Ўзбекистон чемпионатининг 10-туридан ўрин олган “Бунёдкор” ва “Насаф” жамоалари ўртасидаги учрашув ниҳоясига етгач, тошкентликлар устози Миржалол Қосимов ўйин борасида фикрларини билдириб ўтди.
— Ўйин ҳақида нима дейиш мумкин? Ўйин дурангга тортадиган ўйин бўлди. “Насаф” ҳимоядан қарши ҳужумга ўтишни мақсад қилгани кўриниб турганди. Биринчи бўлимда жамоаннг жисмоний ҳолати яхши бўлган пайтда улар олдинга ўтиб туришди, бироқ иккини бўлимда улар умуман олдинга ҳам чиққани йўқ. Албатта бундай яхши жамоа ҳимоя ётиб олган пайтда гол киритиш қийин. Шунга қарамай шогирдларим ҳаракат қилишди. Лекин бир нарсани тан олиш керак ҳақиқий, юз фоиз голга тортадиган вазият бутун ўйин давомида бўлмади. Бугун асосий таъқибчиларимиздан бирини ютишимиз керак эди. Бироқ боя айтганимдек, ўйин темпи ҳам дурангга тортадиган бўлди. Бизга озгина шитиёқ етишгани йўқ.
— Умуман бу йилги мавсумда чемпионлик учун қайси жамоалар курашади, деб ўйлайсиз? Асосан “Насаф” ва “Бунёдкор” ўртасида кечадими, сизнингча?
— Бу фикрингизга қўшиламан. Бу йил чемпионлик учун мана шу икки жамоа — “Бунёдкор” ва “Насаф” кураш олиб боради.
— Бугунги урашувда “Насаф” таркибида қайси футболчи фаол ҳаракат қилди, деб ўйлайсиз?
— Бутун жамоа яхши ўйнади. Бирор футболчини ажратиб кўрсатиш нотўғри бўлади, менимча. Лекин жамоанинг барча ўйинларида яхши ўйин кўрсатадиган Иван Бошкович, Артур Геворкян ва Фозил Мусаевлар бугун ҳам ёмон ҳаракат қилмади.
— “Бунёдкор” Осиё Чемпионлар Лигасида яхши ҳаракат қиляпти. Лекин миллий чемпионатда ўйинлар унчалик мазмунли эмасдек...
— Биринчидан миллий чемпионатда рақиблар бизга қарши ўйинларда ҳимояга ётиб олмоқда. Масалан бугунги ўйин. “Насаф” ҳам ҳимояга ҳаракат қилди. Биз ҳам хато қилмаслик учун биринчи навбатда эҳтиёткорликни биринчи планга чиқардик. Чемпионлар Лигаси эса бутунлай бошқа мусобақа. Бу ерда жамоамиз асосан ҳимоявий ўйин услубида ҳаракат қилмоқда. Бу эса бизга қўл келяпти.
— Умуман ОЧЛ олдидан таркибни кучайтириш борасида ишлар олиб бориляптими?
— Селекция олиб бориляпти. Мавсум ҳали жуда узоқ давом этади. Орада миллий чемпионат ва кубок ўинлари бор. Терма жамоанинг ўйинлари бор. Шунга қараб селекция олиб бормоқдамиз. Биз учун энг муҳими селекцияда адашмаслигимиз керак. Чунки бундай хатолар бизга қимматга тушиши мумкин. Масалан Кенжисариев. Унга биз жуда кўп имконият бердик. Бироқ у жамоага киришиб кета олмади.