Бу йил бизни Қатардаги мундиал кутиб турибди. Бу жаҳон чемпионати одатдагиларидан фарқ қилади. Боиси, олдин қиш ойи ҳеч қачон бу мусобақа ўтказилмаган. Бироқ бу мавсум чемпионат 21 ноябрдан 18 декабргача бўлиб ўтади. Ўтган ҳафтада жаҳон чемпионатининг сўнгги иштирокчилари аниқланди, Коста-Рика Қатар чиптасини қўлга киритган сўнгги терма жамоа бўлди. Айни пайтда, 2022 йилги жаҳон чемпионатининг барча иштирокчиларини маълум. Аммо, кўпчилик ҳар бир жамоа сардорини билмаслиги мумкин. Улардан бири 18 декабрь куни жаҳон чемпионати бош соврини боши узра кўтаради. Тасаввур қилинг, ўша омадли футболчи ким? Шу учун бугун биз ҳар бир терма жамоа сардорлари ҳақида батафсил тўхталмоқчимиз.
Қатар терма жамоаси сардори. Ҳасан Холид Ал-Ҳайдос (“Ас-Садд”)
Ҳасан фаолияти давомида битта клуб шарафини ҳимоя қилган. У саккиз ёшидан “Ас-Садд” академиясига қабул қилинган ва ҳозиргача Доҳа клуби сафида ўйнайди. Ал-Ҳайдос терма жамоада 17 ёшида дебют қилган (ҳозирда 31 ёшда). Унинг ҳисобида Қатар сафидаги 158 учрашув ва 34 гол бор. Мезбон жамоа ЖЧ-2022да энг тажрибали сардорлардан бирига эга.
Нидерландия терма жамоаси сардори. Виржил ван Дейк (“Ливерпуль”)
Табиийки, ван Дейк етакчи ва сайёрамизнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири бўлиб, Голландия терма жамоаси сардори ҳам ҳисобланади. Виржил "Ливерпуль"да Хендерсондан кейинги вице-сардор ҳисобланишини ҳам унутмаслик керак. Голландияликларга кўпинча жаҳон чемпионатларида омад кулиб боқмайди. Сабаби “лолалар юрти” вакиллари ўзлари иштирок этган учала финалда ҳам мағлуб бўлган. Балки Виржил ван Дейкка омад кулиб боқар?!
Сенегал терма жамоаси сардори. Калиду Кулибали (“Наполи”)
Эҳтимол, бу футболчи жаҳон чемпионатида “Наполи” номидан қатнашмаслиги мумкин?! Сабаби, ОАВ хабарига кўра, Калиду катта эҳтимол билан Неаполни тарк этишга қарор қилган. Албатта, унинг кетиши Италия клубида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлади. Шунингдек, Сенегалнинг вице-сардорини ҳам эсдан чиқармайлик — Садио Мане.
Эквадор терма жамоаси сардори. Эннер Валенсия (“Фенербахче”)
32 ёшли ҳужумчи жаҳон чемпионатларининг ўйнаш бўйича катта тажрибага эга: 2014 йилда у 3 та ўйинда 3 та гол урган. Футболчи Бразилиядаги Мундиалда Швейцария ва Гондурас киперларини хафа қилишни уддалаган.
Англия терма жамоаси сардори. Харри Кейн (“Тоттенхем”)
Харри июль ойида 29 ёшга тўлади. Аммо, у ҳали ҳам профессионал фаолиятида бирорта совринни қўлга киритмаган. Эҳтимол, Кейннинг дастлабки соврини ЖЧ кубоги бўлар?! Нима деб ўйлайсиз, Харри бунга арзийдими?
Эрон терма жамоаси сардори. Эҳсан Ҳажсафи (АEК)
Ҳажсафи Эрон терма жамоаси сафида 114 та ўйин ўтказган ва Европада ўйнаш тажрибасига эга. У иккинчи Бундеслигада ўйнаган, шунингдек бир қанча Греция клублари шарафини ҳам ҳимоя қилган. Қитъамизнинг энг яхши терма жамоасининг иккинчи сардори эса Сердар Азмун ҳисобланади.
АҚШ терма жамоаси сардори. Кристиан Пулишич (“Челси”)
АҚШ терма жамоасининг сардорлик боғичини сентябрда 24 ёшга тўладиган "Челси" вингери Кристиан Пулишич тақиб юради. Ҳали ёш, аммо у етарлича тажрибали футболчи ҳисобланади: Кристиан АҚШ терма жамоаси сафида 50 та ўйин ўтказиб, 21 та гол урган. Яхши статистика.
