БААнинг Дубай шаҳрида ташкил этилган XII Осиё чемпионатида чорак финалга қадар етиб бориб, якунда жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолган Ўзбекистон футзал терма жамоаси пойтахт Тошкентга қайтиб келди.
Футзал терма жамоасининг олдига шу йилнинг ноябрь ойида Таиландда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати чиптасини қўлга киритиш вазифа қилиб қўйилганди. Бироқ якунда бу вазифа уддаланмади. Осиёнинг 10 карра чемпиони – Эрон футзал терма жамоаси бу орзуни йўққа чиқарди.
Кеча эса Эроннинг ўзи тарихда иккинчи бор қитъа чемпионати финалига йўл ола билмади. 2006 йил Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионати ярим финалида Япониядан енгилган (1:5) форслар, кеча жаҳон чемпионати мезбони – Таиланд қаршилигини синдира олишмади. Ўйиннинг асосий вақтида 3:3 ҳисоби қайд этилган бўлса, қўшимча дақиқалардаги матонат эвазига таиландлик футзалчилар якунда 5:4 ҳисобида муваффақият қозонишди.
Ярим финалнинг иккинчи ўйинида Австралияни имтихон қилган Япония йирик – 3:0 ҳисобида устун келди. Эртага – 1 июнь куни бўлиб ўтадиган финалда Япония Таиландга қарши залга чиқади. Қайд этиш керак, амалдаги XII Осиё чемпионатига қадар 10 марта Эрон қитъа чемпионлигини тантана қилган бўлса, айнан 2006 йил Япония бир марта тахтга чиқа олганди. Бу сафар кунчиқар юрт термасида 6 йил аввалги тарихни такрорлаш имкони бор. Мундиалга пухта тайёргарлик кўраётган Таиланд эса Осиё футболи тарихида янги саҳифа очиши мумкин. Қўшимча қилиш керакки, мундиалда Осиё шарафини Таиланд, Япония, Эрон, Австралия ва Кувайт терма жамоалари ҳимоя қилишади.