Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

МТЖ мураббийларининг шов-шувли (ёки тинчгина) истеъфолари (1-қисм)

Баҳо:
+1 | -

Ҳар қандай спорт туридаги каби футболда ҳам мураббийнинг бир жамоадаги фаолият даври қисқа бўлади. Жаҳоннинг 2002 йилги чемпиони Бразилия терма жамоасининг бош мураббийи Луиз Фелипе Сколари бу ҳақда: "Мен бир жамоада 3-4 йил ишлайман холос, бешинчи йилга келиб ҳамма имкониятларим ишга солинган ва мен бу жамоа учун бошқа хеч нарса беролмайдиган ахволга тушиб қоламан, вазиятни ўзгартириш зарурлигини тушуниб етаман" – деган. Албатта, бир жамоада, ҳатто терма жамоаларда бир неча ўн йиллар давомида ишлаган мураббийларни кўрсатишимиз мумкин, лекин улар бармоқ билан санагудек даражада озчиликни ташкил қилади.

Футболда бош мураббийнинг бир жамоадаги муваффақиятли фаолияти кўп нарсага боғлиқ, асосийлари сифатида жамоа эришган натижа, ўйиннинг сифати, футболчилар (ва албатта, раҳбарият) билан чиқишиб кета олишини санаб ўтишимиз мумкин. Мана шу омилларни оқилона уйғунлаштира олган мураббийлар фаолиятини муваффақиятли деб бемалол айта оламиз.

Ўзбекистон терма жамоасини 21 йиллик тарихи мобайнида жами 18 мураббий бошқарган. Ҳа, 4 июнь куни терма жамоамизни тарк этган Вадим Абрамов — ўн саккизинчи мураббий эди. Миллий терма жамоамиз 1994 йили Осиё ўйинлари ғолиби ва 2011 йили Осиё кубогида 4-ўринни қўлга киритган. Расмий мусобақалардаги ютуқларимиз ҳозирча шулар. Терма жамоамизни бошқарган мураббийларнинг кўрсатган натижалари, эришган ютуқлари ва ўз фаолиятини якунлашлари ёки "истеъфолари" турлича бўлган. Ушбу мақолада Ўзбекистоннинг бош жамоасини шов-шувли тарзда (ёки аксинча, тинчгина) тарк этган бош мураббийлар ҳақида қисқача тўхталамиз.

1996 йил. Баҳодир ИБРАГИМОВ
1996 йили ЎФФ Баҳодир Ибрагимовни Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи қилиб тайинлади. Терма жамоамизни Тожикистон терма жамоасига қарши Осиё чемпионатининг ўта муҳим саралаш ўйинлари кутиб турганини ва Баходир ака шу пайтгача Ўзбекистоннинг бирор бир клубида мураббий бўлиб ишламаганини хисобга оладиган бўлсак, ЎФФнинг бу қарори кўпчиликни ажаблантирди. Натижа эса ўзини узоқ куттирмади.

1996 йилнинг 8 май куни Тожикистон терма жамоаси Ўзбекистонни Душанбе шахрида қабул қилиб, дарвозамизга 4 та жавобсиз тўп йўллаб, хурсандчилик билан кузатиб қўйди. Бундай натижа барчани карахт аҳволга солди. Албатта, мураббийлар штаби ва бу ўйинни гувоҳи бўлган бошқа мутасаддилар хакамлар бригадасининг "иши" туфайли терма жамоамиз жабр кўргани, ноҳақ пенальти ва яққол офсайддан киритилган икки гол бизни йирик мағлубиятга учратганини баҳона қилишди. Нима бўлган тақдирда ҳам, жавоб учрашувида биз бундай қийин аҳволдан хар қандай усуллар билан бўлса-да, чиқиб кетишимиз ва албатта ўзимиз учун илк Осиё чемпионатини ўтказиб юбормаслигимиз шарт эди. 19 июнь куни бўлиб ўтган жавоб учрашувида биз ўша "усуллардан" фойдаланиб, Тожикистон дарвозасига 5 та тўп кирита олдик ва терма жамоамиз Осиё кубоги йўлланмасига эга бўлди. ЎФФ мутасаддилари эса ўзлари ва биз мухлисларни асабларини бошқа синамасликка қарор қилиб, Баҳодир Ибрагимовни бош мураббийликдан озод этишди.

