"Локомотив" жамоасининг Дукентда олиб бораётган ўқув-машғулотлар йиғини қандай ўтмоқда? Футболчилар машғулотларда астойдил ишлашяптими? Шу ва бошқа саволларга жавоб топиш мақсадида биз жамоа катта мураббийи Ҳаким Фузайловга мурожаат қилдик.
- Ҳаким Қаюмович, "Локомотив" жамоасининг Дукентда ташкил этилган йиғинидан кўнглингиз тўляптими?
- Албатта. Чунки машғулотларда барча бирдек тўлиқ куч билан иштирок этмоқда. Жамоамиздаги муҳит ҳам ажойиб. Қолаверса, бу ерда яратилган шароитлар ҳам кишини хурсанд қилади. Ташкилий жиҳатдан ҳеч қандай камчиликлар йўқ. Бундай шароитда биз фақат астойдил ишлашимиз керак ва йигитлар буни тушунган ҳолда машғулотларда ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда.
- Машғулотлар қандай кечмоқда?
- Яхши. Ўқув-машғулотлар йиғинининг дастлабки ҳафтасида биз асосий эътиборни йигитларнинг жисмоний ва функционал ҳолатини яхшилашга қаратдик. Кунига икки, баъзан уч маҳалдан машғулотлар олиб борилди. Эртадан (суҳбат 9 июнь куни уюштирилган) кунига бир маҳал машғулот ўтказамиз ва унда кўпроқ тўп билан ишланади. Стандарт вазиятлардан фойдаланиш, турли тактик услублар устида ишлаймиз.
- "Оҳангарон"га қарши кечган назорат учрашувида ҳужумчиларимиз ниҳоят ўз тўпурарлик қобилиятини намойиш этишди. Ҳозирда жамоа ҳужумчиларининг тайёргарлигини яхши, дейиш мумкинми?
- Ҳужумчилар ўзларини кўрсатиш учун машғулотларда астойдил ҳаракат қилишмоқда. Ҳозирча уларга нисбатан жиддий эътирозларим йўқ. Тўғри, улар "Оҳангарон" жамоасига қарши кечган ўйинда ўз сўзларини айтишга муваффақ бўлди. Бироқ, битта ўйин орқали уларга баҳо беришга эрта. Ҳаммасини мавсум кўрсатади.
- Жамоада кўрикдан ўтаётган янги футболчилар – Акмал Холматов ва Аюбхон Гаппаров ҳақидаги фикрларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз.
- Холматовни мухлисларга таништириб ўтиришга зарурат бўлмаса керак. У узоқ йиллар Ўзбекистон чемпионатида муваффақиятли тўп сурган. Ҳозир ёши бироз улғайган бўлса-да, ҳамон маҳоратини йўқотмаган. Гаппаров эса 8 июндагина сафимизга қўшилди. Аюбхон ёш, иқтидорли футболчи. Фақат, буни амалда исботлаши керак.