“Шўртан” жамоаси ҳар доимгидек бу йил ҳам ўз олдига юқори натижаларга эришиш ва албатта, совриндорлар сафидан жой олишни мақсад қилган ҳолда янги мавсумга тайёргарлик кўрди.
ХХI миллий чемпионатимизнинг дастлабки 2 турида қўлга киритилган ғалабалар, қолаверса Ўзбекистон Кубогидаги муваффақиятли старт гўёки, ҳамма ишлар кўнгилдагидек кетаётганлигидан дарак берарди.
Аммо ортда қолган 8 тур натижалари ғузорликлар учун у қадар мақтагулик бўлмаяпти. Нурсиз ва мазмунсиз ўйинлар, мағлубиятлар, бирин-кетин бой берилаётган имкониятлар, қимматли очколар жамоанинг энг ашаддий мухлислари хафсаласини тушириб юбораётган бўлса, клуб раҳбарлари чуқур ўйга толишган. “Шўртан”га нима бўлди? Жамоага нима етишмаяпти?...
Аслида эса Қашқадарё вилояти Ғузор туманида профессионал мақомда фаолият кўрсатаётган “Шўртан” жамоаси учун ҳомийлар томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Жамоа 2010 йили Ўзбекистон Кубоги финалига қадар етиб борди, чемпионат якунига кўра эса ўз тарихида биринчи марта тўртинчи поғонадан жой олди. Кейинги 2011 йилги мавсумда илк бор Халқаро мусобақа – ОФК Кубоги турнирида иштирок этди. Айнан мана шу зафарли одимларни янада давом эттириш мақсадида клуб раҳбарлари бош мураббийлик вазифасига белоруслик мутахассис Игорь Криушенкони таклиф қилганди...
Биз юқоридаги мисоллар асносида “Шўртан” жамоаси фаолияти билан боғлиқ саволларга жавоб олиш ва бу борада мутасаддиларнинг фикрларини билиш мақсадида клуб ижрочи директори Икром Хурсанович Норчаевга мурожаат қилдик:
Икром ака, чиндан олиб қарайдиган бўлсак, инфротузилмаси ва таркбий жиҳатдан мукаммал шаклланган, мамлакатимиз футболида ўз ўрни ҳамда мавқеига эга бўлган “Шўртан”нинг бугунги кундаги ҳолати кишини ўйлантириб қўймоқда? Ваҳоланки, йил бошида клубда олиб борилган кенг кўламдаги ишлардан сўнг мухлислар ва четдан кузатиб турган мутахасссилар “Шўртан”дан кўп нарсалар кутишганди...
Ҳақиқатдан ҳам айни пайтда юзага келган ҳолат клуб раҳбарлари, ва ҳомийларини ўйлантириб қўйганлиги рост. Шу жумладан мухлисларимизни ҳам. Очиғи жамоага нима бўлаётганлигига биз ҳам ҳайронмиз. Негаки, янги мавсумга катта ниятлар билан пухта тайёргарлик кўрдик. Йилдан йилга профессионализм мақомида фаолият кўрсатиб борган ҳолда бу йил астойдил совриндорлар қаторига киришни жиддий тарзда мақсад қилгандик. Бунинг учун бежизга Европалик мутахассисни ишга таклиф қилмагандик.
Игорь Криушенко фаолият орқали нафақат “Шўртан” билан юқори чўққиларни забт этиш, балки унинг тажрибаси қайсидир маънода бутун ўзбек футболи учун озгина бўлса-да, фойда келтириши, жаҳон ва Европа янгиликларидан баҳраманд қилишини кўзлагандик. Ушбу мутахассисни Ғузорга таклиф қилишдан аввал Игорь Николаевичнинг Белорус ҳамда Россиядаги фаолиятини обдон ўрганиб чиққан эдик. Унинг қўлга киритган натижаларидан хулоса чиқарган ва малакасига ишонган ҳолда жуда катта мақсадларни кўзлаган эдик. Мухлисларимизга ваъдалар бердик, спорт журналистлари билан суҳбатларда эса оммавий ахборот воситалари орқали ниятларимизни баралла ошкор қилдик.
Мана энди ўша айтилган гапларимизга нисбатан кўрсатаётган ўйинларимиз мос келмаётганлигидан қанчалик даражада ўзимиз хижолат чекаётганлигимизни бир сўз билан таърифлаб бера олмаймиз...
Мавсумга тайёргарлик давомида таркибни шакллантириш борасида ҳам бош мураббийга кенг йўл очиб бердик. Тажрибали ўйинчиларимиз сафини маҳаллий ва хорижий яхши футболчилар билан тўлдиришда унга хайрихоҳлик билдирдик. Мўйддин Мамазуломов, Виктор Клишин, Отабек Валижонов, Обид Жўрабоев, Рахматулло Бердимуродов, шунингдек белоруслик Виталий Рушницкий ва Кот Д Иуварлик Соро Таина Адама шулар жумласидандир.