1996 йил. Юрий САРКИСЯН
1996 йили Осиё чемпионати арафасида Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий қилиб Юрий Вазгенович Саркисян тайинланди. Бундай бўлиши табиий ҳол эди. Саркисян бошчилигидаги Фарғонанинг "Нефтчи" клуби нафақат Ўзбекистонда балки Осиё клублари миқёсида хам, МДҲ кубогида ҳам муваффақиятли ўйин намойиш этиб келаётган эди.

Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихидаги илк Осиё кубогида Хитой, Япония ва Сурия терма жамоалари билан бир гуруҳда ўйнайдиган бўлди. Саркисян бош жамоамизга энг тажрибали футболчиларни тўплай олди. Бироқ чемпионатда терма жамоамизнинг ўйини қовушмади. Дастлабки ўйиндаёқ асосан ҳимоявий ўйин кўрсатиб, Хитойни 2:0 ҳисобида мағлуб эта олдик. Кейинги ўйинда эса Япония бизни ер тишлатди — 0:4. Шундай бўлса-да, кейинги босқичга чиқиш имконияти бор эди. Бунинг учун ҳар иккала ўйинни ютқазган ва чоракфиналга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлган Сурияни мағлуб этсак кифоя эди. Амалда эса, асабий кечган ўйинда футболчиларимиз хеч нарсага эришолмадилар ва нурсиз ўйинда 1:2 ҳисобида имкониятни бой бердилар. Юрий Вазгенович эса бош мураббийлик курсисини бўшатиб қўя қолди.

1997 йил. Рустам МИРСОДИҚОВ
1997 йили Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк маротаба жахон чемпионати саралаш ўйинларига киришди. Бош мураббий қилиб Тошкентнинг МҲСК клуби билан Ўзбекистон чемпионлигига эришган Рустам Мирсодиқов тайинланди. Саралаш ўйинларининг дастлабки босқичида биз жиддий қаршиликка учрамадик. Яман, Камбожа ва Индонезия терма жамоаларига футболдан дарс бериб, гуруҳда биринчи ўрин билан кейинги босқичга чиқдик.

Ҳал қилувчи босқичда биз билан бир гуруҳдан Япония, Жанубий Корея, БАА ва Қозоғистон терма жамоалари ўрин олишди. Бироқ футболчиларимиз Осиё грандларига етарли қаршилик кўрсата олмадилар ва 6 ўйинда фақат 2 очко йиға олдилар, холос. Тўғри, Япония терма жамоаси билан Тошкентда 1:1 ҳисобидаги дурангга эриша олдик. Аммо энг аламлиси, ўз майдонимизда Жанубий Кореяга 1:5 ҳисобида имкониятни бой бердик. Эртаси куни эса Рустам акага жавоб берилди. (Айтганча, бу мағлубият ханузгача ўз майдонимизда учралган энг йирик мағлубият бўлиб қолмоқда).

1998 йил. Убиража Вега ДА СИЛЬВА
Исми қийин талаффуз қилинадиган бразилиялик бу мураббий ўз фаолиятини Тошкентнинг "Пахтакор" клубида бошлаган эди. 1997 йилда у миллий терма жамоага бош мураббий қилиб тайинланди. Ўз фаолияти давомида Бразилиянинг турли лигалари клубларини бошқарган "Бира" (ҳа, уни қисқача шундай деб чақиришарди) олдига мақсад қилиб - 1998 йили бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида ғолиб чиқиш вазифаси қўйилди.

1998 йилнинг декабрь ойида Таиландда бошланган Осиё ўйинларида дастлабки ўйинда Кувайт билан 3:3 ҳисобида дуранг ўйнадик, кейин эса Мўғилистон терма жамоасини футбол ўйини билан таништирдик – 15:0 ! (Бу натижа бугунги кунгача терма жамоамизнинг энг йирик ғалабаси бўлиб турибди). Кейинги босқичда КХДР ва Ҳиндистон мағлуб этилган бўлса, Туркманистон билан дуранг ўйналди.

Чоракфиналда эса Эрон терма жамоасига рўбарў бўлдик. Афсуски Осиёнинг энг кучли терма жамоасига ва ЖЧ-1998 иштирокчисига қарши 90-дақиқа қаршилик қилишга кучимиз етмади. Форслар дарвозамизга жавобсиз 4 та тўп йўллашди. Уларнинг учтасини Эрон футболи афсонаси Али Даий 82, 84 ва 86 дақиқаларда киритди. Албатта, ЎФФ раҳбариятини бу натижа қониқтирмади ва Вега да Сильва жомадонини йиғиштириб, уйига равона бўлди.

