Жорий йилнинг 1-19 июнь кунлари Ўзбекистон яшил майдонларида 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Ушбу мусобақа учрашувларига “Бунёдкор”, “Локомотив”, “Пахтакор” ҳамда Қаршидаги “Марказий” ўйингоҳ мезбонлик қилади.
ОФК талабига кўра, U-23 Осиё чемпионати учрашувлари ўтадиган стадионлар 7 кун аввал мусобақа ташклилотчиларига тақдим этилиши лозим. Шуни инобатга олган ҳолда Coca-Cola Суперлига 11-тури доирасидан ўрин олган 29 май кунига белгиланган “Сурхон” – “Бунёдкор” учрашуви "Локомотив" стадионидан ОКМК спорт мажмуасига кўчирилди.
Эслатиб ўтамиз, U-23 Осиё чемпионати сабабли икки учрашув мезбони алмашгани ҳакида хабар берган эдик.
Маълумот учун, Термиздаги стадион прожекторлари талаб даражасига келтирилмаганидан келиб чиқиб, “Сурхон” футбол клуби уй учрашувларини бошқа стадионларда ўтказишга мажбур бўляпти. Олмалиққа қадар термизликлар Самарқанд ҳамда Тошкент стадионларида ўйинлар ўтказишди. Айни вақтда клуб раҳбарияти Термиздаги стадион ёритгичларини яхшилаш устида ишлаяпти.