Ҳеч кимга сир эмас дарвозабонлар масаласи футболимизда энг оғриқли нуқталардан бири. Қолаверса спорт тиббиёти ҳам бундан мустасно эмас. Шу боис унинг ёрдамчилари – дарозабонлар мураббийи ва шифокордан ҳам кўп нарса кутгандик.
Демак гапларингиздан кўриниб турибдики, Криушенко ва унинг мураббийлар штаби томонидан олиб борилаётган ишлардан қониқиш ҳосил қилинмаяпти?
Нафақат клуб раҳбарияти, балки жамоанинг энг фидойи мухлислари ҳам бугунги кунга келиб бош мураббий фаолиятидан норози бўлишмоқда. Аслида эса “Шўртан” учун йил кўнгилдагидек бошланган эди. Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркияда юқори даражада йиғинлар ўтказилди, хорижий кучли жамоалар билан бир нечта ўртоқлик синов-назорат учрашувлари ташкиллаштирилди. “Васлуй” (Руминия), “Зенит” (Санкт-Петербург) каби жамоалар билан ўтган учрашувларда йигитларимиз яхши ҳаракат қилишди. Айниқса, Россиянинг кучли ва номдор клуби устидан қозонилган ғалаба катта шов-шувларга сабаб бўлди.
Тўғри, жамоамиз хориж клублари билан ўтказилган баҳсларда ёмон ўйин кўрсатишмади. Лекин ҳаммага бирдек аёнки, ўқув-йиғин машғулотлари, тайёргарлик жараёнлари давомида ўтказилган ўртоқлик учрашувлари билан расмий ўйинлар даражасини ҳеч қачон таққослаб бўлмайди. Афсуски, Криушенко ўшандаёқ, ўртоқлик мақомидаги ўйинларда қозонилган муваффақиятларга ўта мойллик билдириб қўйди, ҳаволаниб кетди. Унинг дастлабки хатоси ҳам мана шунда, деб ўйлайман. Ҳозирга келиб, менда унга нисбатан “Ўртоқлик учрашувлари бош мураббийи”, деган хулоса ўйғониб бўлди.
Хатолар ҳақида гап очдингиз. Криушенконинг кейинги камчилиги нималарда кўринди?
Ўзбекистон чемпионати даражасини тўлиқ баҳолай олмаганлиги ҳам бизга қимматга тушмоқда. Ваҳоланки, мавсум арафасидаги ўзаро суҳбатлар давомида бу борада батафсил тўхталган эдик. Яна футболимиз ҳақида яхшироқ тушунчага эга бўлишини ўйлаб, унга кўриб чиқиши учун бир нечта дисклар ҳам тақдим қилгандик.
Шундай бўлса-да, дастлабки икки турдаги ғалаба жамоанинг чемпионатдаги юриши ёмон бошланмаганлигидан дарак бераётганди-ку.
- Тўғри, ғалабага эришдик. Лекин ўз ўйин услубимизда эмас. “Шўртан” ўз ўйин услуби билан ажралиб турадиган жамоа. Мухлислар бизни мана шу жиҳатларимиз эвазига қадрлашади. “Локомотив” таркибимиздаги тажрибали футболчиларимизнинг саъй-ҳаракатлари эвазига мағлуб бўлди. “Навбаҳор”да эса тезкор гол учрашув тақдирини ҳал қилди. “Бунёдкор” билан ўтган учрашувни кўпчилик катта қизиқиш билан кутишганди. “ЖАР” стадионида ўтган учрашувда йигитларимиз қандайдир қўрқув ҳисси билан майдонга чиқишди. Уларнинг юрагида иштиёқ жўш урмади, кўзларида учқун чақнамади. Айнан мана шу ўйин илк бора Криушенконинг асл қиёфасини очиб бера бошлади. Унда жамоани ўз ортидан етаклай оладиган, руҳий тушкун ҳолатда чиқариб кетаоладиган ҳақиқий саркардаларга хос хусусиятни кўрмадик. Шундан сўнг ҳам ҳаммаси изига тушиб кетишига умид боғлаган эдик. Кейин эса биз учун бурилиш ясаб берадиган “Металлург” билан ўз уйимизда ўтган ўйин бой берилди. “Олмалиқ”га қарши кечган учрашувда эса катта қийнчилик билан дуранг қайд этдик. Самарқанддаги учрашувда ҳам имкониятларимиздан тўлиқ фойдалана олмадик. Ғузорда эса принципиал рақибимизга “дерби”да ютқазиб қўйдик. Кўряпсизми шундай тажрибали мутахассис фаолиятида кескинли билан пастга қараб сусайиш бошланди.