2000 йил. ЮРИЙ САРКИСЯН
2000 йил давомида миллий терма жамоада кетма-кет учта (!) мураббий ишлади. Виктор Борисов ва Павел Садирин футбол билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра терма жамоада ишини давом эттира олмасликлари маълум бўлгач, бош жамоамиз тизгини яна Юрий Саркисянга топширилди. Юрий Вазгеновичга октябрь ойида Ливанда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида муносиб иштирок этиш (ҳа, 1994 йилги ғалабалар унутилган ва энди ғолиблик ҳақида ҳеч ким гапирмас эди!) вазифаси қўйилди.

Бу осон иш эмас эди. Осиё чемпионатида Япония, Саудия Арабистони ва Қатар билан бир гурухдан жой олдик. Дастлабки ўйинда Қатар билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнадик. Кейинги ўйинда Японияга хоккейда хам кам учраётган хисоб — 1:8, сўнгги ўйинда эса Саудия Арабистонига 0:5 ҳисобида ютқиздик. Афсуски бу Осиё чемпионатидаги иштирокимиз футболимиз тарихидаги энг ёмон натижа бўлиб қолди. Тажрибали Юрий Саркисян жамоасининг бундай натижа кўрсатиши кутилмаган ҳол бўлди ва у истеъфога чифқарилди. Бу натижалар футболимизни нокаут ҳолатига туширди. Юрий Вазгенович эса терма жамоага бошқа чақирилмади...

2001 йил. ВЛАДИМИР САЛЬКОВ
2001 йили терма жамоамизга Россиялик мутахассис Владимир Сальков бош мураббий қилиб тайинланди. Унинг олдига ЖЧ-2002га чиқиш вазифаси қўйилди. Шу йили терма жамоамиз жуда кўп ўртоқлик учрашувлари ўтказиб, турли мусобақаларда қатнашди. 2001 йил 30 июнь куни эса Малайзияда бўлиб ўтган Мердека кубоги финалида Ўзбекистон – Босния ва Герцговинани қўшимча вақтда 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, ушбу мусобақанинг бош мукофотини қўлга киритди. Дарвоқе, бу натижа миллий терма жамоамизнинг шу бугунги кунгача охирги ютуғи бўлиб қолмоқда.

Барча кўтаринки кайфиятда эди, мухлисларда эса "ниҳоят биз ҳам Жаҳон чемпионатига чиқа оламиз" деган фикр уйғонди. Ливандаги мағлубиятлар худди "қўрқинчли туш" каби унутилди. Владимир Сальков "бу йигитлар билан узоққа бориб бўлмайди" деб, бир қанча хорижликларни "миллийлаштирди". Болгариялик Дионисиев ва Георгиев, Россиялик Маминов, Поляков, Пашинин ва Агаларов Ўзбекистон терма жамоаси либосини кийишди.

Кутилганидек, футболчиларимиз дастлабки саралаш босқичида Иордания, Туркманистон ва Хитой Тайпейи тўсиғидан осонлик билан ўтдилар. Ҳал қилувчи босқичда бизга Хитой, БАА, Қатар ва Уммон рақиб бўлди. Гуруҳга қаранг! Агар мана шундай гуруҳдан чиқа олмасак, унда яна қанақа имконият керак бизга?!

Афсуски, натижалар биз кутгандек бўлмади. 6 та ўйинда 7 очко йиға олдик, холос. Ҳал қилувчи ўйинда Масқатда, гуруҳ аутсайдери Уммон билан куч синашдик. Бу ўйиндаги ғалаба бизни кейинги босқичга олиб чиқар эди. Олдинига хаммаси яхши бошланди. Футболчиларимиз биринчи бўлимдан сўнг 2:0 ҳисобида олдинда боришар, ўйин борасида ҳам устунлик биз томонда эди. Аммо иккинчи бўлим ... Олдинига Уммон икки дақиқа ичида икки гол киритиб (!) бизни енгил нокдаун ҳолатига туширди. Сўнгги дақиқаларда эса яна икки гол уриб, биратўла нокаутга тушириб қўя қолди. Сальков эса эртаси куни хайр-маъзурни насия қилиб, ўз юртига жўнаб қўя қолди.

Давоми бор...

Сардор ЮСУПОВ тайёрлади.
www.uzfootball.uz

Манба: stadion.uz
Киритилди: 08:20, 06.06.2012.
Ўқилди: 9587 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.