Кириш Регистрация
28/06 03:00 Панама 2-1 АҚШ
28/06 06:00 Уругвай 5-0 Боливия
28/06 20:00 Сўғдиёна 4-2 Динамо
28/06 20:00 Қизилқум 1-0 ОКМК
29/06 03:00 Колумбия 3-0 Коста-Рика
29/06 06:00 Парагвай 1-4 Бразилия
29/06 21:00 Швейцария - Италия
30/06 00:00 Германия - Дания
30/06 05:00 Канада - Чили
30/06 05:00 Аргентина - Перу
30/06 21:00 Англия - Словакия
01/07 00:00 Испания - Грузия

Янги хўжайин океан ортидан

Баҳо:
+ | -

Якунланган мавсумда 11 йиллик танаффусдан сўнг Италия чемпионатида ғолиб чиққан «Милан»да хўжайинлар ўзгаради. АҚШнинг RedBird Capital инвестиция компанияси сўнгги йиллар давомида «россонерилар»га эгалик қилган Elliott Advisors фонди билан клубни сотиб олиш бў­йича келишувга эришди. Битим нархи - 1,2 миллиард евро. Elliott акцияларнинг миоритар пакети ҳамда директорлар кенгашидаги жойини сақлаб қолади.

Эслатиб ўтамиз, Elliott «Милан» назоратини 2018 йилда қўлга киритган, ўшанда собиқ хўжайин, хитойлик бизнесмен Йонхон Ли фондга олган қарзини қайтаролмай, «қизил-қоралар»ни банкротлик ёқасига олиб бориб қўйганди. Операцион зиён 560 миллион еврони ташкил этганди. Иқтисод режими «ёқилди», «Милан» бор воситалари эвазига кун кечириб, ортиқча харажатлардан қочди. Шу сабабли Жанлуижи Доннарумма, Ҳоқон Чалханоглу ва Франк Кессье билан шартномаларни узайтириш имкони йўқолди. Шунга қарамай, зарар миқдори босқичма-босқич камайиб, мавсум-2020|2021да бор-йўғи 60 миллион еврони ташкил этди.

Бироқ Elliott ишларни тартибга солишдан ташқари, янги харидор топишдан умидвор эканини ҳам яширмади. Апрель ойи охирида клуб Баҳрайннинг йирик инвестиция фонди - Investcorp ихтиёрига ўтадигандек кўринганди. Харид суммаси 1,1 миллиард еврога баҳоланган, Яқин Шарқ давлати эса БАА, Қатар ва Саудия Арабистони сингари қўшнилари қатори Европа клубига эгалик қилиши мумкин эди. La Gazzetta dello Sport хабарига кўра, баҳрайнликлар шу йилнинг ёзида трансферларга 300 миллион евро ажратишни режалаштиришганди. Бироқ якунда вазият ўзгарди - Elliott ва RedBird Capital ўртасида келишув имзоланди.

«Биз учун «Милан» шонли тарихининг бир қисмига айланиш улкан шараф. Жамоа ҳақли равишда Италия, Европа ва жаҳон футболидаги ўрнига эга бўладиган кейинги даврда муваффақиятга ўз улушимизни қўшишдан хурсандмиз», - дейди RedBird компанияси асосчиси ва бошқарувчиларидан бири Жерри Кардинале.

Мазкур воқеанинг ўзига хос икки жиҳати эътиборга молик. Биринчиси - қарийб бир йил аввал RedBird Capital «Ливерпул»га эгалик қиладиган Fenway Sports Group компаниясининг 10 фоиз акциясини сотиб олганди. Ушбу ҳолатда манфаатлар тўқнашуви бўйича савол туғилиши мумкин. Аммо Fenway Sports Group акциялари шунчаки, пассив инвестиция ҳисобланади. RedBird Англия клуби бошқарувида қатнашмайди, «қизиллар» директорлар кенгашида ушбу компаниядан вакил йўқ.

Шундай экан, УЕФА «Милан» ва «Ливерпуль»нинг Чемпионлар Лигасидаги иштироки бўйича эътироз билдирмаса керак. Ахир Европа футбол иттифоқидагилар ўз вақтида нисбатан мураккаброқ ҳисобланган «Лейпциг» ва «Зальцбург» масаласини ижобий ҳал этишган.

Иккинчи фактор - Европанинг яна бир топ-клуби АҚШ инвесторлари назоратига ўтди. «Милан» сотилишидан бироз аввал америкалик бизнесмен Тод Боэли раҳбарлигидаги консорциум «Челси»ни харид қилганди. «Ливерпуль» ҳақида юқорида гапирдик. «Манчестер Юнайтед» Глейзерлар оиласи назоратида, «Арсенал»ни Стэн Кронке бошқаради. «Кристал Пэлас» ва «Бернли»нинг босслари ҳам америкалик, океан ортидаги бойлар «Лидс» ҳамда «Астон Вилла»да йирик акцияларга эгалик қилишади.

Италияга келсак, АҚШ бизнесменлари назорати остидаги клублар - «Рома», «Фиорентина», «Аталанта» (акцияларнинг 55 фоизи), «Женоа», «Парма», «Специя», «Венеция». Францияда «Марсель» худди шундай мақомда.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 19:53, 22.06.2022.
Ўқилди: 2384 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.