Сиз юқорида Криушенконинг феъл-атворига тўхталдингиз...
Игорь Николаевич олийжаноб, яхши, хушмуомила инсон. Жамоада ҳурматга сазовор, футболчилар билан ўртадаги алоқаси ажойиб. Ҳатто кўпчилик тасаввур ҳам қила олмайди. У қўл остидаги футболчи билан меҳрибон инсон, дўст, сирдош, энг яқин киши сифатида муомила қилади. Шу ўринда Криушенко дўстлик ўз йўлига, иш эса ҳаммасидан муҳимроқ туришини, раҳбар билан ходимлар ўртасида муаян масофа сақланиши кераклигини унутиб қўймоқда. Мутахассис сифатида ҳам қоралашга ҳаққимиз йўқ. Аммо мураббийлик иш услуби бизга тўғри келмаяпти. “Шўртан” учун унинг юмшоқ феъл-атвори, кўнгилчанглиги эмас, аксинча қаттиқ қўллиги, “темир” интизомлилиги, зарур маҳалда чақмоқдек чақнаб, шогирдлари билан натижа қилиши муҳим аҳамият касб этади. Натижа бўлмас экан, олдимизга қўйилган мақсадга эришиб бўлмаслиги ортиқча изоҳ талаб этмайди. “Шўртан” учун яратиб берилган идеал – ҳавас қиладиган шароитлар ва таркибимизда жамланган маҳоратли футболчилар билан фақат ва фақат кучлилар сафида юришимиз керак. Бу бизнинг ва мухлисларимизнинг энг биринчи галдаги талаби.
Гапларингиздан билиниб турибдики, Белоруслик мутахассиснинг қайсидир хатти-ҳарактларидан ранжигансиз, тўғрими?
Халқимизда “Айбни тан олиш ҳам марднинг иши”, деган нақл бор. Кейин бизда дангалчилик сифатлари қадрланади. Афсуски, Криушенкода мана шу ҳислатларнинг йўқлиги бизни ранжитмоқда. Мисол учун ўтказилган учрашувларда футболчиларимизнинг жисмоний ва керак бўлса руҳий ҳолати ўз даражасида эмаслиги, қолаверса “Шўртан”нинг ўз ўйин услуби йўқолиб бораётганлиги ойдек равшан бўлиб қолмоқда. Лекин бу ҳолат бош мураббийни заррача ҳам безовта қилаётгани йўқ. Аслида юқоридаги вазият учун бош мураббий масъул. У эса айбни тан олиб, юзага келган ҳолатдан чиқиб кетиш йўлларини биз билан маслаҳатлашиш ўрнига, барча масалани футболчилар зиммасига ағдариб қўймоқда. Бу ҳам камлик қилганидек муваффақиятсизликларимизда ҳакамларни ҳам бош айбдор қилмоқда. Тўғри, баъзи бир ҳакамларнинг нохолисликларини инкор қилиб бўлмайди. Ўша “Насаф” билан ўтган учрашувда ФИФА рефериси Владислав Цейтлин ва унинг ёрдамчиси ФИФА рефери ассистенти Андрей Букатинларнинг қўпол хатолари, айтиш мумкинки, учрашув натижасига таъсир кўрсатган ҳаракатлари ҳар қандай эътирозга ва муҳокамага сабаб бўла олади. Лекин бу бошқа масала. Айтмоқчиманки, ҳар қандай вазиятда ҳам мураббий ўз вазифасини сидқидилдан бажариши, камчилик ва хатоларини рўй-рост тан олиши, уни бартараф этиш учун интилиши керак.
Учрашувларга таркибни танлашда бош мураббий ишига ташқаридан ҳеч ким халақит бермаяптими?
Асло, аммо гап таркибни танлашда эмас, мураббийнинг ҳар бир ўйинга футболчиларни қай тарзда тайёрлай олишида. Ўша “Насаф” билан бўлган учрашувнинг биринчи бўлимидан кейин қаршиликлар томонидан ўйиндаги вазиятни ўзгартириш мақсадида бирин-кетин ўзгартиришлар амалга оширилди. Бизнинг томонимиздан эса рақибнинг бу ҳаракатларига нисбатан қарши чора қўлланилмади. Натижада иккинчи бўлимда “Насаф” кучлилик қилди, бир қатор хавфли вазиятлар содир этди ва якунда, албатта ҳакамларнинг “ёрдами” билан ғалаба қозонди. Футболчиларимиз эса жисмоний томондан толиқиб қолишди, руҳан ўзларини тутиб тура олишмади. Ваҳоланки, Ғузорда ўтган сўнгги йиллардаги дербида “Насаф” нафақат ғалаба, балки дурангга ҳам эриша олмаганди.
