ФИФА собиқ президенти Йозеф Блаттер ташкилотнинг амалдаги раҳбари Жанни Инфантино ҳақида гапирди.
"Мен ўзимни оқламоқчиман. Келганимда ФИФА номдор эмасди. Кетаётганимда эса иқтисодий, ижтимоий, маданий ва ҳатто сиёсий жиҳатдан кучли халқаро ташкилот эдик.
Нега Инфантино менга қарши эканини билмайман. У ҳатто менга қарши иш тўқиб чиқармоқчи бўлади. У нафақат мени, балки қилган ишларимни ҳам йўққа чиқармоқчи, ўзи бу нарсаларни яхшироқ қила оламан деб ўйлайди.
Мени ўғриликда айблашмоқда. Бу ёлғон. Нега судга келиб қолганимни билмайман. Буни минглаб, балки миллионлаб футболчилар ҳам тушунмаслигига ишончим комил.
Қасоскор одам эмасман, лекин мени оқлашларини хоҳлайман. Бу менинг ва мен яратган футболнинг шаъни масаласи. Футбол бугунги кўринишга келгунга қадар бир ўзим эмас, юзлаб одамлар билан биргаликда меҳнат қилдик. Футболнинг икки миллиарддан ортиқ мухлиси бор. Бошқа ҳеч бир спорт туридан бунчалик катта ҳажмдаги мухлислар қамрови йўқ", — деди Йозеф Блаттер.
Блаттер 2015 йилда коррупцияда айбланиб ФИФА президентлигидан олинган ва саккиз йил муддатга футболга оид ҳар қандай фаолиятдан четлатилганди. 2016 йилда ФИФА апелляция қўмитаси ушбу муддатни олти йилга қисқартирганди.