Саудия Арабистонида ўтказилган ОЧЛ гуруҳ босқичи баҳслари якунларига кўра, Қаршининг «Насаф» жамоаси ўз тарихида илк бор «плей-офф» йўлланмасини қўлга киритди.
«Аждарлар» 6 учрашувда 9 очко тўплашди. Шу муносабат билан махсус мухбиримиз «Насаф» бош мураббийи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози, профессор Рўзиқул Бердиев билан суҳбатлашди.
- Рўзиқул Саъдуллаевич, авваламбор Саудия Арабистони майдонларида бўлиб ўтган баҳсларидаги муваффақият билан муборакбод этамиз.
- Ташаккур. Жуда хурсандмиз. Шогирдларимнинг кайфияти аъло, ана шундай нуфузли баҳсларда омадли юришнинг ўзи кўнгилга ҳузур бахш этади. Гуруҳимиздаги жамоалар билан учрашувларда чиройли ўйин намойиш этдик.
- Албатта, бу муваффақият ўз-ўзидан қўлга киритилмади. Сиз сафар олдидан «ИнтерФутбол» газетасига берган интервьюнгизда «Биз максимум натижа учун курашамиз», дегандингиз. Айтганларингиз натижаларда ва «Насаф» намойиш этган ўйинда ўз аксини топди...
- Биринчи навбатда, майдонда рақибларни ҳурмат қилган ҳолда тўп сурдик. Гуруҳдаги жамоаларнинг ўйинини яхши ўргангандик. Қолаверса, бизда кучимизга бўлган қатъий ишонч бор эди. Бундан ташқари, халқаро майдонда тўплаган тажрибамиз ҳам асқотди.
- «Насаф»га «Ал-Садд» билан кечган дастлабки учрашув катта ишонч бағишлади. Жамоамиз айнан шу баҳсда ҳар қандай рақиб билан бемалол ўйнаш мумкинлигини амалда исботлади.
- Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Баъзи ўйинлар тенг курашлар остида ўтди. Айрим учрашувларда устунлик ҳам қилдик. Ҳамжиҳатлик қўл келди. Жамоавий ўйин ўз самарасини берди. Ғалабага иштиёқи баланд йигитларимиз рақиб олдида довдираб қолишмади. Икки ғалаба, уч дуранг ке-йинги босқич йўлланмасини тақдим этди. Гарчи, «Ал-Файсали»га кичик ҳисобда имкониятни бой берган бўлсакда, шогирдларимнинг хатти-ҳаракатларидан қониқдим. Мағлубиятли учрашувда бизга бироз омад етишмади.
- Жароҳат туфайли Ғолиб Ғайбуллаев ва Шерзод Насруллаев таркибда бўлишмади. Уларнинг ўрнида ҳаракат қилган шогирдларингиз ўйинидан кўнглингиз тўлдими?
- Алибек Давронов яхши ўйин намойиш этди. У марказий ҳимоя, чап қанотда ҳам ўзини кўрсатишга астойдил интилди. Лекин барибир, Ғолиб ва Шерзоднинг ўрни билинди. Шундай бўлсада, майдонга тушган футболчиларнинг ҳар бири ўз позициясида бехато ўйнашга ҳаракат қилди. Ғайбуллаев ва Насруллаев ҳали жамоамизга фойда келтиришга улгуришади. Уларнинг ички чемпионат ва кубок баҳсларида ўз сўзларини айтишларига шубҳам йўқ. Қолаверса, келгуси йил бошида ОЧЛ «плей-офф» баҳсларида ушбу футболчиларнинг иштирокидан умидворман.
- «Насаф» таркибидаги иқтидорли ўйинчиларга хорижлик скаутлардан қизиқиш қай даражада бўлди?
- Буни билмадим. Лекин ўйинларимизни чет эллик агентлар, менежерлар кузатишди. Якуний хулосани ке-йинроқ билиб оламиз. Йигитларимиз номдор клубларда тўп суришса, шу тариқа мамлакатимиз футболи равнақига муносиб ҳисса қўшишса, бундан фақат хурсанд бўламиз.
- «Ал-Файсали» бош мураббийи «Насаф»нинг Европа услубига хос футбол намойиш этишини алоҳида таъкидлади. Бу ҳақда нима дейсиз?
- Футбол йил сайин тараққий этиб бормоқда. Ўйин услублари, тактикалардаги ўзгаришларни кўриб, сезиб турибмиз. Биргина Иордания футболи ҳам сўнгги йилларда анча ўсишга эришди. Бу нарса «Ал-Виҳдат» билан ўйинда яққол намоён бўлди. «Насаф» футболчиларидаги тезкорлик, бир-бирларини ўз вақтида тўп билан таъминлашлари якунда ижобий натижани келтирди. Ўзига хос услубимиз хорижлик ҳамкасбимизга маъқул келган бўлса, бу ёқимли, албатта. Демак, ўзимиз танлаган йўлда давом этиб, ишлаш ва изланишни тўхтатмаймиз.
- 6-турдаги «Ал-Виҳдат»га қарши баҳсда «Насаф» дарвозасига киритилган иккинчи тўпга муносабатингиз?
- Ўзларинг ҳам кўрдинглар, ўша вазиятда ҳакам ўйинни тўхтатиши керак эди. Чунки жарима майдони ичида Ҳусниддин Алиқулов жароҳат олиб, ёрдамга муҳтож бўлиб турганди. Хитойлик рефери бунга бефарқлик қилди. Натижада, рақиб дарвозамизни ишғол қилди. Начора, қарор чиқариб бўлинди. Буни бош ҳакамнинг тажрибасизлиги, аниқроқ айтганда, уқувсизлиги сифатида қабул қилдим.
- ОЧЛ 1/8 финал босқич ўйинлари 2023 йилнинг февраль ойида ўтказилиши аниқ бўлди. Мазкур турнирда янада узоқроққа бориш учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?
- Албатта, олдинда ҳали анча вақт бор. Шундай бўлсада, биз хотиржамликка берилмаймиз. Раҳбарият билан маслаҳатлашиб, баъзи чизиқларни кучайтириш бўйича амалий ишга киришамиз. ОЧЛнинг навбатдаги босқичидаги жамоалар ҳам чакки эмас, рақибимиз аниқ. Дастлаб, «Ал-Шабаб» билан майдонга тушамиз.
- ОЧЛда тўпланган тажриба миллий чемпионат ўйинларида «Насаф»нинг иштаҳаси янада очилишига сабаб бўлиши мумкинми?
- Биз қарийб бир ойга яқин Саудия Арабистонида бўлдик. Адаптация, яъни иқлимга мослашиш маълум вақтни талаб этади. 2 май куни «Қўқон-1912» билан сафарда ўйнадик, энди 7 май санасида амалдаги чемпион - «Пахтакор» Қаршида меҳмонимиз бўлади. Чемпионатимизда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Айниқса, бу йилги ўйинлар ҳар қачонгидан кўра муросасиз ўтяпти. Биз ҳам ҳар бир учрашувда ижобий натижа учун курашамиз. «Жўжани кеч кузда санаймиз» анаъанасига содиқ қоламиз.
- Мароқли суҳбат учун раҳмат. «Насаф»га кейинги учрашувларда зафарлар тилаб қоламиз. ОЧЛ баҳсларида жамоа бундан-да залворли ютуқларга эришади, деган умиддамиз.
- Фурсатдан фойдаланиб, бизни қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдираман. Ўз вақтида фаолиятимизни мунтазам ёритиб бораётган «ИнтерФутбол» газетаси жамоасига ҳам чин қалбдан дил ташаккуримни изҳор этаман.
Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди