Мамлакат миллий чемпионатининг иккинчи давра баҳсларига тайёргарлик кўраётган Бекободнинг “Металлург” жамоаси кеча навбатдаги назорат учрашувини сафарда Тожикистоннинг “Хўжанд” жамоасига қарши ўтказиб, яна йирик ҳисобда зафар қучди. Голларга бой ўтган бу баҳсда "Маъданчилар" майдон эгаларини 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди.
Дастлаб, мезбонларнинг легионер ҳужумчиси Илья Кожухарь томонидан ҳисоб очилганди. Шундан кейин ташаббусни тўлиқ ўз қўлига олган “Металлург” майдон эгалари дарвозаси ёнида кетма кет хавфли вазиятларни яратди ва улардан бештасидан унумли фойдаланди. Жамоанинг ҳужум чизиғида кўрикдан ўтаётган Бобур Фарҳодов иккита гол уриб, дублни расмийлаштирди. Шунингдек, Беҳруз Шодмонов, Бектемир Абдуманнонов ва Анвар Ғофуров ҳам ўз ҳисобларига биттадан гол ёздириб қўйишди.
Шу тариқа, “Металлург” Тожикистоннинг “Хўжанд” жамиоасига қарши бу йил ҳисобидан ўтказилган иккинчи ўртоқлик ўйинида ҳам йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Ёдингизда бўлса, дастлабки ўйин бундан икки ой муқаддам Бекободда – “Металлург” ҳужумчиси Зоҳид Абдуллаевнинг катта футбол билан хайрлашув учрашувида кузатилганди. Ўшанда бекободликлар 3:0 ҳисобида зафар қучишганди. Бу сафар Хўжандда кечган жавоб учрашувида ҳам омад Тошкент вилояти вакиллари томонида бўлди.
Назорат учрашуви
23 июль, шанба
“Хўжанд” (Тожикистон) – “Металлург” (Ўзбекистон) – 1:5
Голлар: Илья Кожухарь – Бобур Фарҳодов (2 та), Беҳруз Шодмонов, Бектемир Абдуманнонов, Анвар Ғофуров.