Уэльс сардори. Гарет Бэйл (ҳозирча клубсиз)
Уэльс терма жамоаси 64 йил ичида илк бор жаҳон чемпионатининг финал босқичида иштирок этади. Қатар Мундиалида ушбу жамоани Уэльс тарихидаги энг титулли футболчи майдонга олиб тушади. Бэйл "Реал Мадрид"ни тарк этди ва ҳали янги жамоаси билан шартнома имзолагани йўқ. Аммо, нима бўлганда ҳам биз Гаретнинг нималарга қодирлигини яхши биламиз.
Аргентина сардори. Лионель Месси (“ПСЖ”)
Месси жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби ҳисобланади. Энди эса у олтин медални қўлга киритмоқчи. Лео учун ўзининг буюк футболчилардан бири эканлигини амалда исботлаш учун ЖЧ бош соврини ҳам қўлга киритиши талаб этилади. Бу у учун сўнгги имконият эканлиги ҳам унутмаслик керак. Ҳа, Месси футболчи қўлга киритиш керак бўлган барча мусобақада ғалаба қозонган, аммо унда Мундиал олтин медали йўқ.
Польша сардори. Роберт Левандовски (“Бавария”)
"С" гуруҳидаги кучли "сардорлар рақобати"ни кузатишимиз мумкин: Месси ва Левандовски. Ҳа, Лео ҳамкасбидан ҳар жабҳада устун бўлиши мумкин, аммо сўнгги бир неча мавсум давомида Роберт ундан кучли ўйнади. Шунингдек, Польша терма жамоаси сардорининг “Олтин тўпи”ни ҳам айнан Месси “ўғирлаганини” унутмаслик керак. Асосий интрига Робертнинг жаҳон чемпионати пайтида қайси клуб вакили бўлишидир. Сабаби, унинг "Бавария"да қолиш эҳтимоли жуда паст.
Мексика сардори. Андрес Гуардадо (“Бетис”)
Қатардаги жаҳон чемпионати Мексика терма жамоаси сафида 174 та ўйин ўтказган Андрес Гуардадо учун бешинчи бўлади. Катта эҳтимол билан бу “Бетис” футболчиси учун сўнгги Мундиал. Вақт ўтмоқда.
Саудия Арабистони сардори. Салмон ал-Фараж (“Ал-Ҳилол”)
Ал-Фаражнинг бутун фаолияти давомида “Ал-Ҳилол” шарафини ҳимоя қилиб келган. У фақат бир марта, Россиядаги жаҳон чемпионатида қатнашган. Бунгача, у бошчилигидаги “саҳро бургутлари” ҳеч қачон бу каби мусобақада қатнашмаган. У Россиядаги турнирнинг гуруҳ босқичидаги барча ўйинларида алмаштирилмасдан ўйнади ва ҳатто Миср терма жамоаси дарвозасига гол ҳам уришни уддалаганди.
Франция терма жамоаси сардори. Уго Льорис (“Тоттенхэм”)
Тўрт йил олдин Льорис "Лужники" стадионида кечган ЖЧ-2018 финал учрашувида Хорватияни мағлубиятга учратиб, Жаҳон кубогини боши узра кўтарган эди. Энди эса буни Осиё қитъасида яна бир бор такрорлашга ҳаракат қилиб кўради. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Уго 11 йилдан бери Франция терма жамоаси сардори ҳисобланади.
Дания сардори. Симон Кьер (“Милан”)
Симон мухлислар учун ҳақиқий қаҳрамон. Евро-2020 вақтида, Кристиан Эриксенни ҳаётини сақлаб қолгани ва унинг оиласини тинчлантиргани учун мухлислар уни жуда ҳам яхши кўришади. Дания терма жамоаси ҳозирда яхши ўйин намойиш этмоқда. Эҳтимол, улар Қатарда ҳам ўзининг ажойиб ўйинлари билан мухлисларни хурсанд қилар?! Кузатамиз.
Австралия сардори. Мэттью Райан (“Реал Сосьедад”)
Мэттью "Реал Сосьедад"да Алекс Ремирога рақобатда мағлуб бўлади, лекин у “кенгрулар”нинг ҳақиқий етакчиси бўлиб қолмоқда. Австралия Перуни мағлуб этиб, ЖЧнинг сўнгги иштирокчисига айланди. Бу эса уларни нақадар иродали жамоа эканлигини исботлайди.
Тунис терма жамоаси сардори. Юсуф Мсакни (“Ал-Дуҳаил”)
Мсакни 2013 йилдан буён Қатар чемпионатида ўйнаб келади, шунинг учун 2022 йилги жаҳон чемпионатида у ўзини уйидагидек ҳис қилса керак.
Биринчи қисм якунланди.