«Барса» Пикени захира ўриндиғига қўйишга тайёр, футболчи маошининг яна қисқаришига рози бўлади.
Эҳтимолий алмаштиришлар - Кунде ёки Кулибали.
Испанияда журналистлар Жерар Пикенинг «Барса» президенти Жоан Лапорта билан учрашгани ҳақида ёзишмоқда - суҳбат жуда қизғин бўлган. «Агар қўлингиздан келса, «Барса»га дунёнинг энг яхши ҳимоячисини олиб келинг. Кўрамиз, у менга ўринбосар бўла олар эканми?», - дея ўзига ишонч билдиради Жерар раҳбариятга қарата.
Журналист Хави Уоллс қўшимча тафсилотларни баён қилди: Пике президентга фақат футболга эътибор қаратишини айтди. У клуб билан шартномаси тугагунига қадар кейинги икки йил давомида ортиқча бизнес ишларини тўхтатади. Жерар ўзини «Барселона»нинг асосий ҳимоячиси сифатида кўришини айтган. Пикега айни дам катта маош тўланади. «Барса» эса уни имкон қадар пасайтириб, Жерарни захира ўриндиғига михламоқчи.
Дарҳақиқат, Жерар «Барса»га жуда қимматга тушмоқда. Унинг дастлабки шартномасида 12 миллион евро маош кўрсатилган эди - бу жамоадаги энг катта суммалардан бири. Аммо ўтган йили Пике раҳбариятга ён беришга мажбур бўлди ва клубга янги келганлар билан шартнома имзолашда ёрдам бўлиши учун маошнинг бир қисмини қисқартирди. Инқироз пайтида бу 5 миллионгача қисқарди. Жерарнинг қолган пуллари 2023 йилнинг ёзида тўлаб бериладиган бўлди: инсайдер Луис Рохонинг айтишича, тахминан 40 миллион евро аллақачон тўлаб бўлинган. Пикенинг 2024 йилгача амал қиладиган шартномасида содиқлик учун бонуслар (7,5 миллион евро) ва ўйинлар фоизи (3,3 миллион) кўзда тутилган эди. Улар испаниялик 2022/23 йилги мавсумдаги ўйинларнинг умумий 40 фоизида қатнашсагина фаоллашади.
Аммо айни дам «Барса» Пикени бундай пулга арзимайди, деб ҳисобламоқда. Бу эса уни захира ўриндиғига олиб боради. Ишончли инсайдер Фернандо Полонинг ёзишича, Хави ҳимоячининг жароҳатидан қўрқади (у 2021/22 йилги мавсумда 85 кунини касалхонада ўтказган). Пике эса аксинча базада ўйнашни хоҳлайди ва рақобатга тайёр. Бундан ташқари, молиявий муаммолар ҳам бор. Клуб ҳали инқироздан чиқмаган, шунинг учун Пике ва бошқа фахрийлар Жорди Алба, Серхи Бускетс ва Серж Робертодан маошларини қисқаришини сўраган. Улар бу борада ҳали ҳам қийинчиликлар борлигини ёзишди, аммо Лапорта ва Хави билан суҳбатдан сўнг Жерар бироз юмшоқроқ позицияга ўтди.
Буни «Барса»нинг молиявий масалалар бўйича вице-президенти Эдуард Ромеу ҳам билвосита тасдиқлади: «Жерар билан жуда яқин муносабатдаман. Пике ҳар доим биз билан ҳамкорлик қилган ва ишончим комилки, у буни яна давом эттиради. У клубдаги вазиятни тушунишига ишонаман».
Жерар - футболчилар орасида асосий бизнесмен. Охирги 12 йил давомида у бу фаолияти тизимини борган сари кенгайтириб келмоқда. Пике ESADE Каталония бизнес мактабида иқтисод бўйича таҳсил олган, кейин эса ўз билимларини амалда қўллаган - Космос холдингига асос солган (футбол ва теннис ташаббусларини ўз ичига олади). Жерарнинг асосий бизнеси 2017 йилда Космос Ҳолдингга асос солган пайти бошланган. Бу тизимда 3 асосий йўналиш: футбол, теннис ва ОАВ параллел тарзда ривожлантирилмоқда. Биринчи йирик лойиҳа - бу Антуан Гризманнинг таъсирчан фикрлари ва унинг «Атлетико»да қолиш қарори ҳақидаги ҳужжатли фильм. 2018 йил бошида Пике мутлақо янги бизнесга қўл урди. Унинг компанияси теннис бўйича Дэвис кубогининг асосий инвесторига айланди. Пике 23 ёшидан бошлаб ушбу турнирни ўзгартириб, уни футбол бўйича жаҳон чемпионатининг аналогига айлантиришни орзу қилган. “Мен у ерда куни бўйи ишлайман. Бу менинг йирик лойиҳам ва менимча, биз тўғри йўлдамиз. Агар орзуингиз бўлса, у учун курашишингиз керак", - дейди Пике.
«Барса» Пикенинг ўрнига қайси ҳимоячини олиб келмоқчи?
Асосий вариант - Калиду Кулибали. Сенегаллик футболчи «Наполи»нинг янги шартнома таклифини рад этди, шу боис у бошқа клублар таклифини кўриб чиқмоқда. Corrierre dello Sport хабарига кўра, «Челси» ва «ПСЖ» ҳамон ҳимоячини кузатишмоқда, аммо каталонияликларнинг қизиқиши бу йўлда муҳим роль ўйнаши мумкин. Нашрнинг аниқлик киритишича, Кулибали учун жамоа камида 40 миллион евро сўраган, ҳозирги «Барса» учун бу жуда муносиб нарх. Ундан ошиғи ортиқча албатта.
Шунингдек, матбуотда Жюль Кунденинг номи ҳам янграмоқда. Mundo Deportivo ҳимоячининг «Барселона»га ўтишни хоҳлаётгани, аммо клубнинг молиявий аҳволи бунга йўл бермаслигини ёзмоқда. «Барса»нинг бойвачча рақобатбатчилари олдида қўли калтароқ - «Челси» ёки «Ньюкасл» бу борада асосий фаворит. Каталонияликлар Жюлнинг нархи 65-70 миллион евро эканлигини билишади, аммо улар «Севилья»ни ўз талабларини пасайтиришига ҳаракат қилишади. Келишувга Сержиньо Дест ёки Франсиско Тринкау трансферлари киритилиши мумкин.