«Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик Чемпионлар лигасида «ПСЖ»га қарши бўлиб ўтадиган муҳим учрашув олдидан уч нафар футболчисининг соғлиғи билан боғлиқ вазиятдан хавотирда.
Испания Ла Лигаси доирасида «Бетис»га қарши ўтказилган ва каталонияликларнинг 5:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган баҳсда Жерар Мартин ҳамда Эрик Гарсия оғриқ ҳис қилгани сабабли алмаштирилган эди. Шунингдек, Жюль Кунде ҳам соғлиғи билан боғлиқ айрим муаммоларга дуч келмоқда.
«Ҳозирги пайтда энг муҳими — футболчиларнинг тикланиши. Бу жуда муҳим масала. Сешанба кунги учрашув учун ўйин вақтини қандай тақсимлашни кўриб чиқамиз. Қарор қабул қилишимиз ва асосий таркибга 11 нафар футболчини танлашимиз керак.
Ҳозирча Гарсиянинг аҳволи қандай экани аниқ эмас. Кундеда кичик муаммолар бор, Мартинда ҳам шундай ҳолат кузатилмоқда.
Вазиятни кузатамиз. Ихтиёримизда яна икки кун бор. Тиббий текширув натижаларини кутишимиз керак. Шундан кейингина аниқ бир қарорга келамиз», — дея Фликнинг сўзларини келтиради Goal портали.
«ПСЖ» ва «Барселона» ўртасидаги Чемпионлар лигаси учрашуви 20 октябрь, сешанба куни бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан 21 октябрга ўтар кечаси соат 00:00 да бошланади.













