Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Каталония жавҳари

Баҳо:
+ | -

Хосеп Бартомеу номини "Барселона" мухлислари жуда яхши эслаб қолишган. Бартомеу Каталония жамоасини олти йил (2014-2020) давомида президент ўлароқ бошқарди. Бу йиллар мобайнида "Барселона" бир қатор ютуқларни қўлга киритди. Умумий олиб қараганда, Хосеп ўз вазифасини яхши уддалаётгандай кўринган эди. Лекин, бу - даҳшатли бўрондан олдинги сукунат бўлиб чиқди. 2020-йилнинг охирига келиб клуб қулоғигача қарзга ботганини каттаю-кичик билиб бўлди. Бартомеу курсисидан ағдарилди. Испаниялик ишбилармон ўзидан катта миқдордаги қарзни мерос қилиб қолдирди.

Клуб тепасига энди анча ишончли, жамоа учун қадрдон бўлган - Жоан Лапорта келди. Мухлислар бир оз тин олди. Мухлисларнинг кўнгли хотиржам бўлди. Лекин Лапорта сеҳргар эмас-ки, бир таёқ силкитиши билан барчасини тўғирлаб юборса. Клубни бу инқироздан қутқариш учун, Лапорта ўта кескин қарорларни қабул қилишга мажбур бўлди.

Лапортанинг дастлабки юриши бундай бўлди: у клубдаги кўп маош олувчи футболчилардан бирин-кетин қутула бошлади. Иқтисодий ҳолатнинг қурбонлари жамоани аста-секин тарк эта бошладилар. Шак-шубҳасиз, энг катта қурбон бу - Лионель Месси. Умрининг ярмини шу клубда ўтказган, барча яхши ва ёмон хотиралари шу клуб билан боғлиқ бўлган футболчи. "Барселона" қироли клуб манфаати учун тахтдан тушишга мажбур бўлди. Ундан кейинги қурбонлар Коутиньо ва Гризманн бўлди. Иккаласи ҳам катта умидлар билан жамоага олиб келинган футболчилар. Раҳбарият бу икки футболчини ижарага бериш орқали, уларга сарфланадиган маошни тежаб қолдилар ва бу суммани клуб ривожи учун сарфладилар.

Жамоа ўз юлдузларини сотди. Уларнинг ўрни бўш қолди. Янги юлдузларни сотиб олиш учун "Барса"да етарлича маблағ йўқ эди. Суперклублар учун эса доимо қаҳрамонлар керак. Лапорта бу бўшлиқни академиянинг фидокор ўйинчилари ёрдамида тўлдирди. Бир мавсумнинг ўзида Педри, Гави, Араухо каби ёш юлдузлар порлаб чиқди. Шак-шубҳасиз, буларнинг ичида энг ёрқин порлагани бу - Педри Гонсалес эди.

"Каталония жавҳари"

Мақолани ёзишдан олдин, Педрини қандайдир ёрқин ном билан номлашим керак эди. Лекин ялтироқ гаплар билан, муболаға орқали қаҳрамонимизни кўпиртиргим келмади. Зотан у бунга муҳтож ҳам эмас. Ўйлаб-ўйлаб, унга энг муносиб ном "Каталония жавоҳири" деб билдим.

Жавҳар бу - қимматбаҳо ва ноёб бўлган тошдир. Педри ҳам ҳудди шундай. У каби ёш юлдузлар кўп. Хўш, унинг ноёблиги нимада? Гап шундаки, Мбаппе, Санчо, Сака, Фоден каби ёш юлдузларнинг барчаси олди чизиқ вакилларидир. Улар голлари орқали машҳурликка эришдилар. Педри эса яримҳимоячи. Яримҳимоячилар эса - нисбатан танилишлари қийинроқ бўлган, қора ишни қилувчи футболчилардир. "Барселона"дек жамоада, ўн саккиз ёшда, асосий яримҳимоячи бўлиш, фақат жавҳар каби ноёб ўйинчилар қўлидан келади.

Аслини олганда Педри бу мавсумнинг кашфиёти эмас. Педри бундан аввалги мавсумда, Мессининг қанотида кўрсатган ўйинлари орқали мухлислар эътиборини жалб қилди. Аввалги (2020-2021) мавсумда, Педри умумий ҳисобда олтмиш тўртта ўйин ўтказди. Бу эса ёш юлдузнинг жисмоний ҳолатига ўз таъсирини ўтказди. Педри ўттизинчи сентябрда, "Бенфика"га қарши баҳсда жароҳат олди ва майдонни тарк этди. Бу ўйин у учун мавсумдаги тўртинчиси эди.

Қаҳрамонимиз нақд уч ярим ойга сафдан чиқди. Бу муҳлат оралиғида жамоа пастки ўринларга шўнғиб кетди. Куман истеъфога чиқарилди. Жамоа ўзининг энг ёмон мавсумларидан бирини ўтказаётган эди.

Педри январда сафга қайтди. Бу вақтга келиб жамоа Хави қўл остига ўтган эди. Педри янги мураббий қўл остида яна ҳам яйраб ўйнашни бошлади. Жамоа еврокубоклар зонасига қайтди. Бироз кеч бўлса-да жамоа ўзига келиб олди ва бунга энг катта ҳисса қўшган футболчилардан бири Педри эди. Педри бор вақтлар "Барселона" аут олишга ҳам қийналмади. Яъни - Педри майдонда доимо ўзини таклиф қилар ва бу орқали жамоасини қийин вазиятлардан олиб чиқиб кетди. Испаниялик иқтидор эгаси, ўзининг ностандарт қарорлари билан жамоага кўплаб очколар келтирди.

Лекин мавсумнинг тугашига бир ярим ой қолганда у яна сафдан чиқди. У билан бирга "Барселона" ҳам, "муваффақият рельсидан" чиқиб кетди. "Барса" бирин-кетин мағлубиятлар қабул қилиб олди. Бу эса - Педрининг жамоадаги ўрни нақадар катта эканини кўрсатди.



Нима бўлганда ҳам, "Барселона"нинг сўнгги ўн йилликдаги энг ёмон мавсуми тугади. Қаҳрамонимиз жамоа билан ҳар доим бирга бўлганида натижалар бу қадар қўрқинчли бўлмасди балки. "Олтин бола" ўз қаршисидаги ягона душмани - жароҳатларни енгиб ўтиб, янги мавсумда жамоаси билан титуллар қўлга киритишига тилакдошмиз...

Норбой муаллим

Манба: stadion.uz
Киритилди: 21:30, 27.05.2022.
Ўқилди: 3793 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.