Мазкур учрашув олдидан Қашқадарё дербиси жуда кескин ва муросасиз ўтиши, йигитларни руҳан ва жисмонан пухта тайёрлаш, “Насаф”га қарши ўзига хос услубда тўп суриш кераклиги қайта қайта таъкидланганди. Ҳатто видео таҳлиллардан ташқари бош мураббийнинг Қаршига бориб “Насаф” ва “Қизилқум” жамоалари ўртасидаги учрашувни бевосита стадиондан кузатиб келишини таъминлаб бердик... Хабарингиз бор, “Насаф” биз билан бўлган учрашувга қадар БАА сафаридан қайтди, кейин эса орадан ҳеч қанча вақт ўтмай “Қизилқум” билан учрашди ва Ғузорга ташриф буюрди. Кўриб турганингиздек, бизда рақибимизга нисбатан тикланиш ва яхшигина тайёргарлик олиб бориш учун имконият кўпроқ эди. Хуллас, “Насаф” ўзи учун Ғузорда ҳукм сурган “қора” анъанасига барҳам бера олди, биз эса ғалабали сериямизни давом эттира олмадик. Худди шундай вазият “Металлург”га қарши ўтган учрашувда ҳам юз берди. Мана бир неча мавсумдан буён бекободликлар билан Ғузорда ижобий натижа қайд эта олмаяпмиз. Бу сафар ҳам ўзимиз учун маъқул натижага эриша олмадик...
Сиз Криушенконинг ёрдамчилари – дарвозабонлар мураббийи ва жамоа шифокорининг тажрибасидан ҳам кўп нарсаларни умид қилгандик, деб айтдингиз. Уларнинг фаолияти бўйича нима дея оласиз?
Уларнинг ишидан ҳам у даражада қониқиш ҳосил қила олмаяпмиз. Ҳали юқорида бот-бот таъкидлаганимиздек футболчиларимизнинг функционал ҳолати юқори эмас. Жисмоний жиҳатдан толиқиш, кучсизлик ҳолатлари, жароҳатлар исканжасидан тез фориғ бўла олмасликлари, тикланиш жараёларининг чўзилиб кетиши ҳам бизни ташвишлантирмоқда. Ваҳоланки, Ғузордаги замонавий қароргоҳимизда яратилган барча қулайликлар ичида алоҳида тиббиёт хонаси мавжуд. У ерда энг замонавий тиббий ускуналар, Германиядан келтирилган сўнгги русумдаги тикланиш воситалари жамоа ихтиёрида. Лекин улардан унумли ва самарали фойдалана олмаяпмиз.
Икром ака, суҳбатимиз давомидаги савол жавоблардан шуни англадикки, демак тез орада “Шўртан”да бош мураббий масаласи кун тартибига чиқиши мумкин экан, шундайми?
Шу ўринда футбол мухлислари, умуман жамоамизга бефарқ бўлмаган инсонлар бир ҳолатни тўғри тушунишларини хоҳлар эдим. “Шўртан” аллақачон ўртамиёнадагилар сирасидан чиқиб кетган ва ҳозирда мамлакатимиз футболида ўз ўрни, обрў-эътибори, кучли салоҳиятга эга жамоа бўлиб шаклланиб улгурган. Эндиги мақсадимиз фақат ва фақат юксак чўққиларни забт этиш. Йил бошида жамоага таклиф этилган Игорь Криушенкога яратилган шароитлар ва олдимизга қўйилган вазифалар билан таништирганимизда унинг зиммасига чемпионатда совринли ўринларни қўлга киритиш ва Ўзбекистон Кубоги баҳсларида муваффақиятли иштирок этиш, бунинг баробарида кейинги мавсумда яна халқаро мусобақаларда қатнашиш масаласини ижобий ҳал этиш юклатилган эди. Албатта, у янги вазифаси билан боғлиқ ҳолатларни обдон яхшилаб ўрганиб чиққач, якуний қарорга келган эди. Афсуски, бугунги кунда Игорь Николаевич, зиммасидаги мана шу масъулиятли вазифани бажаришда оқсамоқда. Агарда юзага келган вазиятни ўнглаш борасида шошилинч тарзда зарур чора тадбирларни кўрмасак, кейин кеч бўлади. Биз нафақат совринли ўринлар, балки олий лигада муқим ўрнимизни ҳам йўқотиб қўйишимиз ва “жон” сақлаб қолиш учун курашишга киришишимиз ҳеч гап эмас. Бунда эса бизни биринчи галда мухлисларимиз кечиришмайди. Ахир “Шўртан” энг аввало фидойи мухлислар учун ўйнайди.
Бу борада бош мураббийга қандайдир жиддий талаблар қўйилдими?
Олдимизда Фарғона сафари турибди. “Нефтчи” билан кечадиган баҳс осон бўлмаслиги барчага бирдек аён. Ана шу учрашув Игорь Криушенкога сўнгги имконият тарзда берилиши мумкин.