Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

Стивен Нзонзи: «Фаолиятимда Дешамга ўхшаганини учратмадим»

Баҳо:
+ | -

Франция терма жамоаси сафида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган, «Севилья» билан Европа Лигасида ғолиб чиққан Стивен Нзонзи айни пайт ЖЧ-2022 мезбони - Қатарнинг «Ал-Райян» клубида фаолият юритмоқда.

ФИФА расмий сайтига берган эксклюзив интервьюсида у 2018 йилги мундиал финали, ёшлигида уни илҳомлантирган футбол юлдузлари ва бошқа қатор қизиқарли мавзулар ҳақида фикрларини билдирди.

- Жаҳон чемпиони бўлиш қандай?

- Бу энг катта орзу. Болаликда мундиалда қатнашиш ғайриоддий туюлади. Лекин ундаги ғалаба... буни тасаввур қилиб бўлмайди.

- ЖЧ-2018 финали арафасидаги муҳит қандай эди?

- Мени ҳайратда қолдиргани, финалгача бўлган ўйинда футболчилар анча бўшашгандек туюлишганди. Эҳтимол, ҳамма стрессда бўлган ва ҳеч ким буни кўрсатишни хоҳламагандир, лекин ҳақиқатан ҳам ўша кун бошқаларидан фарқ қилмасди. «Эртага финалда ўйнаймиз», деган ҳиссиёт йўқ эди бизда. Килиан Мбаппе ва Усмон Дембеле каби ёш футболчилар ўзлари билан енгиллик ва ишонч ҳавосини олиб келишди ва ўша пайт таркибга куч бағишлашди.

- Финал ва Дидье Дешам сизни майдонга чорлаган онлар ҳақида қандай хотиралар бор?

- Биз катта ҳаяжон ва адреналин билан бўлса-да, тўлиқ диққатимизни жамлагандик. Учрашувдан олдинги чигалёзди машғулоти пайтида босимни ҳис қиласиз, аммо бу ўйин ва диққатни жамлаш даражасини оширишга ҳам имкон беради. Майдонга тушганингиздан кейин эса жамоага ёрдам бериш ва бор кучингизни сарфлаш учун ушбу босимдан фойдаланишингиз керак. Мана шундай ўйинлар орқали имкониятдан унумли фойдаланиш кераклигини ҳис қиласиз. Қачонки, сизда шундай туйғу бўлса ва босимни ижобий ҳал қила олсангиз, бу ажойиб. Шунингдек, ҳаяжон ҳам бор нарса. Бу ҳис-туйғуларни ҳеч қачон қайта бошдан кечира олмайсиз.

- Дидье Дешамга қандай таъриф берасиз ва Франция термаси унинг қўл остида ниманинг ҳисобига муваффақият қозонди, деб ўйлайсиз?

- Унинг энг кучли томонларидан бири - рақобатбардошлиги. Бу ҳамма ҳис қилиши мумкин бўлган нарса. Бош­қача айтганда, бизда бировни хурсанд қилиш учун эмас, ғалаба қозониш учун ишлайдиган мураббий бор. У ҳақиқатан ҳам энг юқори чўққиларни кўзлайди. Фаолиятимда унга ўхшаб рақобатбардошлик даражаси юқори бўлган бошқа мураббийни учратмадим. Қолаверса, менимча, у гуруҳни бошқаришда ягона ва бу унинг яна бир кучли томони. Дешам ўйинчиларга анча яқин, ҳазил-ҳузулни ўрнига қўяди, бироқ ҳурматни уйғотадиган қобилиятга ҳам эга. Ишлаш, жиддий бўлиш ва ғалаба қозониш вақти келганини биламиз.

- 33 ёшда Франция термаси сафида жаҳон чемпиони, «Севилья» билан эса Европа Лигаси ғолиби бўлдингиз. Барча орзу-мақсадларингизга эришдингизми?

- Йўқ, чунки мен спортчиман ва яна совринлар ютиб, кўпроқ финалларда қатнашишни хоҳлайман. Ўйинчи бўлганингдан кейин ҳеч қачон эришилган даражадан тўлиқ қониқиб бўлмайди. «Севилья» билан Испания кубоги финали, биз ғалаба қозонган Европа Лигаси финалида қатнашиш, шунингдек, Чемпионлар Лигасида иштирок этиш имконига эга бўлдим. Бу ғолиблик нашидасини қайта-қайта ҳис қилиш ва ғалабани тез-тез татиб кўриш истагини уйғотади. Демак, йўқ, мен барча мақсадларимга эриша олмадим, лекин қўлга киритган ютуқларим билан жуда фахрланаман.

- Болалигингизда кимлар қалбингизда футболга меҳр уйғотишган?

- Менга шундай таъсир ўтказган биринчи футболчи «ПСЖ» клуби ва Нигерия терма жамоаси вакили Окоча (Жей-Жей) бўлди. Ҳужумкор, техник жиҳатдан иқтидорли, дриблинг қила оладиган футболчиларни ёқтирардим, лекин бу менинг ўйин услубим эмас. Кейин авлодимдаги барча футболчилар орзу қиладиган «ўнлик»лар - Роналдиньо ва Зиданни алоҳида эътироф этмоқчиман. Шунга қарамай, биринчи навбатда, барибир, Окочанинг номини тилга оламан. Мен учун у ажойиб футболчи эди, ҳар бир ҳаракатлари ёқарди: югуриши, дриблинги, зарбаси... Жей-Жей ўша пайт «ПСЖ»да тўп сурарди, шунинг учун деярли ҳар дам олиш кунлари унинг ўйинларини роҳатланиб томоша қилардим.

- ЖЧ тарихидаги энг кучли беш футболчини ажратиб кўрсатинг.

- Топ бешликми? Бу осон. Пеле, Марадона, Роналдо, Роналдиньо ва Зидан. Буларнинг барчаси жаҳон кубогини қўлга киритган футболчилар.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: iff.uz
Киритилди: 07:44, 12.05.2022.
Ўқилди: 982 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.