленинг юқоридаги эътирофига балки шу сабаб бўлгандир. Балки шунинг учун ҳам у ҳали-ҳамон Гарринчани қидирар. Дўстини сўнгги йўлга кузата олмаган футбол  қиролининг кўнгли балки ўшанда таскин топар. 

Футбол давом этмоқда. Марадона ҳар бир аргентиналик вундеркиндни ўзига ўхшатади, португалиядан ҳар сафар янги юлдуз чиққанда «янги Эйсебио» дейишади. Агар ҳужумчи гол уришни қойиллатса, Герд Мюллерни эслашади. Лекин Гарринчани эслатадиган футболчи чиқмаяпти. Балки шунинг учун у кўпчилик томонидан унутилгандир. Агар янги Гарринча чиқса, бемалол байрам қилаверинг, билингки, яна футболга гўзаллик ва беғуборлик қайтган бўлади. Биз буни чин дилдан кутиб қоламиз. 

Қаҳрамон Асланов

Манба: stadion.uz
Киритилди: 16:08, 09.05.2012.
Ўқилди: 9405 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.