Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

"Бордо" нима учун бирданига 3-двизионга ўтказилди?

Баҳо:
+ | -

Франциянинг таниқли клубларидан бири бўлган «Бордо» ҳисобот мавсумини сўнгги - 20-ўринда якунлаб, Лига 1дан қуйи дивизионга тушиб кетадиган бўлди.

Лекин азоб-уқубатлар шу билан ниҳоясига етгани йўқ. Мамлакат футбол клубларининг мониторинги ва молиявий фаолияти назоратига масъул бўлган DNCG махсус комиссияси вакиллари клуб президенти Жерар Лопес билан бўлган мулоқотдан кейин «Бордо»ни бир йўла 3-дивизионга ўтказишга қарор қилишди.

Мавжуд молиявий ҳолатни таҳлил қилган назоратчи маҳкама маълумотига кўра, «Бордо» бюджетидаги танқислик 40 млн. еврога яқин. Клуб ҳозирги вазият борасида баёнот берди: «Бу ўта шафқатсиз қарор клубнинг мавжуд молиявий ҳолатни изга тушириш ва «Бордо» тарихида янги саҳифаларни очишга қаратилган стратегик режаларини амалга ошириш имкониятидан маҳрум қилади. Клубимиз 10 млн. евро миқдорида маблағ ва умумий қиймати комиссия томонидан белгиланган маблағдан кўпроқ бўлган бир нечта футболчиларни сотишга кафолат берди».

Режа қисқа ва аниқ: бюджетдаги камомадни клуб қўшимча сармоя ва футболчиларни сотиб юбориш эвазига тўлдириш ниятида. Бироқ DNCG бу кафолатни ишончли, деб қабул қиладими, йўқми, номаълум. Клубни 3-лигага ўтказиш хусусидаги қарор бекор қилиниши учун «Бордо» ихтиёрида бир ҳафталик мухлат бор. Лекин Франциянинг 6 карра чемпиони бўлмиш клубнинг ҳозирги ҳолати ўта мураккаб.

«Бордо»нинг муаммолари хроникаси: ҳазил туфайли ҳомийдан жудо бўлиш, мураббийни истеъфога чиқариш учун маблағ етишмаслиги ва сардорларга оид қийинчиликлар

Қишда Sports.ru сайтида «Бордо»даги муаммоларга оид маълумот эълон қилинган, унда барча жиҳатлар талаб даражасидан йироқ эди: натижалар, ўйин савияси, спорт менежменти, молиявий ҳолат, медиа фаолияти.

Қисқача эслатиб ўтамиз.

*** «Бордо» ўзининг асосий ҳомийларидан бири бўлган Winamax букмекерлик идораси билан шартномани бекор қилди. Мазкур муассаса клубга ҳар йили 1,5 млн. евро сармоя ажратарди. Лекин компания «Твиттер» ижтимоий тармоғи орқали тез-тез клубга оид ҳазилларни, асосан, ўйин сифатини танқид қилувчи фикрларни баён қиларди. «Бордо» бош менежери Тома Жакмье тайёр сармояни файласуфларга хос муносабат билан йўққа чиқарди: «Мағлубиятлардан кейин клуб фанатлари устимиздан кулишга ҳақлилар. Ҳомийларимиз эса - йўқ».

*** Январь ойининг илк кунларида клуб вакилларининг коронавирусга топширган тестларидан 21таси мусбат натижа берди. Франция кубогида «Бордо» «Брест»га 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Ўша таркиб ўйинчиларининг атиги 5 нафари Лига 1да ҳеч бўлмаганда, бир дақиқа бўлса ҳам тўп суришганди. Жамоа чемпионат ўйинлари вақтининг кечиктирилишидан умидвор бўлганди, аммо «Марсел»га қарши беллашув арафасида барча бемор ўйинчилар бирданига соғайиб қолишди ва ҳеч қандай тайёргарликсиз майдонга тушдилар. Хуллас, мавсумнинг иккинчи ярмида «Бордо» ўйин муддатининг кўчирилишига ҳам, дурустроқ тайёргарлик кўришга ҳам эришолмади.

*** Молиявий муаммолар туфайли клуб анча вақтгача швейцариялик бош мураббий Владимир Петковични истеъфога чиқара олмади. У фақат февраль ойида, охирги 6 учрашувнинг 5тасида мағлубиятга учраганидан кейин жамоани тарк этди. Чунки Петкович 10 млн. евро миқдорида товон пули талаб қилганди. «Реймс»дан ўтган Давид Гийон вазиятни яхшилай олмади.

***  Менежмент амалдаги жамоа сардори Лоран Косьелни, Отавио, Поль Бесс, Сэмюэль Калу, Меҳди Зеркан ва Жош Маджаларни захирага ўтқазди. Асосий сабаб - клубда уларга эҳтиёж қолмаганлиги. «Сургун» мақсаднинг нечоғли муҳимлигидан далолат бериб турарди: буёғига янги жамоани излаш лозим. Тез орада Косьелни амалдаги шартномасини бекор қилиб, фаолиятини якунлади. Ваҳоланки, ўшанда у рисоладагидек савия соҳиби эди.

*** Янги сардор масъулиятини дарвозабон Бенуа Костиль ўз зиммасига олди. Бироқ март ойида мухлислар уни клуб хизматчиларидан бирига нисбатан ирқчиликда айбладилар. Бенуа айбловни инкор этди, мавсум якунида эса жамоани  тарк этишини билдирди.

*** Март ойи охирида «Бордо»нинг номи зикр этилмаган ўйинчиси жамоадошларининг оёқ кийимларини ўғирлаб, уларни интернет орқали пуллаётгани ошкор бўлди. Бу ҳақда футболчининг собиқ қаллиғи хабар берганди. Жамоа аъзолари ўғри билан ҳамкорлик қила олмасликларини маълум қилишгач, раҳбарият уни битта ўйиндан четлатиш ва жарима билан жазолади. Футболчилар жазони ўта енгил, деб ҳисобладилар.

Хурсандчилик: 2009 йилда «Бордо» чемпионлик унвонини қўлга киритди, бир йилдан кейин ЕЧЛда чорак финалгача муваффақиятли қатнашди 

Дарҳақиқат, охирги мавсумларда жамоа турнир жадвали экваторидан юқорига кўтарила олмади. Лекин 2008|2009 йиллар мавсумида 10 йиллик танаффусдан сўнг яна шоҳсупани забт этди. Ўша чемпионликнинг бошқа бир муҳим жиҳати шуки, жамоа «Лион»нинг 7 йиллик ҳукмронлигига чек қўйганди. Ўшанда унинг сафида Йоанн Гуркюфф, Фернандо Кавенаги ва Маруан Шамах каби афсоналар ёрқин ўйин намойиш этгандилар.

Кейинги мавсумда муваффақиятни такрорлашнинг иложи бўлмади - «Бордо» 6-ўрин билан кифояланишга мажбур бўлди. Аммо халқаро аренада ажойиб ўйин кўрсатди: ЕЧЛ гуруҳ босқичида «Бавария», «Ювентус» ва Хайфанинг «Маккаби» клубларидан устун келди. Нимчорак финалда «Олимпиакос» қаршилигини синдирган жамоа чорак финалда Лига 1даги азалий рақиби - «Лион» тўсиғидан ўтолмади - 2 учрашувда 2:3 ҳисобида имконият бой берилди.

Кейинги 12 йил давомида «Бордо» афсуски, аввалги мавқеига яқинлаша олмади.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 12:41, 06.07.2022.
Ўқилди: 2030 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.